Халқимиз асрлар оша адолатли давлат, эркин жамият ва фаровон ҳаётни орзу қилиб келган. Бундай улуғ мақсад-ғояларга эришиш тамойиллари истиқлолнинг дастлабки йилларида қабул қилинган Конституциямизда ўз ифодасини топган. Унинг 13-моддасида "Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади", дея эътироф этилган.

Солижон МЎМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузаларини диққат билан тингладим. Асосий қонунимизда акс этган улуғвор мақсадлар ҳаётда ўз ифодасини топаётганлиги учун ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан дадил бориб, барча соҳаларда юксалишларга эришаётганлигимиздан ғоят фахрландим. Маърузада қайд этилган вазифалардан ўзим учун дастурий йўналишларни белгилаб олдим.

26 ноябрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ва ундаги Президентимизнинг нутқи Наманган аҳлини янги марралар сари руҳлантирди. Юртбошимизнинг Наманган тиббиёти равнақига берган юксак баҳолари соғлиқни сақлаш ходимларини янада астойдил изланиш ва интилишга ундамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги нишонланаётган кунларда Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг силга қарши курашиш диспансери учун барпо этилган биноларнинг очилиш маросими ташкилланди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, эркин бозор иқтисодиёти ва кучли ижтимоий ҳимоя тизимига асосланган, демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Бу мақсадларни рўёбга чиқаришда мамлакатимиз Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳуқуқий пойдевор бўлаётир.