Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 20 январдаги 34-сонли буйруғига

ИЛОВА

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ташкилот, корхоналардаги ходим ва талабаларнинг тиббий деонтологияси ва маданияти тўғрисидаги

НИЗОМ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Мазкур Низомнинг мақсади, вазирлик тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналар (бундан кейин - муассаса) учун намунали ки­йиниш меъёрларини белгилаш, шунинг­дек, деонтологик нуқтаи назардан соғлом маънавий, ижтимоий-психологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, касбга нисбатан ўзаро ҳурмат муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.

1.2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августдаги "Таълим тўғрисидаги Қонуни", "Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури" ҳамда "Тиббиёт таълими муассасаларида амалдаги "Одоб-ахлоқ қоидалари"га мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.3. Ушбу Низомнинг талаблари барча тиббиёт ходимлари, профессор-ўқитувчи, ходим (кабинет мудирлари, лаборантлар, котибалар, бўлим ходимлари) ҳамда талабалар учун мажбурий ҳисобланади.

1.4. Низомда кўрсатилган "қоидалар" ташкилот ички меъёрий ҳужжатларига киритилиши шарт.

II. Муассаса ходимлари ва талабаларнинг муомаласи ва кийинишига қўйиладиган талаблар

2.1. Дунё миқёсида қабул қилинган хизмат протоколи қоидаларига мувофиқ жиддий, ишчан ва дидли, зиёли шахс қиёфасини шакллантириш мақсадида корпоратив кийиниш услуби талабларига амал қилинади.

2.2. Муассасада раҳбар ходимлар, педагог, шифокор (ёки бўлажак педагог, шифокор) касбига мос ҳолда кийинишлари талаб этилади. Тиббиёт ходими ўзини тутиш санъати, мулоқот маданияти ва касбдошлар ўртасида ҳамда беморлар билан мулоқотда ҳурмат, меҳр-мурувват кўрсатиши шарт. Бунда ўқитувчи ва мураббийлар талабаларга намуна кўрсатишлари лозим.

Жамоа аъзоларининг тиббиёт таълими, даволаш-профилактика муассасаларида одамлар диққатини тортадиган, яъни ҳаддан ташқари тор ёки очиқ ки­йимда, шунингдек, миллий-анъанавий шаклларга зид кийимларда, ғайриоддий соч турмаклари, ортиқча бўянган, "оммавий маданият" белгиларини ўзида намоён эта олган спорт кийими ва пойабзалида келиши тақиқланади.

2.3. Тиббиёт таълим ва даволаш-профилактика муассасаларига ораста бўлиб, унга монанд кийимда келиш талаб этилади. Танага бодиард услубида турли суратлар чиздириш, татуаж ва пирсинглар тушириш одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳисобланади. Муассаса, ташкилот ва институтларга бу ҳолда келиш ман этилади.

III. Муассаса ходимлари ва талабаларнинг муомаласи,

кийиниш қоидалари

3.1. Тиббиёт муассасасида фаолият кўрсатаётган ва таълим олаётган аёл тиббиёт ходими ва талабаларига қўйилган талаб:

3.1.1. Ходимлар касбдошлари ўртасида, шунингдек, беморлар билан мулоқот жараёнида уларга ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари керак.

3.1.2. Устки кийимнинг турлари - бичими ортиқча безаклардан холи, классик шаклдаги костюм, юбка, блузка ва кўйлакдан иборат бўлиши муҳим.

3.1.3. Костюм, юбка ва кўйлаклар қора, кулранг, кўк ранглардаги сидирға ёки чизиқли классик матолардан, блузка эса оқ рангда бўлиши лозим. Юбканинг узунлиги тиззадан юқори бўлмаслиги керак.

3.1.4. Аксессуарлар (сумка, кўзойнак ва безаклар) ҳам корпоратив услубга мос ҳолда танланиши, ортиқча безаклардан холи бўлиши, заргарлик тақинчоқлари (зирак, узук ва бошқалар) кўзга яққол ташланмайдиган тарзда тақилиши лозим.

