"Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган олий тоифали ҳамшира Муаттар Омонованинг ибратли фаолиятини ёритиш мақсадида академик Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалига келдим. Амбулатория-поликлиника бўлими коридори гавжум. Ҳамширалар оқ кабутардай жонсарак, беморлар атрофида парвона. Хастаҳолларни врач қабулига тайёрлашмоқда, кўрикдан чиққанларга бийрон-бийрон тавсиялар бериб, олам-олам умид бағишлашяпти.
Бу тиғиз жараёнга халақит қилишга асло ботинмайсиз. Чеккадаги бўш ўриндиқда ўттиз дақиқалар кутдим.
– Келинг, нима хизмат? – деди ходималарнинг бири коридор соявирлагач. Мақсадимни эшитиб, ҳижолатомуз тушунтирди, – Қабул яна бирор соат давом этади-да. Маънавият залимизда бироз нафас ростлаб турсангиз, Муаттар опам бўшашлари билан бошлаб кираман.
Ходима айтган вақт ўтиб, боя патирлаб юрган ҳамшираларнинг бир нечаси кириб келишди. Муаттар Омонова катта ҳамшира билан бугун қабул қилинган беморларни бўлимларга жойлаштираётгани, яна бир бор аҳволларини назорат қилаётгани, юмушни поёнига етказибоқ киришини айтишди.
– Муаттар опам ҳақларида ёзасизми, қандай яхши-я! Ўта масъулиятли, зеҳнли, бемор ҳаловати учун жонини аямайдиган инсонлар-да, – деди Азима Исмоилова. – Биз ёшлар ҳамширалик малакаси, бурчи ва маданиятини, бемору ҳамкасбларга эътиборли бўлишни шу устоздан ўрганяпмиз. – Янги келган кунларим. Илк бор навбатчиликда қолдим. Ходимлар деярли кетиб бўлишганда оғир бемор келиб қолди. Ҳолати мураккаблигидан баҳолашга, қандай биринчи ёрдам кўрсатишга қийналиб турибман. Шу пайт опам кириб келдилар. Ҳам назарий, ҳам амалий сабоқ ва кўмакларидан сўнг дардманнинг аҳволи яхшиланди. Опа вазиятдан хабардорликлари учун ташлаб кетолмай, зарурат туғилса, ёрдамга шай бўлиб турган эканлар. Беморда яна юз бериши мумкин бўлган ўзгариш, қилинадиган муолажаларни тушунтиргач, уйларига қайтдилар. Шунда иш вақтлари тугаганига бир ярим соатдан ошганди...
– 15 йилдан бери бирга ишлаймиз, – давом эттирди Райҳона Исабоева. – Нафақат ёшлар, биз тенгдошлари ҳам Муаттардан андоза оламиз. Билим, малака, тажриба ва маҳоратда устун бўлишига қарамай, заррача кибру ҳавоси йўқ. Жуда ҳам оқкўнгил, самимий, ҳалол ва приципиал. Бирор киши билан ҳеч қачон сан-у манга бормаган.
Суҳбатга Малика Ҳамидуллаева қўшилди:
– Ҳа-я! Ёш ҳамшираларнинг аксари келинчак бўлади. Тажрибасизлик туфайли муолажа, ҳужжат ишларини вақтида тугата олмай, уйга кеч бориб, қайнона олдида қизаришга тўғри келади. Шунақа диққатчилик бўлмаслиги учун ишни чала ташлаб кетиб қолган пайтларимиз аччиқ танқидлар эшитганмиз. Муаттар Омонованинг онадек, туғишган сингилдек жон узиб айтган ўгитлари, ибратлари элга манзур шифокор, жамоа ва оиламизда қадрли инсон бўлишимизда дорилфунун вазифасини ўтамоқда.
Шу пайт икки аёл кирди. Қақилдоққина Азима бирпас кўрмай соғиниб кетгандек шодланди:
– Анала Муаттар опам! Булари поликлиникамизнинг катта ҳамшираси Зарифа Бобожонова!
Зарифахон нигоҳлари бирдан теранлашиб:
– Биласизми, эндокринология ҳамшираси бўлишнинг ўзига хос талаб ва жавобгарликлари бор. Соҳага оид 30 га яқин касалликларни тушуниш, муолажасини маҳорат билан уддалаш баробарида ҳамшира кучли психолог, психотерапевт ҳам бўлиши керак. Эндокрин касалликлар, айниқса, кўп учрайдиган диабет одамни асабий, тушкун қилиб қўяди. Зиддиятли руҳий аҳволда келган беморда соғайишга умид, яшашга иштиёқ, муолажага ихлос уйғотиш мантиқий ва ҳиссий таъсир қобилиятини талаб этади. Муаттарнинг ишда ҳам, уйда ҳам юксак қадрланишининг боиси ундаги ана шундай ноёб истеъдоду салоҳиятдир.
