Инсон учун ҳаётда тўғри йўлни танлашдан кўраям муҳимроқ иш йўқ. Эгри йўл ҳамиша бошга кулфат келтиради. Афсусу надомат чектиради. Лекин кеч. Жиноят жазосиз қолмайди. Буни қуйидаги шахсларнинг аянчли қисмати яна бир бор тасдиқлайди.

Қирғизистонлик Ғолиб ўзбекистонлик содда одамлар билан ҳамкорлик қилиб, уларни "чув" туширди. Негаки, ваъдалари пуч чиқди. Қонуний йўллар қолиб, эгри йўлдан юрган кимсалар Бишкекда қўлга олиндилар. Охир-оқибат улар Ўзбекистонга қайтгач, жавоб беришга мажбур бўлишди.

У жиноят учун далилга ўтди

"Кўр кўрни қоронғида топибди" деган нақл бежиз тўқилмаган. Биз ёзаётган кўзи очиқларнинг тубанликка бориб, биргаликда қилган жиноий хатти-ҳаракатлари беихтиёр шу ҳикматни эслатади. Бўлмаса қирғизистонлик Ширин қассоб билан ўзбекистонлик Қаюм Юнусов нега танишиб қолишди.  Чунки, иккисининг дарди бир эди. Бири оғу тарқатиш билан шуғулланса, иккинчиси олиб-сотарликка ружў қўйган нафс бандаларидир. Лекин улар узоққа боролмадилар. Сабаби, бизнинг юртдош ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларининг сезгирлиги, қилни қирқ ёриб иш кўришлари туфайли ғаразли мақсадларини амалга оширолмади. Аслида воқеа қуйидагича рўй берганди.

Мустақил мамлакатимиз фуқароларининг барча орзу-умидлари ушалиши учун зарур шароитлар яратиб қўйилган. Айниқса, меҳнат қилиш ҳуқуқлари қонуний кафолатланган. Аввало, ўз юртимизда, қолаверса хорижга чиқиб. Лекин бу ким нимани истаса, ўшани қилаверади, дегани эмас. Мавжуд тартиб-қоидаларга бўйсунган ҳолда қонун талабларидан четлаб ўтмасдан эзгу ниятларини амалга ошириш мумкин. Афсуски, баъзилар осоннинг устидан, қийиннинг остидан йўл излашга мо­йил бўлишади. Озгина сабр-тоқат қилиш ўрнига ноқонуний йўл билан бўлса ҳам тезроқ мақсадларига эришишни кўзлашади. Охир-оқибат хуфиёна хатти-ҳаракатлари ошкор бўлиб қолгач, пушаймон қилишади-ю, унда кеч бўлади. Чунки, қонун талаби қатъий, у барчага бирдай тааллуқли, бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ошхонага кириб келган Обитнинг кўзи икки бегона кишига тушди. Улар бу ерда бемақсад юрмаслигини тезда фахмлади-да, ёнларига бориб ўтирди. Бир пастда суҳбатлари қизиб кетди.