3.1.5. Сочлар ораста йиғилган, ўрилган ёки турмакланган, ортиқча аксессуарлардан холи бўлиши керак.

3.1.6. Оқ халат ва шунга монанд бош кийим тоза, текис, тиззадан пастда туриши, енги узун (фаслга қараб), классик услубда, чет эл ва турли хил фирма ёрлиқларидан холи бўлиши лозим.

3.2. Тиббиёт муассасасида фаолият кўрсатаётган ва таълим олаётган эркак тиббиёт ходими ва талабаларига қўйилган талаб:

3.2.1. Ходимлар касбдошлари ўртасида, шунингдек, беморлар билан мулоқот жараёнида уларга ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари керак.

3.2.2. Устки кийимнинг турлари - бичими классик шаклдаги костюм, шим, кўйлак ҳамда галстукдан иборат бўлиши керак.

3.2.3. Костюм ва шимлар қора, кулранг, кўк ранглардаги сидирға ёки чизиқли матолардан, кўйлаклар эса очиқ рангларда (оқ, кулранг, кўк) бўлиши лозим.

3.2.4. Галстукнинг кенглиги ўртача, узунлиги камаргача бўлиб, ранги костюм ва кўйлакка мос танланиши керак.

3.2.5. Талаба йигитлар талабага мос ручка, қалам, китоб, дафтарлар солиб юриш мумкин бўлган, ранги устки ки­йимга ярашимли қора, кулранг, жигаррангдаги сумка-портфеллар тутишлари лозим.

3.2.6. Оқ халат ва шунга монанд бош кийим тоза, текис, тиззадан пастда туриши, енги узун (фаслга қараб), классик услубда, чет эл ва турли хил фирма ёрлиқларидан холи бўлиши лозим.

IV. Муассаса ходимлари ва талабаларнинг кийинишида ман қилинадиган ҳолатлар

4.1. Аёл ходима ва талаба қизлар учун:

4.1.1. Узунлиги тиззадан калта бўлган, шаффоф ва ялтироқ матолардан тикилган, бичими тор, кўкрак, қорин, елка қисми очиқ блузка ва кўйлаклар кийиш;

4.1.2. Безак сифатида маънавий-ахлоқий тарбияга мос келмайдиган ёзувлар, турли реклама маълумотлари, давлат рамзлари, зўравонлик, фаҳш элементларини тарғиб қилувчи расмлар ва ёзувлар акс этган, русум сифатида "йиртилган", "титилган" ва жинси матосидан тикилган кийимларда юриш;

4.1.3. Муассаса ҳудудида спорт ки­йимлари, калта шим ва кроссовкаларда юриш (жисмоний тарбия дарслари ва дарсдан сўнг талабалар тураржойи биноси, спорт майдончалари ва ҳашарлардан ташқари);

4.1.4. Щижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юриш;

4.1.5. Ўқув анжомларини рўзғор, бозор-ўчар учун мўлжалланган пакет-халталарда олиб юриш;

4.1.6. Қулоқ ва бармоқлардан ташқари тананинг турли қисмларига зирак ёки металл буюмлар тақиб юриш;

4.1.7. Оқ халат ва кийимларда турли хил чет эл ва бошқа фирма ёрлиқлари бўлиши тақиқланади.

