Ҳамшира Маҳлиёхон Тўрахўжаева учун бундай олқишлар олтиндан қиммат

У одатига кўра палатага очиқ чеҳра билан кириб келди. Устига дори-дармонлар, спирту пахта ва бир марталик игна (шприц) қўйилган юрма пешхонни суриб, муолажа оладиган беморга яқинлашди.

– Яхшимисиз, Раъно опа?

– Худога шукур, анча тетикман.

– Қон босиминингиз тунда безовта қилмадими?

– Сезмадим, кечаги укол-дорилар анча кор қилди шекилли.

– Бош оғрингиз ҳам тўхтагандир.

– Тезда тарқаб кетди, таблетка дорининг фойдаси дарров тегди-я.

– Демак, муолажани давом эттираверамиз. Яна икки-уч кунда тўла соғайиб кетасиз.

– Айтганингиз келсин, Маҳлиёхон, врачларинг ҳам жуда уқувли экан, тавсия қилган дори-дармонларининг бирортаси бенаф кетмади, айниқса, томчиламаси томиримда қонимга қўшилиши биланоқ ўз таъсирини кўрсатди-я. Яхшиям вақтида учраганим. Сизларни тарбиялаган ота-оналарингизга минг­дан-минг раҳмат-ей!..

Маҳлиёхон Раънохон Охунованинг мамнун кайфиятдаги гапларидан беҳад яйраб-яшнади. Шу касбни танлаб, асло янглишмаганини, ота-оналари тиригида уларга қараб, укол қилиб, аҳволлари ўнгланишидан роса завқ туйган бўлса, оламдан эрта ўтишгани билан бугун ортларидан дуо ёғилишига сабабчи эканидан ичида ногоҳ фахру ғурур уйғонганини пайқаб, севингандан-севинди. Ахир нега ҳам шундай бўлмасин, бир вақтлар ўқитувчилик касбини эгаллашдан воз кечиб, ҳамшираликка меҳру ихлос қўйганди.

Ҳаёт ўзи қизиқ экан. Кутилмаганда кутилмаган қарорлар қабул қилишга мойиллик уйғотиб қўяркан. Маҳлиёхон мактаб ўқувчисилик чоғида устозларига ўхшашни жуда-жуда истар эди. Синфдаги болаларни ўзига қаратиб, машғулот ўтишни хоҳларди. Барча фанларни муттасил аъло ўзлаштириб, тенгдошларига ибрат бўларди. Бироқ битирувчи синфдалигида дадаси Хайрулла Тўрахўжаевнинг юраги қўққисдан панд берган инфаркт азобидан қутилиши осон кечмади. Шифохонада-ку, атрофида врачу ҳамширалар хизматга шай эди. Уйида эса... Тез-тез танасига дори-дармон юбориш эҳтиёжи туғилганида онаси Гавҳархон Ёқубованинг боши қотарди. Шундай ҳолат такрорланавергач, "Оиламизда қизларимиздан бири ҳамшира бўлса, мушкулимиз енгиллашармиди, дадаси?" деб қолди. Муаммоли ҳолатни кўриб турган Маҳлиёхоннинг дадасига меҳри товланиб кетдими, ўша заҳоти ҳужжатларини педагогика институтига эмас, тиббиёт техникумига топширишга ошиқди. Талабалик маҳалиёқ амалиётни ўз уйида ўтайверди. Домлаларидан назарий билим олса, марказий поликлиника ҳамишараларининг ёнига чопиб, муолажа жараёнларини ўрганди. Дадасининг энг яқин нажоткорига айланди. Умрига яна умр қўшиб борди. Керагича дуо олди, розилигини беҳад қозонди. Бугун шуларни ўйлаб, кўнгли таскин топади.

Ҳамширалик дипломи қўлига теккач, туман марказий шифохонасининг неврология бўлими жамоасига қўшилди. Бўлим мудири, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач" унвони соҳиби Маҳмуджон Иброҳимов янги ходимнинг ишчану уддабуронлигини пайқаб, катта ишонч билдирди, катта ҳамшира Турдихон Аҳмаджоновани меҳри тушди. Шундай қилиб, кўп ўтмай бўлимнинг илғорига айланди. У 29 йилки қадрдон жамоасида.

– Маҳлиёхон ўз вазифасини жуда мукаммал билади, – дейди врач Аҳмадулло Бойбобоев. – Бемор ҳолатига сезгирлик билан эътибор қаратади. Муолажаларни ўрни-ўрнида, беозор ва сифатли уддалайди. Шу боис кичик жамоамизда катта обрўга эга.

– Ҳам хушмуомала, ҳам чаққон ва чечан опамизни наинки бизлар, барча беморларгача ҳурматлайди, – дейди терапия бўлими катта ҳамшираси Зулайҳо Ортиқова. – Нима вазифа юклатилса, вақтида, сифатли бажармагунларича тиниб-тинчимайдилар. Неврология бўлимидаги 9 нафар ҳамшира фаолиятига масъул қилиб қўйганмиз. Шахсий ибратлари биланоқ ҳамкасбларини ортларидан эргаштириб юрибдилар. Катта бека Ҳаётхон Мирзаева билан парҳез таомларни 15 та столга тарқатилишига бош-қош турадилар. Кўрганингиздек, блок даҳлизида йил бўйи анвойи гуллар опамизнинг ташкилотчилиги туфайли яшнагани-яшнаган.

– Ҳамширалигимдан ҳақли равишда мамнунман, – дейди ҳикоямиз қаҳрамони хурсанд ҳолда, – негаки ҳар куни нажот истаётган, соғлиғини тиклаш илинжидаги инсонлар хизматидаман. Тўғри, авваллари бир муддат шифохоналарнинг эл ўртасидаги нуфузи пастлаганди. Палатада эскирган матросли каравотимиз бор эди, холос. Беморлар олдида гоҳида кўп ҳижолат тортардик. Ҳатто пахта билан спиртни ҳам ўзлари келтириб беришларини сўрардик. Кейинги етти йил ичида биноларимиз мукаммал таъмирланди, эшик-деразалар акфага алмаштирилди. Жиҳозлар янгиланди. Дори-дармон таъминоти тўкисланди. 50-60, баъзан 80 фоиз дори-дармон давлат томонидан бериляпти. Буларнинг барчаси бизнинг ҳурматимизни оширяпти, юзимизни ёруғ қиляпти. Шунинг учун ҳукуматимиздан, Юртбошимиздан миннатдормиз.

Меҳнатсевар ҳамшира аҳил оила бекаси. Турмуш ўртоғи Олимхон Лутфуллаев билан Мафтунахон, Жамшидхон ва Жасурхонларни вояга етказишди. Ҳатто бобо ва момо толеига эришишди.

Ота-онасига олқиш келтирган фарзанд асло кам бўлмайди. Маҳлиёхон эса бу борада миллионер. Лекин мақтанишга ўрганмаган. Доимо хокисор, самимий ва камтарин.

Бор бўлишсин, омон бўлишсин шундай тиббиётчилар!

Содиқ САЙҲУН.