Келинг, яхшиси бир бошдан ҳикоя қилайлик, Наманган шаҳрида яшовчи Аҳмад Раҳматуллаев ғаразли ниятда қирғизистонлик Ғолиб исмли шахс билан жиноий тил бириктиради. Бир гуруҳ бўлишиб, Анвар Акромов, Ислом Алихонов, Носир Турғунов, Абдулаҳад Раҳматуллаевлар билан биргаликда Янгиқўрғон туман Нанай қишлоқ фуқаролар йиғинининг Қизилёзи маҳалласи ҳудудидаги давлат чегарасининг қўриқланмайдиган жойидан дала айланма йўллари орқали Қирғизистон Республикаси Олабуқа туманига ўтиб кетишган. Уларга Ғолиб ёрдамлашган. Аҳмад Раҳматуллаев бундай хатти-ҳаракатни аввал ҳам содир этганлиги айбини оғирлаштирди. Қолаверса, вояга етмаган ўғли Абдулаҳадгача бундай қонунбузарликка жалб этгани ғоят ачинарли.

Бизга маълумки, қўшни мамлакатларга ўтиш ва у ердан бу томонга кириб келишнинг қатъий тартиблари мавжуд. Чегаралар ҳамиша дахлсиз ҳисобланади. Худди шундай қонуний кириш-чиқишлар Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари билан йўлга қў­йилган. Ҳар икки Республика ҳукуматлари ўртасида 2006 йил 3 октябрда имзоланиб, 2007 йил 12 февралдан кучга кирган. "Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида"ги Битимда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўзларига тегишли фуқаролик паспорти билан визасиз 60 суткагача, 60 суткадан ортиқ муддатга тегишли тартибда расмийлаштирилган виза асосида Қирғизистон Республикаси ҳудудига давлат чегарасини кесиб ўтиш учун мўлжалланган ўтказиш пунктлари орқали, чиқишлари ва транзит ўтишлари тартиби белгиланган. "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуннинг 15-моддасига кўра, давлат чегарасидан ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан кесиб ўтган шахслар давлат чегарасини бузувчилар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўр­ғон туман суди қонунбузар Аҳмад Раҳматуллаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан 5(беш) йилу 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Вояга етмаган судланувчи Абдул­аҳад Раҳматуллаевга эса энг кам иш ҳақининг 10 (ўн) баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Эгри йўлдан мақсад манзилларига етаман, деганлар ҳамиша янглишишган. Қинғир ишнинг қийиғи чиқиши ҳаётий ҳақиқат эканлигини ҳеч ким унутмаслиги керак. Шунинг учун Ғолибга эргашганлар, ғолиб бўлишолмади, аксинча бошлари эгилди.

ҲАҚ НАЗАР.