Абдулла ЖАМОЛИДДИНОВ,
олий тоифали врач-хурург
Мен Аливойни болаликдан яхши биламан. Кўргим, суҳбатлашгим, ёнида тургим келаверади. Чунки унинг фақатгина яхши томонларини, катта ютуқларини, ҳаракатчанлигини, фидокорлиги ва тинимсиз изланишларининг гувоҳи бўлганман. Наҳотки шу бола шунчалар катта ишларни қилишга қодир бўлса?! -дейман ҳайрат билан.
Бугун ҳафсала қилиб, ўзимнинг ички туғёним, юрагимни тимдалаётган кечинмаларимни қоғозга туширдим. Аливойнинг болалиги бизнинг Боғ маҳаллада, ажойиб олийжаноб инсон Саъдулла акамизникида катта энаси Шаҳрибуви холамиз билан ўтган. Уларнинг Ахсида ҳалоллиги билан номи чиққан Турдиали жувозкашга тегишли Ахсининг ғарбий қисмида жойлашган жарликлар устида боғлари бўлган. Аливойнинг болаликдаги шаклланиш даври шу боғларда кечган.
Бизнинг Аливой ўша катта отасидан қолган Швейцария монанд тоза ҳаволи ва ям-яшилликка бурканган Ахси дала-боғларида катта бўлган. У доимо беш-ўнта болалар билан ўйнаб, "ўз дунёси билан " яшаб камолга етган. У расм чизарди, лойдан ҳайкалчалар ясарди. Шеърларни тез ёдлаб, жуда ифодали ўқирди. Болаларга спектакль қўйиб берарди, болаларга роллар бўлиб бериб, ижро эттирарди. У режиссёр эди гўё. Аслида Аливойнинг дарё бўйидаги ишларининг ўзи бир китоб бўлади. Ўзи театр ясаган, ўзи спектакль қўйган, ўзи овоз бериб ўзи қўғирчоқларни ўйнатган "Ҳийлагар Канчил" деган спектакли ҳамон кўз ўнгимдан ўтаверади.
Бир маҳаллар Ахси марказида катта омборхона ва ўшанинг ичида кенг майдон бўларди. Кеч кузда варақаларда кўсак чувиларди. Бир куни ўша ерда сартарошимиз, уста Меҳмон сариқ акамиз уйидан чиқиб келаётиб футбол ўйинини бир пас томоша қилибди. Қараса, бизнинг оқсоқ Аливой жуда чаққон футбол ўйнаётган эмиш. Уста қойил қолибди. Шунда у қоровул Жўра Ҳусанга: "Анави Саъдулланинг чўлоғи аранг юради десам, футболга роса уста экан, – деса, Жўра Ҳусан айтармишки, "Эшитмаганмисан, Акбаралини қўриғида қумда стадион қурганлар ҳам шу боғмаҳалланинг болалари-ю, шу Саъдулланинг оқсоғи эди-да", деган экан.
Ҳар гал уни кўрсам, юрагим эзилади. Шундай кўркам бола наҳотки, оқсоқ бўлса-я, деб кўнглимдан ўтказаман. Ҳамма жойи бут эди-ю, ўнг томонга бироз қийшайиб юрарди. Тикка турганда ўнг оёғининг товони ерга тегмай турарди. Чамамда шу оёғи калта эди. Лекин жуда чаққон. Набижон домлани уйи ўрни асфальт бўлганда доим тўп тепгани-тепган эди. Ўша ерда футболда йиқилиб, тирсагидан чиққан чап қўлини жойига тушириб, холанинг рўмолида бўйнига осиб, Аливойнинг уйига борсалар, Меҳринса опамиз тандирга ўт қўяётган экан. Аҳволни кўриб, Аливойнинг коптогини қизиган тандирга ташлаб ёқиб юборган экан. "Мана футбол савилдан энди қутулдик, тугади, тамом энди" деб. Шундай қилиб, Аливойнинг чап қўли ҳам бироз қинғир бўлиб қолган.
Энди шу бола кўркам йигитга айланди. Тошкентдаги Низомий номли институтга ўқишга кирди.
1976 йили бўлса керак. Ахсиликлар тўпланиб бир кафеда катта тадбир ўтказгандик. Ва ўшанда ҳам Аливой жуда фаол бўлганди. Раислик қилганди. "Тошкентдаги Ахсиликлар" деган фотоальбом яратгандик. Аливой ҳар хил рамзий совғалар тайёрлаганди чизиб. Ўшанда менга "Энг кўркам ҳамқишлоқ", Зулфияга "Энг нафосатли ҳамқишлоқ" ва бошқаларга "Энг фаол ҳамқишлоқ" каби ўзи чизган рамзий эсдаликларни тарқатган эди.
Ўқишни битирганда устоз домлалари Тошкентда қолишга таклиф этишса, билмадик, нима учундир пойтахтда қолмади. У ерда энг иқтидорли, келажаги бор талабалар олиб қолинишини тушуниб етмадими? 1976 йили вилоятга келди ва ишни Шаҳанддаги мактаб-интернатда бошлади. Кейин ўзимизнинг 22-мактабга ўтиб ишлади. Билим масканини ўз соҳаси бўйича вилоятдаги таянч мактабга айлантирди. У ўша пайтда тумандаги биринчи олий маълумотли рассом-педагог эди. 1982 йили вилоятда илк бор ўз ижодий кўргазмасини ташкил қилди. Ахсиликлар ҳақиқий оригинал тасвирий асарларини кўрдилар. Вилоятнинг таниқли рассомлари келиб, юқори баҳо беришди. Мактабда анчагина шогирдлар тайёрлади. Ахси рассомлар қишлоғи бўлиб қолди.
