"Операциянинг ҳар бир босқичи жарроҳнинг назоратида бўлиши керак"

Гарвей Кушинг.

Дунёда кўпчилик нейрожарроҳлар трансс­феноидал хирургияда одатда микрохирургик операция усулларини қўллайдилар. Шу сабабли бундай амалиётларда операцион микроскопдан фойдаланадилар. Аммо, одатдаги микроскопик транссфеноидал жарроҳлик усулнинг иккита камчилиги бор. 1. Тиббий асбобларни ишлатишнинг чекланганлиги. 2. Узун ва тор хирургик коридор орқали операция майдонини кўришнинг қийинлиги.

100 йил аввал Гарвей Кушинг (Harvey Cushing) такидлаганидек, операция майдонининг аниқ, тўғридан тўғри визуал назорати, амалиёт вақтида эркин ҳаракатланиш нейрожарроҳ учун ҳаётдек зарур.

1907 йил Австриянинг Инсбург шахрида доктор Херман Шлоффер гипофиз бези ўсмасини олиш учун биринчи бўлиб транссфеноидал хирургик усулни қўллаган. Бу усулда Х.Шлоффер бурун терисини кесиб, калла асосига кенг операцион коридор қилиш учун, ташқи ринотомия, бурун тўсиғи ва бурун чиғаноқларининг барчасини ҳамда иккала кўз орбитасининг ички деворларини олиб ташлаган. (1-расм).

Бугун Х. Шлоффернинг махсус тиббий жиҳозлар ва етарли ёруғликсиз бундай мураккаб операция­ни ўтказганини тасаввур қилиш қийин. 1910 йилда АҚШда Гарвей Кушинг трансс­феноидал хирургияда биринчилардан бўлиб кам травматик "Сублабиал усул"­ни тасвирлаб берди. У бу усулда 231 нафар беморда операция ўтказганини ва амалиётдан ке­йинги ўлим кўрсатгичи 5,6 фоизни ташкил этганлигини мақолаларда қайд этган. Лекин Г.Кушинг ҳеч қачон бу усулдан ўзи қониқмаган ва гипофиз ўсмаларида субфронтал операция ўтказиш усулини танлаган. 1963 йилда Парижлик Жерард Жует (Gerard Guet) биринчи бўлиб эндоскоп ёрдамида "Турк эгари" соҳасида микрохирургик усулда операция қилган. У эндоскоп билан бирга ташқи нур берувчи (световой источник) кварцли ускунадан фойдаланган. Бу ускуна нурни бир йўналишда йиғиб, операция майдонини яхши ёритиб берган. 1974-1981 йилларда Германияда Варнер Протт ва Фолк Оппель ҳам эндоскоп ёрдамида калла асоси патологияларида операция ўтказган.

1978 йилда япониялик Еаканори Фикушима биринчилардан бўлиб умуртқа нейрохирургиясини, катта цистернани (Cisterna magna), калла орқа чуқурчасини нейроэндоскоп ёрдамида тасвирлаб берган. 1993 йилда Германиянинг Виесбаден шаҳрида "I- Хал­қаро миниинвазив ва эндоскопик хирургия" бўйича конгресс бўлиб ўтди. Бу конгрессда Австриянинг Вена шаҳридан Андре Гротениус, Энгелберг Кнопс, Япониянинг Осака шаҳридан Мамору Танеда нейроэндоскопик миниинвазив нейрохирургик операциялар ҳақида маърузалар қилишган.

Ўзбекистонда илк бор нейроэндоскопик операциялар Республика Нейрохирургия илмий марказида профессор Ғайрат Қориев бошчилигида ва Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий- амалий тиббиёт маркази нейрохирургия бўлимида тиббиёт фанлари доктори Равшан Файзуллаев томонидан амалга оширилган.

Ҳозирги кунда нейроэндоскопик жарроҳлик амалиётлари ривожланиб бормоқда. Жумладан, РШТЁИМ Наманган филиалида ҳам "Нейроэндоскопик операциялар"ни бажаришга тараддуд кўрилмоқда. 2018 йилда Япониянинг "Ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий соҳани ривожлантириш учун кичик грандлар" дастури соҳиби бўлинди ва бу дастур асосида 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги гранд маблағи ютиб олинди. Мазкур маблағ ҳисобига филиалга Германия­нинг "Карл Шторц" компаниясида ишлаб чикарилган "Нейроэндоскоп" аппарати келтирилди. Бу аппарат ёрдамида жаҳон андозалари асосида миниинвазив нейрохирургик амалиётлар амалга оширилади. Асосан гипофиз бези ўсмаларида (микро ва макроаденомалар), калла асоси ўсмаларида, краниофарингиомаларда, мия қоринчаси ўсмалари ва мия қоринчасига қон қуйилишларда, мия қоринчалари гидроцефалияларида миниинвазив амалиётларни ўтказилади. Хозир филиал нейрохирургларининг малакасини ошириш ишлари олиб борилмокда. Якин орада Наманган тиббиётида ҳам дунёнинг ривожланган мамлакатларида амалга ошириладиган замонавий нейрохирургик амалиётлар тадбиқ этилади.

Сайдулло ШАРИФБОЕВ,

РШТЁИМ Наманган филиали,

нейрожарроҳи.