Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 292-сонли қарорига мувофиқ мазкур муассаса ҳам оптималлаштириш тартибига киритилди. Бу ҳақда сиҳатгоҳ бош врачи Анваржон Абдураҳмонов қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Дарҳақиқат, республикамизда тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада оптималлаштириш ва соғлиқни сақлаш ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига мувофиқ муҳим янгиликлар жорий қилинмоқда. Неврология, ревматология бўлимларига ҳаракат-таянч аъзолари ва пульмонология бўлимлари қўшилиб, фаолияти кенгайди. Юрак-қон томирлари касалликлари, ревматологик иситманинг нофаол босқичи, ёшлар ревматоидли полиарт­рити, артрит, артрозлар, нафас йўли касалликларидан сурункали тонзилит, гайморит, бронхит, пневмониянинг қўзғолмаган даври, фарингит, реносинусит каби хасталиклар билан оғриган 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий хизмат кўрсатилади. Беморлар билан табиий омиллар, яъни маъданли сув ва ҳаво, физиотерапевтик муолажалар ўтказилади. Массаж ва бадантарбияга эътибор кучайтирилади. Доривор гиёҳлардан шифобаҳш дамламалар тайёрлаб берилади.

Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бош педиатрлари тавсиясига кўра йўлланмалар билан болалар қабул қилинади. Даволанувчиларнинг ота-оналари мавсумга мос ташқи ва ички кийимлар, пойафзаллар билан таъминланган ҳолда олиб келишлари кераклигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз. Улар ўзлари билан даволанувчига берилган йўлланма, шифохона, амбулатория тиббий баёнидан кўчирма, 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатдаги қон, пешоб, нажасни лаборатория кўрсатмалари, турар жойида юқумли ва тери-таносил касалликларига чалинмаганлиги тўғрисида маълумотнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишлари керак. Даволаш муддати 14 кун бўлиб, қабул якшанбадан таш­қари ҳафтанинг ҳар куни ўтказилади. Эндиликда аввалгидек ўқув ишлари олиб борилмайди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.