Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил Оила йили, 2000 йил Соғлом авлод йили, 2001 йил Она ва бола йили, 2008 йил Ёшлар йили, 2012 йил Мустаҳкам оила йили, 2014 йил Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бунинг самарасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "Соғлом она - соғлом бола" концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Ўзбекистонда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги изчил ишлар  давом эттирилиб, янада кенгайтирилади.

2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан "Соғ­лом она ва бола йили" Давлат дастури тасдиқланди. Унда "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахт­ли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни жамиятимизда теран англаш ва қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини мус­таҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш Давлат дастурида белгиланган муҳим йўналишлардан биридир.

Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни лойиҳасини тайёрлаш ишлари бошланди. Жиноят кодексига фарзанди уч ёшга тўлмаган аёлларга (бола тарбияси учун таътилга чиқишидан қатъий назар) нисбатан жиноят қонунчилигини янада эркинлаштириш, уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритишга қаратилган тузатишлар киритиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват уйлари, бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида тарбияланаётган ногирон болаларга кундузи қараш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этиш кўзда тутилган қарорини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

2016 йилда чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, биринчи нав­батда, хотин-қизлар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

Ўзбекистоннинг олис қишлоқларида 194 маиший хизмат кўрсатиш намунавий комплексини ташкил этиш дастурини тасдиқлаш, уларнинг таркибига "Гўзаллик салонлари", модалар ательеси, маиший электр техникаси, пойабзал таъмирлаш хизматлари кўрсатиш шохобчаларини киритиш, ушбу мақсадлар учун банк кредитлари ҳамда ер участ­калари ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорини қабул қилиш мўлжалланмоқда. Олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ ҳудудларида яшаётган кам таъминланган оилалар бекаларига маиший электр техникаларини бепул тақдим этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига катталар ва болалар кийимлари берилади.

Давлат дастурида мамлакатимиз қишлоқ жойларида намунавий ло­йиҳалар асосида 13 мингта уй-жой барпо этиш, узунлиги 296,3 километрлик электр ва 307,5 километр газ таъминоти тармоқларини қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, қишлоқ жойларда 1,3 минг километрдан ортиқ, жумладан, замонавий қишлоқ массивларида 300,5 километрлик ичимлик суви тармоғини барпо этиш ҳисобидан аҳоли пунктларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ишлари давом эттирилади.

Жорий йилда тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пункт­ларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бу борада 280 ўринли, бир сменада 250 кишини қабул қилиш ва йилда 1500 операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу, ўз навбатида, оналар ва болаларга юқори технологияли малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш, чақалоқлик давридан 18 ёшга тўлгунига қадар болаларга кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология, нефрология, онкология ва бошқа ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, болалар ўлими ва ногиронлигини камайтириш имконини беради.

Қишлоқ жойларда замонавий тиббиёт ускуналаридан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий-санитария ёрдами, ногирон болаларга реабилитация хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш, болалар ногиронлиги кўрсаткичларини камайтириш мақсадида уч вилоятдаги (Самарқанд, Гулистон, Урганч шаҳарлари) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, 38 туман тиббиёт бирлашмасининг бўлимлари ва туғруқ мажмуаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 11 оилавий поликлиника ҳамда 244 қишлоқ врачлик пунктини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади. Бундан таш­қари, Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказининг 100 ўринга мўлжалланган даволаш-ташхис қўйиш корпусини қуриш ва жиҳозлаш, Хоразм вилоятидаги болалар силга қарши санаториясини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Хотин-қизларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш мақсадида комплекс тиббий хизмат кўрсатиш учун Тошкент шаҳрида 4-даражали Аёллар саломатлик марказини ташкил этиш лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу марказ энг илғор ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади, унинг қошида замонавий маслаҳат поликлиникаси ва операция блоки ташкил этилади.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда болалар ва ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари, жумладан, Республика перинатал маркази, вилоят перинатал марказлари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари, 13 вилоят болалар кўп тармоқли марказлари, шаҳар ва туман даволаш-профилактика муассасалари, шунингдек, уларнинг болалар ва ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари моддий-техник базаси яхшиланади. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилади. Ушбу жараёнда 2016-2018 йилларда марказнинг қўшимча 11 ҳудудий филиали, Алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилади.

Щомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ва неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта аниқлаш, ҳомиладор аёлларни бирламчи соғлиқни сақлаш тизими бўғинида оммавий перинатал ультратовушли скринингдан ўтказиш, 13 скрининг марказини кўп функцияли замонавий рақамли ультратовуш тизими билан жиҳозлаш Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалар сирасига киради. Буларнинг барчаси болаларнинг туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш, болалар ногиронлиги ва ўлимини камайтириш имконини беради.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида турмуш қураётган ёшларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимлари масъулиятини янада кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш, поликлиникаларни замонавий ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юксалтириш, аҳоли ўртасида мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини тушунтириш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёллар соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парваришлашни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калориясини бо­йитиш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилади.

