дейди суҳбатдошимиз вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси бош педиатри Нуриддин Қаҳҳоров

- Нуриддин Тоҳиржонович, айни пайтда вилоятимиз таълим даргоҳларида ўқувчиларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ниҳояланмоқда. Шундай экан, ана шу тадбир ҳақида маълумотлар берсангиз?

- Ҳеч кимга сир эмас, илгарилари ўқувчиларнинг ўзлари тиббиёт муассасаларига боришиб, тиббий кўрикдан ўтишган бўлса, энди шифокорлар уларнинг олдига боришмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасининг 2019 йил 16 октябрдаги 185-сонли буйруғига асосан, вилоятдаги барча мактаб ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий поликлиникаларнинг тор соҳа мутахассислари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ходимлари тиббий кўрикларга фаол жалб этилди. Педиатр, жарроҳ, стоматолог, эндокринолог, невропотолог, окулист, оториноларинголог ва ўсмир қизлар акушер-гинекологи мактабларда ўқувчиларнинг саломатлиги назорати билан шуғулланишяпти.

Шу билан бирга, лаборатор таҳлиллари, УТТ, ЭКГ мутахассисларининг текширувлари ҳам эртамиз эгаларининг саломатлигини муҳофазалаш бўйича ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мактабларнинг 7-синфидан 11-синфигача бўлган ўсмир қизлар тўлиқ УТТ текширувидан ўтказилди.

Вилоят ҳалқ таълими бошқармаси мутасаддилари ва мактаб ҳамширалари контингентни тўлиқ қамраб олинишида бизга яқиндан ёрдам беришмоқда. Ҳеч бир ўғил-қиз эътибордан четда қолмайди.

- Дарҳақиқат, ўғил-қизларнинг соғлом ва баркамол улға­йишларида бундай тиббий жараёнлар самарали жиҳатлари билан ғоят аҳамиятли. Айтингчи, болаларда қандай касалликларга кўпроқ мойиллик сезил­япти? Уларни соғломлаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратиладими?

- Албатта, чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ўтказишдан мақсад болалар саломатлигини сақлаш, улардаги хасталикларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштиришдан иборат. Шунинг учун ҳам мактаб ўқувчиларининг оналарини ҳам тиббий кўрикларга жалб қилдик. Улар орасида тушунтириш ва тар­ғибот ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Болаларда бевосита камқонлик ва эндемик буқоқ хасталиклари нисбатан кўпроқ қайд қилинди. Аниқланган сурункали касалликлар ҳозирда ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларида фаолият олиб бораётган тор соҳа мутахассислари томонидан диспансер назоратига қўйилиб, амбулатор даво муолажалари олиб борилмоқда.

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.