ЁХУД ТАНИҚЛИ ТИББИЁТЧИ ОЛИМ-ЖАРРОҲ ҲАМДА АДИБ АЛИЖОН ЗОҲИДИЙ ҚУТЛУҒ 60 ЁШДА
Одатда барчамиз ўтганларни улуғлаб тилга олишга ўрганиб қолганмиз. Аслида эса, ёнимизда ҳам шундай эъзоз-эҳтиромга лойиқ инсонлар яшашади-ю, вақтида унча пайқайвермаймиз. Ахир уларнинг аксарияти оддий ва камтар, мақтанишу кибрдан йироқ, туну кун соҳалари бўйича излангани-изланган, тиним нималигини гўё унутишгандай. Бу фидойилик эмасми! Бу – Ватан ва халққа ҳамиша нафдорлик эмасми! Бу – улуғликни даъво қилмай, улуғлик касб этиш эмасми! Худди шундай. Биз эътибору эътироф ила ҳикоя қилишга чоғланган инсонга ҳам ҳар қанча мақтовлар ярашади-ю, буни қандай уддалаш мумкинлиги ҳақида ўйланиб қоласан киши. Ахир Алижон Зоҳидий тўғрисида шунчаки эътирофларни тилга олишнинг ўзиёқ унча-мунча ҳамду санолардан устун. Негаки, эришган ва эришаётган натижалари, мансабу мартабалари кўпдан-да кўплиги беинкор ҳаётий ҳақиқат.
Ҳозирда ўзининг 60 ёшини нишонлаётган тиббиётчи ва ижодкор чинакам шарафли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Умр зарварақларини ўзига хос фаолияти, ўткир ақлу заковати билан зийнатлади. Энг муҳими, қўлидаги шифобахш тиғи ҳам, қутли қалами ҳам сермаҳсуллик касб этди. Бири нажотталабларга ҳаловат бағишлаган бўлса, бири ҳамкасблари, шогирдлари ва ҳамма мухлислари онгу шуурини бойитди, қалбини эзгу туйғуларга тўлдирди. Икки жиҳатини тасдиқловчи рақамларнинг ўзиёқ сиз билан бизни ҳайратга солмай қўймайди. Минглаб ижобий натижали катта-кичик операциялари туфайли қанча-қанча беморлар соғлом ҳаётга қайтарилди. 33 йиллик фаолияти мобайнида 31 та ихтироси учун патент ва муаллифлик гувоҳномаси берилди. 32 та рационализаторлик таклифлари амалиётга жорий қилинди. 400 дан ортиқ илмий мақолалар ёзди, 12 та монография, 5 та электрон дарслик, 14 та ўқув қўлланма, 46 та услубий қўлланма, 1 та атлас (эндохирургик йўналишда) яратди. 2 жилдли, 1400 саҳифали "Янги жамоат соғлиғини сақлаш" дарслигини инглиз тилидан ўзбек тилига ўгириб, чоп эттирди.
Юқоридаги илмий-амалий ҳамда ижодий ютуқларга осонликча эришган эмас. Муттасил ўқиб-ўрганиш, изчил тадқиқот ва тинимсиз саъй-ҳаркатлар туфайлидир. Аслида у ўзидаги бор қобилият ва иқтидорни тўла ишга солишга қодир бўлгани учун шундай юксак муваффақиятларга эришди. Самарқанднинг Ургутидаги ўрта умумтаълим мактаби сабоғини 1981 йили олтин медаль билан якунлаган Алижон Фақиров бугун наинки Ўзбекистон, балки дунёга таниқли тиббиётчи олим-шифокорга айланди. Чунки, у Ўрта Осиё тиббиёт-педиатрия институтини имтиёзли диплом билан якунлагач, шу ерда меҳнат фаолиятини бошлади. Болалар хирурги мутахассислигини эгаллади. Яна қаноатланмади. Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида ўқиб, "Эски ўзбек ёзуви" мутахассислиги бўйича ҳам имтиёзли дипломни қўлга киритишгаям улгурди. Даста-даста шеърлар ёзди. Ниҳоят Алижон Зоҳидий номи билан элда шуҳрат қозонди. Эндиликда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг энг фаол аъзосидир.
Серқирра салоҳият соҳибининг мартабаси тобора улуғлик касб этиб бормоқда. У 2012 йилда Турон фанлар академияси академиги, 2013 йилда "AHTEQUL WORLD" халқаро илмий академияси академиги, 2015 йилда "Ибн Сино номли Халқ табобати академияси" академиги, 2016 йилда "Афросиёб" психологик фанлар академияси академиги бўлди. 2018 йилда Россия "Здоровье человека и экология" халқаро илмий академияси мухбир аъзолигига қабул қилинди.
У Турон Фанлар Академияси академиклари орасида биринчи (2020 йилда) табобат фанлари доктори ҳамда тиббиётчилар орасида биринчи (2024 йилда) тарих фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Шунингдек, шифокорлар орасида биринчи Турон Халқ ёзувчиси, болалар хирурглари орасида биринчи (2021 йилда) Лейбниц номли Европа табиий фанлар академияси академиги ва биринчи (2023 йилда) Халқаро Турон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимига эришди ва бу вазифани ўта масъулият билан бажариб келмоқда
Истиқлолли юртимизнинг чин иқболли ойдинларидан бири Алижон Зоҳидийнинг мазмундор ва маҳсулдор умри нажоткорлару ижодкорларга ибрат мактаби сабоғини берса не ажаб! Моҳир болалар жарроҳи, толмас табобатчи-олим, зукко тарихчи, жўшқин шоир, фаол жамоатчи инсонни ҳар қанча улуғласак арзийди.
Раҳмонали ҲАСАНОВ,
Турон Фанлар академияси академиги ва вице-президенти, профессор.
Содиқ САЙҲУН,
Турон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Халқаро Турон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва адиб.