4.2. Эркак ходим ва талаба йигитлар учун:

4.2.1. Бичими тор, ялтироқ, баданга ёпишиб турадиган ҳамда маънавий-ахлоқий тарбияга мос келмайдиган ёзувлар, турли реклама маълумотлари, давлат рамзлари, зўравонлик, фаҳш элементларини тарғиб қилувчи расмлар ва ёзувлар акс этган, русум сифатида "йиртилган", "титилган" ва жинси матосидан тикилган кийимларда юриш;

4.2.2. Муассаса ҳудудида спорт ки­йимлари, калта шим ва кроссовкаларда юриш (жисмоний тарбия дарслари ва дарсдан сўнг ТТЖ биноси, спорт мажмуаси ва ҳашарлардан ташқари);

4.2.3. Ўқув анжомларни рўзғор, бозор-ўчар учун мўлжалланган пакет-халталарда олиб юриш;

4.2.4. Соч-соқолларни ўстириб юриш;

4.2.5. Бўйин тақинчоқлари ёки турли металл буюмларини тақиш ёки осиб юриш;

4.2.6. Оқ халат ва кийимларда турли хил чет эл ва бошқа фирма ёрлиқлари бўлиши тақиқланади.

"ЙИЛНИНГ ЭНГ ФАОЛ МАЪНАВИЯТ ТАРҒИБОТЧИСИ" кўрик-танловининг Н И З О М И

1. Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-451-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳайъатининг 2015 йил 29 апрелдаги 4/14 -сонли қарори ижросини таъминлашга эришиш, мақсадида, шунингдек, бошқарма Маънавият ва маърифат Кенгашининг 2015 йилги Иш режасига асосан:

- маънавиятнинг маъно-моҳияти, миллий маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари хақида аниқ мақсадга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб бориш;

- соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар орқали фуқароларимиз руҳига сингдириш;

- бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини атрофлича шарҳлаш ва тушунтириш, юртимизга қарши ғоявий ва информацион хуружлар, улар ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини фош қилиш, одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш, олимлар, сиёсатчи ва мутахассислар, ижодкор зиёлилар иштирокида жойларда самарали тарғибот тизимини йўлга қўйиш ҳамда фаол маънавият тарғиботчиларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

2. Кўрик-танлов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси ва "Тиббиёт ва замон" журнали таҳририятлари ҳамкорлигида ташкил этилади.

3. Кўрик-танлов иштирокчилари фаолиятини баҳолашда номзоднинг:

- миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятига доир дастурлари, режалари, уларда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилганлигини тасдиқлайдиган жамоатчилик фикри, ҳужжатлар сифати;

- ўтказилаётган ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий тадбирлар жанрлари (анжуман, семинар, дебат, маъруза, учрашув, суҳбат, баҳс-мунозара ва ҳоказолар) ранг-баранглиги;

- ўтказилаётган тадбирлар мавзулари хилма-хиллиги, долзарблиги, маъруза матнлари таҳлили;

- ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий тарғибот юзасидан малака ошириш курсларида ўқиган-ўқимаганлиги;

- оммавий ахборот воситаларидаги фаоллик даражаси, чиқишларининг умумий савияси, долзарблиги, таъсирчанлиги;

- нутқий маҳорати, таъсирчанликка эришиш йўлидаги изланишлари, тажрибаси ва ўзига хослиги;

- ўз чиқишида тарғиботнинг қандай усул ва услубларидан, хусусан, қанақа замонавий таъсир воситаларидан фойдалана олиш маҳоратини белгилашдан келиб чиқилади.

4. Танловни ўтказиш тартиби қуйи­дагича:

Қатнашчилар ўз фаолиятларига оид йиғма жилд, видеотасвир ва фотоальбомларни шакллантирадилар. Муассаса раҳбарининг тавсияномаси билан тегишли ҳужжат ва материаллар 2015 йилнинг 30 ноябрига қадар бошқарма Маънавият ва маърифат Кенгашига топширилади.

Танловга тақдим этилган ишлар 2015 йил декабрь ойида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади.

Кўрик-танловга тақдим этилган ишлар тақриз қилинмайди ва қайтарилмайди.

5. "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танлови ғолиблари 2015 йил 25 декабрь куни эълон қилинади. Ғолиблар Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

ВССБ Маънавият ва маърифат Кенгаши.