Наманган шаҳридаги "Анамед" диагностика марказида хорижлик мутахассислар томонидан ўтказилган "Маҳорат дарси"да наманганлик шифокорларга бу ҳақда сабоқ берилди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Қозоғистон Республикасининг "Флебология ва лазерли тиббиёт клиникаси" билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги ижобий ишлар, тиббиётда кечаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида гапириб берди. Нотиқ таъкидлаганидек, хизмат кўрсатиш сифати ва малакасини оширишда хориж тажрибасига урғу берилмоқда. Жорий йил сентябрда ўтказилган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форумида имзоланган меморандумлар, октябрь ойида АҚШнинг Мичиган университети билан келишув натижаси ўлароқ соҳа ишини жаҳон андозалари даражасига кўтариш чоралари кўрилаётир.
Меҳмонлар гуруҳи раҳбари, Қозоғистондаги "Фитофарм" компанияси бош директори, тиббиёт фанлари номзоди Олимжан Ирисметов қўшни давлат тиббиётидаги инновациялар ҳақида гапириб, эришилаётган ютуқлардан қўшниларни ҳам бохабар қилиш мақсадида ташриф уюштирилганлигини қайд этиб, ҳамкорлик янада равнақ топишига умид билдирди.
Анжуман дастуридаги машғулотлар барчада қизиқиш уйғотди. Варикоз ва проктологик касалликларни даволашнинг замонавий усуллари ҳақида фикр юритилди. "Флебология ва лазерли тиббиёт клиникаси" докторантлари Бауржан Аширов ва Алия Илимовалар лазерли тиббиёт воситасида жарроҳлик амалиётлари ўтказишнинг такомиллашган усулларини слайдлар ва фильмлар воситасида талқин этдилар. Юқори технологик жарроҳлик амалиётларини лазер қурилмалари билан қандай тезкор, оғриқсиз ва сифатли олиб бориш ҳамда касалликларни асоратсиз даволаш жараёнлари кўрсатиб берилди.
Савол-жавоблар чоғида варикоз касалликларини термик ва нотермик амалга ошириш, қон томирлардаги лазер абляцияси, проктологияда олиб бориладиган юқори аниқликдаги жарроҳлик амалиётлари технологияси батафсил тушунтирилди.
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ирода Мусаева меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.
- Наманганга илк ташрифимиз ғоят самарали кечганидан мамнунмиз, - дейди "Флебология ва лазерли тиббиёт клиникаси" бош менеджери Руслан Жолдашев. - Ўзаро тажриба алмашиш ва ютуқлар билан ўртоқлашиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз изчил давом этишига ишончим комил.
Шундай қилиб тиббиётда лазерли даволаш технологияларини татбиқ этиш сари дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида юқори самара бераётган янгилик вилоятимизда ҳам амалиётга киритилиши яқин орада воқеликка айланишига шубҳамиз йўқ.
Абдулла ҒОЗИЕВ.