Катта ҳамшира унинг ҳар кунгидан бугун иши кўплиги, яъни бир оздан сўнг шу залда "Диабет мактаби"нинг навбатдаги машғулотини олиб боришини айтди. Шу боис қаҳрамонимиз билан суҳбатни мухтасаргина қилдик.
– "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони бир меники эмас, шу соҳада ишлаётган барча ҳамширалар, жумладан, филиалимиздаги опа-сингилларим – ҳаммамизники, – деди Муаттар камтарлик билан. – Барчамизни фидокорона фаолият кўрсатишга ундаган муҳим омил муҳтарам Президентимизнинг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-102-қарорларидир. Шу туфайли филиалимизда эндокринологик хизматнинг замонавий тизими шаклланди, касалликлар ва уларнинг асоратлари профилактикаси такомиллашди. Хизматлар тури 15 тадан 40 тагача етказилди. Гормонал ва минерал бузилишлар, репродуктология ва эндокрин-гинекология, онко-эндокринология, кардио-диабет ва интервенцион хирургия каби йўналишлар ташкил этилди. 20 дан зиёд юқори технологик янги амалиётлар йўлга қўйилди. Замонавий шароитлар ҳамширалик иши сифат ва самарадорлигини жаҳон андозаларига етказишга чорлагани-чорлаган.
Ҳа, Муаттарни тинглар экансиз, унинг юқори касбий малака соҳибигина эмас, тиббий-назарий, ғоявий-сиёсий жиҳатдан ҳам теран тафаккур эгаси эканлигидан дили баҳрингиз очилади. Сўнг қаҳрамонимиз анъанавий саволимизга жавобан айтишича, 1981 йили Наманган туманининг Бешкапа қишлоғида туғилган. Отаси Турғунали ака, онаси Муборак опанинг орзуларини ушалтириб, ҳамшира бўлиб етишди. Қайнотаси Маҳмуджон ака, қайнонаси Раҳима опанинг жонажон қизига айланди. Талабчанлик ва меҳрибонликда тенги йўқ умр йўлдоши, ички ишлар фахрийси Ҳамидулло Ҳамроқуловдан чексиз миннатдор. Ўғиллари Ҳумоюнмирзо фармацевт. Бўлғуси биолог Маржона университетда, Райҳона мактабда таълим оляпти. Сал кам 30 йиллик фаолияти хайрли, файзли кечаётган экан, бу ана шу яқинларининг қўллаб-қувватлаши, меҳр-муҳаббати туфайли эканига шукроналар айтди.
Бу орада залга "Диабетлар мактаби"нинг кичик ёшдаги тингловчилари тўпланишди. Муаттар машғулотни бошлар экан, юз-кўзидан ёғилаётган самимият, сипо ҳаракатлари, ҳаловат бағишловчи овоз ва нутқи болаларни билимлар оламига олиб кетди, касалликни унутдилар. Расмли слайдлар асосидаги 1-тур диабетда фойдали озуқалар, тақдим этилган ўлчов ва дори воситаларидан фойдаланиш, ўзини бардам тутишнинг психологик машқлари ҳақидаги қизиқарли суҳбатни жон қулоқлари билан тингладилар. Ниҳоят, тушунчаларини мустаҳкамлаш учун савол-жавобга ўтилди...
...Филиалдан қайтар эканман, амбулаторий-поликлиника мудири Баҳодир Давлатовнинг мулоҳазаси хаёлимдан кетмасди:
"Баъзиларда шунақа тасаввур бор: врачлар юқори, ҳамшира пастроқ мақомда. Йўқ! Шифохона ва бемор учун врачнинг ҳам, ҳамширанинг ҳам фақатгина ўзи бажара оладиган вазифаси, ўз ўрни бор. Филиалимиздаги 100 нафар ҳамширанинг учдан бири олий, бошқалари ҳам юқори тоифали. Улар касаллик туғдирган руҳий босим остидаги беморни врач қабулига, кўригига, назоратига психологик, жисмоний жиҳатдан тайёрлашдек машаққатли жараённи рисоладагидек амалга ошириб бермасалар, врач меҳнатида сифат ва самара бўлмайди. Муаттар Омонованинг муносиб касбдоши, издоши бўлган ана шу кўмакчи опа-сингилларимизни чин дилдан қадрлаймиз, ардоқлаймиз".
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.