Чунки қозоғистонлик жарроҳлар ёрдам қўлини чўзишди

 

Тиббиёт ривожида турли мамлакат мутахассисларининг ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашиши муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун кейинги йилларда мазкур масалага эътибор тобора кучайтирилмоқда. 15 декабрь куни қозоғистонлик бир гуруҳ шифокорлар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюришди. Уларни марказ бош врачи Абдумалик Раҳмонов кутиб олди.

Қозоғистон Республикасидаги "Миллий тиббий - илмий марказ"нинг болалар жарроҳлиги бў­йича юқори малакали мутахассислари билан қисқача мулоқотдан сўнг ҳамкорлик "Келишув"и имзоланди.

Нурсултон шаҳридаги миллий кардиохирургия илмий тиббиёт маркази мутахассислари - Бакиджан Нурикаев, Амангелди Каримқулов, Анора Саринбаева ва Шуҳрат Исмазовлар анчадан буён юрак етишмовчилиги касалликларидан азоб чекиб келаётган ўғил-қизларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказишгач, лозим топилганларни операция столига олишди.

Меҳмон кардиожарроҳлар юрак қоринча­лар­аро тўсиқ нуқсонларини гибрид йўли билан махсус аклюдер ёрдамида беркитиш амалиётларига киришдилар. Бир неча соатлик уринишлардан сўнг етти ёшли Беҳруз, олти ёшли Сарвиноз ва Насибаларнинг юрак нуқсонларини бартараф этишга эришилди. Қанчадан бери шундай лаҳзаларни орзу-ниятлаб юрган ота-оналарнинг бошлари гўёки кўкка етди. Қардош қозоқ халқининг моҳир жарроҳларига беҳад миннатдорчиликларни изҳорлашди.

- Барча жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтди, - дейди марказ бош врачи Абдумалик Раҳмонов. - Аслида Қозоғистон мутахассислари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатганимизга унча кўп бўлмади. Шу йилнинг 13-14 сентябрь кунлари вилоятимизда "XXI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзусида ўтказилган халқаро форумда улар билан учрашиб, дўстона алоқаларга киришган эдик. Энди эса ҳамкорликни бошлаб юборишди. Бундан кейин ҳам шундай эзгу тадбирлар фаол давом эттирилаверади.

Содиқ САЙҲУН.