Чуст туманида Дилбар исмини кўп учратаман. Бунинг боиси нимада экан? – дея қизиқардим. Кимдир қизига, кимдир набирасига шу гўзал исмни қўйган. Бир танишимдан бунинг сабабини сўраганимда, Ферузахон: "Бизда Дилбар опа деган болалар шифокори бор, шундай яхши, шундай билимдон ширинсўз, қўли енгил, жуда меҳрибон врач. Қачон қабулига борсангиз, очиқ чеҳра, табассум билан кутиб оладилар. Ҳатто уйига борсангиз ҳам малол олмайди. Дарддан изтироб чекиб турган болажонларимизни бир зумда тинчлантириб, керакли муолажаларини тавсия қиладилар. Энг зарур маслаҳатларини берадиларки, чин қалбдан у кишига хавас қиласиз. Ҳатто ўзим ҳам энг катта набирамга Дилбар исмини қўйганман, – деди мамнуният билан.
Англаганингиздек бизнинг бу галги қаҳрамонимиз – Чуст шаҳар 2-болалар шифохонаси участка врачи Дилбархон Шароповадир.
– Мен оилада интиқиб кутилган фарзанд бўлганман, – дейди Дилбархон опа. – Мендан кейин икки синглим туғилган. Ота-онамиз бизга чексиз меҳр берганлар.Айниқса, отамизнинг биз билан боғлиқ орзулари жуда кўп ва жуда гўзал бўлган. Мен болалигимда кўп оғриганим, қўли енгил шифокорлар туфайли соғайганим сабабидан бўлса керак, отамнинг бу касбга меҳри, эътиқоди жуда баланд бўлган. "Қизларимни ўқитаман, улар шифокор бўлишади", дердилар доим. Аслида менинг ўқитувчи бўлиш ниятим бор эди, бироқ отамнинг умидларини пучга чиқармаслик учун тиббиёт соҳасида ўқишни давом эттирганман. Ортимдан сингилларим Эътиборхон ва Назирахонлар ҳам шифокорлик касбини эгаллашди. Эътиборхон ҳозирда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачи, Назирахон эса Чуст тиббиёт билим юртида педиатрия фанидан сабоқ бериб келмоқда, у ҳам болалар шифокори. Биз отамизнинг орзуларини рўёбга чиқариб, кам бўлмадик. Аксинча, эл саломатлигини асрашдек, болажонлар дардига дармон бўлишдек эзгу ишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиз, ҳамюртлар ҳурмати ва эъзозига сазовор бўлаётганимиз учун раҳматли отамиздан ҳар лаҳза миннатдор бўламиз.
Дилбар Шаропова 1952 йил 20 сентябрда Чуст туманининг Варзик қишлоғида туғилган. 1969 йилда қишлоқдаги 13-мактабни тугатиб, таҳсилни Наманган тиббиёт билим юртида давом эттиради. 1971 йилда билим юртини тамомлаб, Чуст туман марказий шифохонасининг туғруқхона бўлимида ҳамшира сифатида иш бошлайди. 1975 йилда Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт олийгоҳига ўқишга қабул қилинганида, у анчайин кучли билим ва касбий тажрибага эга бўлиб улгурган эди. Шу боис институтда ўқиш билан бирга олийгоҳ қошидаги клиниканинг жарроҳлик бўлимида тунги навбатчиликда ҳамшира сифатида ҳам ишлади.
– 1981 йилда институтни тугатдим ва бир йил давомида Наманган вилоят болалар шифохонасида интернатурани ўтадим, – дея суҳбатни давом эттиради Дилбархон опа. – Бир йилдан сўнг Чуст туман марказий шифохонаси болалар бўлимида врач-педиатр сифатида иш бошладим. Ўтган йиллар давомида туман марказий болалар поликлиникаси болалар шифокори, марказий шифохона болалар бўлими мудири, бош врачи, врач-ординатори, даволовчи врач вазифаларида фаолият олиб бордим.
Дилбархон Маматовна қайси вазифада ишламасин, ўз ишига бор меҳрини берди. У тиббиётнинг жуда оғир даврларида ҳам ишлади, бор кучини беморлар саломатлигини тиклашга бағишлади. Унинг айтишича, "Эрталаб ишга келиш вақти бор эди, бироқ ишдан қайтиш соати аниқ бўлмаган", дейди. Сезганингиздек, бемор болалар бошида то тонггача қолиб кетган кунларининг саноғи йўқ. Бир пайтларда туман марказий шифохонасида жонлантириш бўлимлари бўлмаган, оғир аҳволдаги беморларни ҳолатдан чиқариш бўлим шифокорларининг зиммасида эди. Ташхис қўйиш учун оддий лаборатория ва рентгент текширувларига асосланилган, холос. Шифокорлар кўпроқ билим ва касбий тажрибага таянишган. Айни ўша йилларда Дилбархон опа Пўлат Усмонов, Осим Маҳкамов, Мамлакат Мирзахолова, Иброҳим Ҳасанов, Сайфуллахон Болтаев, Фазилатхон Турсунова, Мирзажон Салоҳиддинов каби устоз шифокорлардан иш ўрганди. Нафақат иш, балки инсонийлик, фидойилик, жонкуярлик, изланувчанлик фазилатларини ҳам ўзлаштирди. Уларга арзирли шогирд бўлишга интилди.
Не бахтки, бугун ўзи устозлик даражасига етди. Болалар шифокорлари Маликахон Нишонова, Маликахон Авлиёева, Маҳмуджон Мадраҳимовга чин маънода устозлик қилди. Гулнора Турсунова, Сайлибар Мирзаева, Эътибор Шаропова, Фахриддин Мансуров, Зуннунжон Муҳиддинов каби ҳамкасб шифокорлар билан дўст бўлди, билганларини ўргатди, ўрни келганда улардан ўрганди ҳам.
Дилбархон опанинг нафақага чиққанига 17 йил бўляпти. Лекин ҳамон жўшқин фаолият оғушида. Асосий ишидан ташқари, тумандаги 7– ва 64-умумтаълим мактабларида мактаб шифокори сифатида ҳам ишлаб келмоқда.
Қаҳрамонимиз – бахтиёр она. Қизи ҳам тиббиёт соҳаси вакили, тумандаги ҳарбий комиссариатда катта ҳамшира, куёви эса туман суд-мед экспертиза бўлимида врач-эксперт. Уларнинг бахтидан онанинг кўнгли тўқ.
Суҳбатимиз ниҳоясида опага бир савол билан мурожаат қилдик: "Шифокор учун энг муҳими нима?" У шундай жавоб берди:
– Тиббиёт соҳасини танлаган инсон ҳаловат ҳақида ўйламаслиги керак. Чунки шифокор умрининг ҳар сонияси инсонлар соғлиги учун сарфланиши керак. Масъулиятни юракдан ҳис қилган тиббиёт ходимининг юзи доим ёруғ бўлади. Мана шу улуғ бахт!
Бу сўзларни 72 ёшида ҳам элига нафи тегиб, ҳамон ғайрат ва шижоат билан фаолият юритаётган, кичик беморларнинг катта халоскори Дилбархон Шаропова чин юракдан айтди. Чунки ўзи буларнинг барчасини ўз ҳаётида яшаб ўтмоқда. У каби фидойилар ҳамиша бор бўлишсин!
Манзура ЭРГАШЕВА.