Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллигига

Суҳбатдошимиз Наманган давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Умиджон ҚЎЗИЕВ.

– Умиджон Яндашалиевич, мана, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам роса 35 йил бўлди. Ўтган давр ичида она тилимизни ривожлантириш, унинг нуфузини кўтариш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилди. Дастлаб шу ҳақда маълумотлар берсангиз?

– Албатта, ўзбек тилимизга муносабатнинг тубдан ўзгарганини алоҳида эътироф этиб ўтишимиз зарур. Ахир элимиз билан бирга тилимиз ҳам анча йиллар камситиб келинган бир шароитда нажотбахш қонуннинг қабул қилиниши тарихан жуда муҳим ҳодиса эди. Ўзбек тили мавқеини тиклашга мустақилликка эришиш арафасидаёқ дадил қадамлар қўйилиши халқимиз руҳини беҳад кўтариб юборганди. 1989 йилнинг 21 октябрида "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг қабул қилиниши аслида осон кечмаган. Мус­табид тузум таркибидаги Ўзбекистон халқининг рус тили мавқеи жуда баланд бўлиб турган чоғида бунга жазм этиш катта жасорат саналарди. Истиқлолга эришилгач эса ўз тилимизнинг ўз ҳаётимиздаги аҳамияти янада кучайиб кетди. Мамлакат мустақиллиги жамиятимизнинг барча қатламларида янгиланишлару ўзгаришларни тақозо этиб турарди. Шунинг учун давлатимиз томонидан тил сиёсатига истиқлол сиёсатининг узвий бир қисми сифатида қаралди. 1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги Қонуни янги таҳрирда тасдиқланди. Ўзаро изчиликка, боғлиқликка асосланган 24 моддадан иборат мазкур қонуний ҳужжат миллий она тилимиз – ўзбек адабий тилининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. 2023 йил 30 апрелда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган "Ўзбекистон Конституцияси"да тилимиз мақоми яна бир марта мустаҳкамлаб қўйилди. Конституциянинг 4-моддасида белгиланганидек:

"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ўзбекистон Республикаси ўз худудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади". Бундан ойдинлашадики, мамлакатимиздаги барча идораларда ўзбек тилида иш юритилади. Айни маҳалда юртимизда яшовчи бошқа миллат ва элатларнинг тиллари ҳам асло камситилмайди, аксинча ривожланиши учун зарур шароитлар ҳамда имкониятлар бар­қарору бардавомлиги таъминланади.

Яна ҳукуматимиз томонидан қонунлар ижроси бўйича изчил чора-тадбирлар қўлланиб келинаётганини зўр мамнуният билан таъкидлаб ўтишимиз жоиз. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 15 августда "Географик объект­ларга ном бериш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" қарор қабул қилди. Энди жойларни номлаш вақтида маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олишгача алоҳида белгилаб қўйилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг она тилимиз ривожи учун муттасил юксак эътибор кўрсатаётгани сиз билан бизни ҳам бу борада тобора фаол бўлишимизни тақозо этиб турибди. Шуни ҳар доим чуқур ҳис қилган ҳолда изчил иш олиб боришимиз керак.

– Тўғри айтасиз. Президентимиз: "Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир" деб бежиз таъкидламаган. Бугун юзимиз ёруғ. Истиқлол даврида тилимиз мавқеини йилма-йил баланд кўтаришга муттасил эришиб бормоқдамиз. 2019 йил 4 октябрда Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори, 21 октябрь санасининг "Ўзбек тили байрами" куни дея белгиланиши биз учун айни муддао бўлди. 2020 йилнинг 23 сентя­брида янги Ўзбекистон тарихида унутилмас саҳифалар очилди. Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассемблеясининг 75-сес­сияси минбарида Президентимиз тарихда илк бор ўз она тилимизда оламшумул нутқ сўзлади. Ҳайратона ҳодиса халқимиз қўнглида бениҳоя фахру ғурур уйғотди.

– Яшириб нима қиламиз, тилимизнинг тарихдаги аҳволига боқиб, у қадар қувонолмаймиз. Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсак, туркий ўзбек тилимизнинг бошидан кўп камситишлар ўтган. Яъни авваллари араб ва форс тиллари ёнида қадрсизлангани беинкор ҳаётий ҳақиқат. Минг шукурки, Навоий бобомиз бор эканлар...