Тўғри овқатланиш ва диетология соҳасида ягона илмий ҳамда амалий сиёсатни замонавий халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Республика диетология илмий-амалий марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектлари қуриш ва мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуна ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали мураббийлар билан таъминлаш "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалардир.

Бу борада умумтаълим мактаблари учун қўшимча 1,7 мингдан зиёд спорт зали, жумладан, 2016 йилда барча мактабларда спорт клублари, жамоалари ва спорт турлари бўйича мактаб лигаларини ташкил этиш ҳисобга олинган ҳолда, 217 зал барпо этиш, ҳар бир туманда зарур ускуналар билан жиҳозланган камида биттадан болалар-ўсмирлар спорт мактаби (225 та), хусусан, 2016 йилда 15 шундай мактаб қуриш режалаштирилмоқда. Шунингдек, вилоят марказларида спортнинг 4 йўналиши бўйича 56 ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, чунончи, жорий йилда 5 мактаб фаолияти йўлга қўйилади, сузиш ҳавзалари тармоғини яна шундай кенгайтириш ҳисобидан 11 сув ҳавзаси қурилади, уларнинг умумий сони 290 тага етказилади.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун музейлар, ботаника боғлари, ҳайвонот боғлари, маданият ва истироҳат боғларига экскурсия уюштириш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва иқтидорли болалар учун "Биз - мустақиллик фарзандларимиз" шиори остида тарихий шаҳарларимизга саёҳатлар ташкил қилиш ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, уларнинг жонажон ўлкамиз тарихи, маданияти ва меъморий ёдгорликлари бўйича билимини бойитишга ёрдам беради.

Бўлажак оналар - қизларни жисмонан соғлом ва интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялаш, уларнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлишини таъминлашга қаратилган, қизларда мустаҳкам ҳаётий позицияни шакллантириш ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ишлари изчил давом эттирилади. Бу уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши, соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишига хизмат қилади.

Щар бир коллежда меҳнат ҳуқуқи ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий жиҳатлари бўйича ўқув курслари, ўқувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида айрим коллежлар базасида "Бизнес-клублар" ташкил этилади. Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, оилавий бизнесни ривожлантириш учун "Менинг бизнес ғоям" ва "Ёш тадбиркор - мамлакат таянчи" мавзуларида ҳудудий ҳамда республика танловларини ўтказиш, ёш оилалар, тадбиркор аёлларга, жумладан, коллежни битираётган қизларга кредитлар ажратиш режалаштирилмоқда.

Жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялаш, ёшлар, айниқса, қизларнинг истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқариш учун шароит яратиш ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бухоро ва Урганч шаҳарларидаги Ёшлар марказларини, Тошкент вилоятидаги "Камолот" ёшлар оромгоҳи ва ёш оилалар учун дам олиш маскани, Тошкент шаҳридаги "Камолот" ёшлар боғини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида соғлом болани шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, бошланғич таълим сифатини тубдан ошириш ҳисобидан болаларни мактабга тайёрлаш даражасини юксалтириш, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш вазифаси белгиланган.

Бу борада 286 мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, ўйин майдонлари ташкил этиш, айниқса, вилоят марказлари ва шаҳарлардаги нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантиришга қаратилган шароитларни янада такомиллаштириш режалаштирилмоқда. 2016 йилда 28 янги умумтаълим мактаби қуриш, 234 мактабни реконструкция қилиш ва 105 тасини капитал таъмирлаш, уларни янги ўқув мебели, компьютер синфлари, ўқув-лаборатория ускуналари билан таъминлаш ишлари бошланади. 1,6 мингдан зиёд мактаб компьютерлар, жумладан, интерфаол электрон доскалар билан жиҳозланади. 13 академик лицей ва 107 касб-ҳунар коллежини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш, уларни зарур ишлаб чиқариш ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Давлат дастурида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, аввало, қизларни иш билан таъминлаш, ўз бизнесини йўлга қўйишга интилаётган ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш ишларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

2015-2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, ташкилот ва корхоналар, шунингдек, таълим муассасалари маъмуриятлари ва тегишли ҳудуддаги ҳокимликлар ўртасида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тўғрисида тўрт томонлама шартномалар тузишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Имконияти чекланган, кам таъминланган ва кўп болали оилалардан бўлган коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, Давлат дастурига дастурий чора-тадбирларни амалга оширишда жойлардаги ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, бу ишларга жамиятда ҳурмат ва обрў қозонган кекса авлод вакилларини кенг жалб этиш масаласи ҳам киритилган.

Мухтасар айтганда, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурини амалга ошириш учун 7 триллион 483,3 миллиард сўм ва 194,4 миллион доллар йўналтирилади. Бу борадаги ишлар ва янги ташаббусларни амалга оширишни изчил давом эттириш, шубҳасиз, мамлакатимизда шаклланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

ЎзА.