"ЙИЛНИНГ ЭНГ ФАОЛ МАЪНАВИЯТ ТАРҒИБОТЧИСИ" кўрик-танловининг Н И З О М И
1. Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-451-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳайъатининг 2015 йил 29 апрелдаги 4/14 -сонли қарори ижросини таъминлашга эришиш, мақсадида, шунингдек, бошқарма Маънавият ва маърифат Кенгашининг 2015 йилги Иш режасига асосан:
- маънавиятнинг маъно-моҳияти, миллий маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари хақида аниқ мақсадга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб бориш;
- соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар орқали фуқароларимиз руҳига сингдириш;
- бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини атрофлича шарҳлаш ва тушунтириш, юртимизга қарши ғоявий ва информацион хуружлар, улар ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини фош қилиш, одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш, олимлар, сиёсатчи ва мутахассислар, ижодкор зиёлилар иштирокида жойларда самарали тарғибот тизимини йўлга қўйиш ҳамда фаол маънавият тарғиботчиларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.
2. Кўрик-танлов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси ва "Тиббиёт ва замон" журнали таҳририятлари ҳамкорлигида ташкил этилади.
3. Кўрик-танлов иштирокчилари фаолиятини баҳолашда номзоднинг:
- миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятига доир дастурлари, режалари, уларда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилганлигини тасдиқлайдиган жамоатчилик фикри, ҳужжатлар сифати;
- ўтказилаётган ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий тадбирлар жанрлари (анжуман, семинар, дебат, маъруза, учрашув, суҳбат, баҳс-мунозара ва ҳоказолар) ранг-баранглиги;
- ўтказилаётган тадбирлар мавзулари хилма-хиллиги, долзарблиги, маъруза матнлари таҳлили;
- ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий тарғибот юзасидан малака ошириш курсларида ўқиган-ўқимаганлиги;
- оммавий ахборот воситаларидаги фаоллик даражаси, чиқишларининг умумий савияси, долзарблиги, таъсирчанлиги;
- нутқий маҳорати, таъсирчанликка эришиш йўлидаги изланишлари, тажрибаси ва ўзига хослиги;
- ўз чиқишида тарғиботнинг қандай усул ва услубларидан, хусусан, қанақа замонавий таъсир воситаларидан фойдалана олиш маҳоратини белгилашдан келиб чиқилади.
4. Танловни ўтказиш тартиби қуйидагича:
Қатнашчилар ўз фаолиятларига оид йиғма жилд, видеотасвир ва фотоальбомларни шакллантирадилар. Муассаса раҳбарининг тавсияномаси билан тегишли ҳужжат ва материаллар 2015 йилнинг 30 ноябрига қадар бошқарма Маънавият ва маърифат Кенгашига топширилади.
Танловга тақдим этилган ишлар 2015 йил декабрь ойида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади.
Кўрик-танловга тақдим этилган ишлар тақриз қилинмайди ва қайтарилмайди.
5. "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танлови ғолиблари 2015 йил 25 декабрь куни эълон қилинади. Ғолиблар Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
ВССБ Маънавият ва маърифат Кенгаши.