- Курилди: 252
8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ
Ёруғ олам қайда эди қайда эдик асли биз,
Аллоҳ суйган улуғ зотлар ҳақ риштаси – наслимиз,
Қувонч берди, умид берди дийдоримиз, васлимиз,
Ғам-ғашимиз елкасида умри юкли карвон-а,
Минг ардоққа арзир она, яна ўзи парвона.
Беихтиёр "Нима учун шундай?" деган савол хаёлимиздан ўтганида, тилимиз лолу ақлимиз ҳайрон бўлаверади. Ахир улар чинакам жафокаш зотлардир. "Болам, болам ва тағин болам"лаб яшашдан ўзга дардлари йўқдай беминнату хокисорликларини айтмайсизми. Ўзлари емай едиришнинг ҳадисини олишган. Энг яхши нарсаларни кўришса, дарров ўғил-қизларига илинишади-я?! Гўдаклигимиздаю майли, улғайганимиздаям бағриларидан йироқларга сираям қўйиб юборгилари келмайди. "Кўзимнинг оқу қаросисан, белимнинг куч-қувватисан, дийдорингга зор айламагин-а" дейишади ҳатто ўз юртимиздаги гўшаларга ўқишга ёки ишга отлансак ҳам. Шунда биз дунёдаги энг яқин, энг суюкли, энг қадрли инсонимиз ҳар биримиз учун яккаю ягона онамизлигига яна бир бор ишонамиз.
Соғинчларга соламизу, ўзимиз ҳам соғинамиз шак-шубҳасиз. Ёқимли товушларини қўмсаймиз, меҳрларига ташналик сезамиз.
Ҳузурларига талпинамиз. Ана ўшанда она-Ватан атамаси маъно-моҳиятини теран тушуниб етамиз. Юртимиз бағридалигимизга шукроналик туйғусини туямиз. Онамизнинг тинчлиги, онамизнинг хотиржамлиги, онамизнинг соғ-омонлиги бизлар учун қанчалик муҳим бўлса, Ўзбекистонимиздек ҳур ватанимиз олдидаги беадоқ бурчимиз ҳам ундан кам эмаслигига қайта-қайта иқрорланамиз.
Ҳозирги аёл – янги даврнинг илғор фикрли фаол аъзоси. У аралашмаган бирор соҳа, у иштирок этмаган бирор тадбир, у битмас-туганмас куч-қувватини, беқиёс иқтидору лаёқатини кўрсатмаган бирор жабҳа йўқ. Биргина тиббиёт тармоғига назар ташлашимизнинг ўзиёқ кифоя. Ҳозирда вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида хизмат қилаётганларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Истиқлол ислоҳотлари оқ халатли халоскорлар ҳаётида йилдан-йилга беҳад қувончли саҳифалар очиб келмоқда. Наинки давлат муассасаларида, балки хусусий даволаш ва диагностика шохобчаларида улар учун қулай шароитлар муҳайёланган. Кенг, ёруғ ва шинам хоналардаги энг замонавий тиббий аппаратлар врачу ҳамширалар тасарруфида. Авваллари қийинчилик билан бажариладиган соғломлаштириш юмушларини энди осонгина уддалаш имкониятлари яратиб қўйилган. Бундай ғамхўрликлар хотин-қиз шифокорларимиз халққа янада яхшироқ хизмат кўрсатишларининг муҳим омилига айланиб қолган.
Албатта, фидойи тиббиётчилар муносиб тақдирланмоқда. Ҳар йили улар Президент Фармонига кўра, унвон, орден ва медаллар соҳибига айланишмоқда. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўкрак нишонига сазовор бўлишмоқда.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази неонатологи Дилбар Басатова, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонаси Нанай шохобчаси болалар бўлинмаси мудири Асила Жуманазарова "Дўстлик", Мингбулоқ туманидаги "Қўғаликўл" оилавий шифокорлик пункти катта ҳамшираси Тўхтапошша Абдухолиқова II даражали "Соғлом авлод учун" орденлари билан мукофотландилар. Шунингдек, Наманган шаҳар 12-оилавий поликлиника бош врачи Наргиза Алижонова, Норин тумани Чўжа оилавий шифокорлик пункти оила шифокори Нигора Мирзаева, Тўрақўрғон тумани туғруқхона бўлим мудири Самияхон Исоқова, Косонсой тумани "Ёшлик оилавий шифокорлик пункти" муолажа ҳамшираси Моҳирахон Пошшахўжаева, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали юрак ишемик касалликлари бўлими мудири Умида Валиева каби ўнлаб саломатлик посбонлари "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонларини олишди. Биз бундай илғорларимиз билан ҳамиша фахрланамиз.
Президентимизнинг "...ўз олдимизга қўйган буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина қодир бўлишини албатта барчамиз яхши тушунамиз. Ана шундай баланд марраларга эришишда эл-юртимиз дардига ҳамиша малҳам бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз билан, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қиласиз деб ишонамиз" деган сўзлари тиббиётчи хотин-қизларимизни ҳам ҳалол ва фаол фаолият юритишга руҳлантириб турибди. Ўйлаймизки, улар бу билан элда доимо катта ҳурмат-эътибор қозонаверишади.
Содиқ САЙҲУН.
- Курилди: 2752