– Ҳа, ул зотнинг саъй-ҳаракатлари билан кўҳна тилимиз "таҳқир ва ҳақорат ботқоғидан шеърият осмонига" кўтарилди. Ўзбекона "Хамса"дек беш достонли беқиёсу бетакрор асар олам аҳлининг буюк маънавий меросига айланди. "Лайли ва Мажнун" дос­тонида битилишича, туркий тилда қалам тебратувчиларни "форсийгўйларнинг таън қилур сарзанишидин қутқариш" мақсадини ўз олдига қўйган Навоий бобомиз заррача армонда қолмади:

Мен туркча бошлабон ривоят,

Қилдим бу фасонани ҳикоят.

Ким шуҳрати чун жаҳонға бўлғай,

Турк эли доғи баҳра топғай.

Афсуски, ўзбек тили гарчи шоир яшаган даврдан мавқеи тикланиб, бойиб, оғзаки ва бадиий адабиётда бир мунча юксалганига қарамай, XIX асрнинг иккинчи ярмидан, янаям аниқроғи, рус босқинидан кейин дастлаб турғунликни бошидан кечирди. Бора-бора, ХХ асрда русча ва байналмилал сўзларнинг ўз сўзларимизни аста-секин истеъмолдан сиқиб чиқариши жараёни кўзга ташланди. Зеро, ҳукмрон миллатнинг тайзиқи ҳам табиий, ҳам сунъий равишда она тилимизга салбий таъсирини ўтказди. Бу ҳол хаспўшланиб, тиллар бир-бирига яқинлашяпти, қўшилиб кетмоқда, рус тили миллатлараро мулоқот тилига айланиши керак деган сафсата яққол сиёсат даражасига кўтарилди. Элимизни тилимиздан бегонасиратиш тажовузи рўй берди. Давлат идораларида иш юритиш, русчани билишни юксак маданият белгиси деб баҳолаш оммани, ҳатто илмий даражалар олиш учун русча матн ёзиш ва русча ҳимоя қилиш мушкулоти олимларни ғоят қийнади. Аммо, халқимиз она тилисидан ҳеч қачон тонмади, уни асради.

Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таъкидича: "Тилни менсимаслик – миллатни менсимасликни кўрсатадиган ўта нохуш ҳолдир". Бу, бугун ўзини жуда "билағон", юксак "маданиятли" энг "замонавий" шахс сифатида санаб, мулоқот чоғида ўзбек тилининг ўз сўзларини унутиб, улар ўрнида кераксиз, ножоиз хорижий сўзларни кўр-кўрона ишлатадиганларни инсофга чақириш учун зукко олимимизнинг жон куйдириб айт­ган уқтиргиси эмасми. Ахир, она тилини ҳар бир ўзбек онасидек севмаслиги мумкинми?! Ким бизга энди зуғум ўтказяпти. Аксинча, тилимизнинг мақоми, обрў-нуфузи қонунан кафолатли-ку?!

– Суҳбатимиз сўнгида дунёдаги мавжуд тилларнинг ҳолати тўғрисида ҳам қисқача фикр юритсангиз?

– Ҳозир, яъни XXI асрда жаҳонда 6000 та тил мавжудлигини биламиз. Илгари 8000 талигини ҳисобга олсак, 2000 таси йўқолиб кетганлиги аниқлашади. Айни вақтда дунё халқлари фойдаланаётган тилларнинг 90 фоизи йўқолиш арафасида ёки истеъмолдан тушиб қолишдек ўкинчли аҳволда. Шу боис, ЮНЕСКО томонидан ҳар йили "24 февраль – Халқаро она тилини ҳимоя қилиш куни" сифатида нишонланади. 2019 йилда бу ташкилот дунёдаги тилларнинг ҳозирги ҳолати ва келажаги ҳақида ўз ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда ўзбек тилининг келажаги жуда хавотирли қилиб тасвирланган. Бу таснифни жуда тўғри деб ҳам бўлмайди, аммо асоссиз ҳам эмас. Таснифда тилларнинг рақамлаштирилганлиги, миллий корпусларнинг шаклланганлиги, ёзув тизимининг шаклланганлиги, луғатларнинг кенг қамровлилиги, бадиий асарларнинг жаҳонга машҳурлиги кабилар ҳисобга олинган. Тан олиш керакки, ўзбек тилига эътибор фақат севиш, фақат тадбир ўтказиш эмас, унинг бойликларини кенг тадқиқ этиш, интернет тармоқларидаги ўрнини мустаҳкамлашдан ҳам иборатдир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида айнан шу масалаларга алоҳида урғу берилган.

Тилнинг тириклиги – миллат барҳаётлиги, тилнинг яшовчанлиги – миллат барқарорлиги. Бу шунчаки гап эмас. Асли азалдан тўла исботини топган, ҳаётий ҳақиқатга айланган воқеликдир. Миллатини севган одам, албатта, тилини ҳам севади. Агар чуқурроқ ва теранроқ идрокланса, бу ўзини севиш билан баббаравардир.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.