Инсоннинг инсонлиги унинг ўз нафсини жиловлаб олишида. Ақл ато этилгани шунинг учундир. Афсуски, баъзи кимсалар текин бойлик орттиришга муккасидан кетишади. Ҳатто ҳаёт қонун-қоидаларини менсишмайди. Фирибгарлик ва кўзбўямачилик кўчасига киришади. Лекин қонун эртами-кечми ҳамиша бундайларнинг танобини тортиб қўяди. Ана ўшанда уларнинг пушаймонини кўрсангиз эди...

Янгиқўрғонлик Камолиддин Райимбеков эндигина йигирма тўрт ёшга тўлди. Наманган муҳандислик-педагогика институтининг 4-босқич талабаси. Эзгу мақсадлар билан олийгоҳда сабоқ олаётганига қарамай, нафс қутқусига учиб, ҳаётда қалтис қадам қўйиб қўйди. Ахир шусиз ҳам туппа-тузук яшаб, ўқиб юрган эди-ю, "ака"сининг йўлига кириб, чакки иш қилди-да.

Халқимизда аввалдан хом хаёлга берилиб, мўмай пул топиш илинжида ўзини ўтдан-чўққа урганлар охир-оқибат ниятлари пучга чиққач, уларга нисбатан "Чучварани хом санаганлар" ибораси қўлланилади. Минг афсуски, бундай хатти-ҳаракатлар турли соҳаларда учраб туради. Гоҳо пинҳон, гоҳо ошкора. Энг ёмони пинҳонаси. Чунки қонунга хилофлигини биладилару, нафс қутқусига берилиб, ўзларини тиёлмайдилар айрим ёшлар. Кейин эса, бошлари эгилади, шаънилари булғанади. Оиласини қаттиқ ташвишга солади. Ўзи эса маҳкумга айланади. Ахир қонунбузарнинг жазога тортилиши эртами, кечми, барибир муқаррар. Қуйидаги ҳодиса ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.

Халқимизда "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади" деган нақл бор. Бу ҳаётий ҳақиқатни унутганлар қаттиқ адашадилар. Учқўрғон туманининг Қўғай қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Носирбек Имомалиевнинг ножўя хатти-ҳаракати фош этилишига қирқ дақиқаям кетмади. Ўша лаҳзадаёқ эгри йўлдан юрганлигининг жабрини тортишига тўғри келди.

Бахтиёр Боймирзаев 2 фарзанднинг отаси. Савдо-сотиқ билан шуғулланади. Бу яхши, албатта. Лекин оиласининг моддий таъминоти учун елиб-югуриб юрган йигитнинг бир қилиғи ўзига қимматга тушди. Чегара ҳудудлардан ўтиш қонун-қоидаларини менсимаслиги, била туриб мавжуд тартибларга амал қилмаслиги туфайли фойда кўраман деб, зарар кўрди. Бошқариб юрган машинасидан ҳам айрилди. Кўзи очилди-ю, фақат энди кеч...