1987 йилдан Наманган давлат педагогика институтида бадиий графика факультети очилиши муносабати билан шу ерга ишга таклиф қилинди. Шу йили XIV республика педагогика ўқиши ғолиби сифатида Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси бўлди.
Институтда ишлаб юриб, 1991-1996 йилларда илмий-тадқиқотини якунлади. 1996 йилнинг 8 ноябрини биз ахсиликлар ҳамон унутмаймиз. Шу куни Тошкентда ташкил этилган ҳимоя банкетига юзга яқин киши қатнашдик. Айниқса, Содиқ Сайҳуннинг ўша кунги табрик сўзи ва унинг тантанали чиқишини ҳамон эслаб юрамиз. Аливойнинг Тошкентлик илмий раҳбари профессор Раҳим Ҳасанов, Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев, наққош Қобул Қосимов ва бошқалар билан ўшанда Бобур номли жамоа хўжалиги раиси Самижон Темиров ҳам сўзга чиқиб, "Бизнинг Ахси қишлоғимиздан биринчи қалдирғоч олим чиқди. Бу Алижон Турдиалиев бўлди", – деганди фахр билан.
Устози, педагогика фанлари доктори, профессор Раҳим Ҳасанов: "Барча илмий-тадқиқот ишларини Алижон Турдиалиевнинг ўзи бажарди. Мен атиги беш фоизгина ишга раҳбарлик қилиб турдим, холос", деб жуда камтарлик билан ўз фикрини айтди.
Бизнинг Аливой қандай одамки, нафақага чиқиб ҳам тинчимади. Унинг ҳақиқий ватанпарвар-олимлиги асрлаб сукунатда ётган Ахси ёдгорлигини ўрганиш ва уни халқаро сайёҳлик манзилига айлантириш таклифларини ишлаб чиққанида кўринди. 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Жамоат фондининг Тўрақўрғон тумани Ахси МФЙга молиялаштирилган "Тарих кошонасинда дурдона Ахсим!" мавзусидаги грант бўйича ишлади. Аливой шу ерга директор бўлиб суҳбатдан ўтди. Нима учундир вазифани қабул қилмади. Ўз ижодий ишини давом эттираверди. Ахсикент қалъаси расмлари, Умаршайх Мирзо портретини чизди. "Ахси зилзиласи" картинасини ишлади. Ўзбекистон телерадиокомпанияси "Дунё бўйлаб" телеканали унинг сценарийси бўйича 7 та фильм яратди. (Режиссёр Ш. Тожибоев). Ҳар нарсани эплай олишини қаранг бу укамнинг. Элу-юрт тарихини ўрганиш бўйича ўз уйида музей ва тасвирий санъат галереяси ташкил этганига нима дейсиз. Фидойилик ва ватанпарварлик ҳам шунчалар бўлар-да.
Унинг феъл-атвори яхши, ўзини тутиши ҳам доимо бирдай. Ўша-ўша сипо, яна ўша туриш... Мен Аливойни ҳўмрайиб турганини кўрмаганман. У доимо, камгап ва оддий. Агар унга сўз берилсачи, ҳолини-ҳолига қўйиб гапирганлигини кўп кўрганман.
Мен Аливойни кўчада кўраман, ишга бориб келаяпти-да, деб ўйлайман. Унинг музейини кўриб, тўғриси ақлим шошиб қолди. У бунча ишни қачон бажаришга улгурди экан. Унинг чизганлари оддий расмлар эмас. "Ахси зилзиласи", Умаршайх Мирзо суратлари, "Ахсилик Бобур мирзо", Алихон тўра Соғуний, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф суратлари, ўнлаб замондошлари портретлари, Муфатхон Маматовнинг бир неча портретлари, Шоир Муҳаммад Юсуф суратлари ва ҳоказо. Лекин мени қийнаган нарса, у кўчада кўп юради, енгил машинаси йўқ ва у ногирон. Оёғи оғримайдими? У чарчамайдими? У бундай сабрни, кучни қаердан олади? Музейидаги ноёб экспонатларни қачон тўплаган? ... Ана саволлар... У ишда бўлса? Ахсикент тарихини қачон ўрганиб улгурди-ю, ўзи доимо НамДУда ишда бўлса? Наманган Ахсидан 35 км узоқликда бўлса? Йўловчи транспортларда бориб – келса. Қойил-е!
Яқинда Аливойни уйига бордим, уйидаги музейи ва тасвирий санъат кўргазмаси билан танишдим. Тарихий экспонатлар ҳам талайгина. Чинакам музей бўлибди. Офарин!
Бир маҳал катта бир хушхабар бор деб қолди. Қандай хушхабар десам, "Турон" ФА академиги бўлдим", деди. Ана холос! Фидокорона меҳнат, албатта, ўз натижасини бераркан-да. Мана, "Ахсимизнинг биринчи олими" деб қувонардик, энди "Ахсимизнинг биринчи академиги" деб қувонамиз!
Яқинда Қўқон шаҳрида унинг 70 йиллик юбилей тантанаси бўлди. Унга "профессор" илмий унвони ҳам берилди. Дарвоқе, у нафақада бўлса-да, 2021 йилдан Қўқон давлат педагогика институти магистрларига сабоқ беряпти.
Ўйлаб ўйимга етолмайман. Ёнгинамда ўсган, ғарибгина маҳалладош укагинам кўзим ўнгида шундай даражага етибди-я. Эй укагинам! Орзуси улуғ, чинакам ватанпарвар қадрдоним!
У ахсилик халқ қаҳрамонларидан! Улкан ишлар ҳали олдинда, ҳали Ахсимизнинг музейини ҳам ташкиллаймиз. Аллоҳ укамизга узоқ умр берсин, саломатлик берсин! Муродимизга етайлик...