ёхуд таъмагирлик ва порахўрликнинг пайини қирқиш долзарб вазифадир

Ҳаётнинг ҳаловати ва гўзаллиги ҳалол ризқ­дан барқарору бардавомдир. Одамлар ўртасидаги меҳр - оқибат бетаъма ва беминнат бўлсагина, самимий муносабатлардан кўнгиллар равшан тортади. Аксинча, қўлингиздан бир иш келсаю, унинг ортида шахсий манфаатингиз ётса, янаям очиқроғи, хизмат вазифангиз ваколатидан нафсингизни қондириш йўлига ўтсангиз борми, бугун бўлмаса, эртага ҳаётингиздаги ҳузурни йўқотади, бошингизга кулфатлар ёғдиради. Қонун олдида жавоб беришингизга тўғри келади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидай: "Жамиятимизда коррупция, турли жиноятлар содир этиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур".

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мажлислар залида тизимдаги даволаш - профилактика муассасалари раҳбарлари, тиббиёт коллежлари директорлари иштирокида ўтказилган анжуманда"Коррупция - миллий хавф­сизликка таҳдид" мавзуси доирасида фикр юритилди.

Унда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси Наманган вилоят бўлими бошлиғи Неъматилла Қирғизбоевнинг маърузаси тингланди.

Маърузачи таъкидлаганидай: ҳозирда вилоятимизда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2752 - сонли Қарори асосида фаол ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, тармоқдаги барча ходимлар Қонун ва Қарорнинг қатъий талабларини бирор лаҳза унутмасликлари керак. Бунинг учун тарғибот-ташвиқотни кучайтириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Аввало, маърузачи Коррупция атамасининг маъно - моҳиятини, унинг тараққиётимиз йўлига катта ғов эканини тушунтирди.

Дарҳақиқат, бу иллатдан қутулмай туриб, кўзланган эзгу мақсадларга эришиб бўлмайди. Адолат тамойилларига путур етади. Одамларнинг давлатга, раҳбарларга ишончи йўқолади. Ахир "коррупция" лотинча бўлиб, "бузиш, сотиб олиш" мазмунини ифодалайди. Уни "коррозия" сўзига тенглаштирсак, "чириш" ёки "занглаш"ни англатади. Шундан келиб чиқиб, бу сўздан "ҳокимиятни бузиш, чиритиш орқали сотиб олиш" деган маънони ҳам уқишимиз мумкин.

Коррупция бугунги кунда қуйидаги қадриятларга хавф солмоқда:

- Қонун устуворлигига;

- Демократия ва инсон ҳуқуқларига;

- Ҳокимиятга бўлган ишончга;

- Тадбиркорликдаги соғлом рақобатга;

- Демократик институтларнинг шаклланиши ва жамиятнинг маънавий устунлигига.

Маърузачи соғлиқни сақлаш тизимида коррупция қай ҳолатда кўринишига алоҳида тўхталиб, ҳаётий мисоллар билан далиллар келтирди. Жумладан, изчил ўтказилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан, 2018 йилда тиббиёт ходимларидан 33 нафари жиноят содир этганлигини, улардан 22 нафари коррупция ҳолати бўйича жиноий жавобгарликка тортилганини, 2019 йилда эса атиги иккитага камайганини, 31 та ҳолатдан 12 таси коррупцияга дахлдор бўлганини афсус билан тилга олди. Фирибгарлик, пора олиш, пора бериш, пора олиш - беришда воситачилик қилиш ва уларга қандай жазо чоралари қўлланишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.

Маъруза юзасидан сўзга чиққан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Жакбарали Қурбонов ва бошқалар ўзларининг қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Келгусида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилишига келишиб олинди. Энди худди шундай тадбирлар туманлар ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳам ўтказилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Ўз мухбиримиз.