Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бугунги кунда долзарб бўлиб турган коронавирус ҳамда грипп касалликларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда мутахассислар томонидан Хитой Халқ Республикаси Ухан шаҳрида юзага келган коронавируснинг янги типи эпидемияси юзасидан батафсил маълумот берилди.
Жорий йил 23 январь тонгги ҳолатидаги маълумотларга кўра, Хитойда 600 дан зиёд ҳолатда коронавирус касаллиги аниқланган. Ушбу хасталикдан 17 нафар инсон вафот этган. Ушбу ҳолат юзасидан 22 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда мутахассислар халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилишдан олдин авж олган касаллик ҳақида кўпроқ маълумот олишлари кераклиги тўғрисида қарорга келишган. ЖССТ расмийлари учрашувни пайшанба куни, Хитой ҳукумати таклифига биноан Уханга бир қатор Осиё мамлакатларидан келган шифокорлардан маълумот олганидан сўнг давом эттиришга қарор қилишган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус ваҳима кўтаришга ҳеч қандай сабаб йўқлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида самарали карантин бўйича кўраётган жуда қатъий чоралари эпидемиянинг мамлакатда авж олишининг олдини олишга ҳамда унинг тарқалиш эҳтимолини камайтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, Европа соғлиқни сақлаш идоралари ушбу вируснинг тарқалиш хавфини "ўртача" деб баҳолашмоқда. Шу билан бирга, ЖССТ коронавирус хавфининг олдини олиш бўйича ўз тавсияларини ҳам берган.
Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, "Uzbekistan Airports" АЖ ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари"АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. "Ўзбекистон темир йўллари" ҳамда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" АЖ тизимида фаолият юритаётган ходимлар иштирокида эпидемик вазият ва унинг олдини олиш юзасидан семинарлар ўтказилди.
Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилди. Республикадаги аэропорт ва темирйўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан коронавирус инфекциясининг янги турини юртимиз ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Коронавируснинг янги тури (nCoV) қарши олиб бориладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш тўғрисидаги методик услубий қўлланма ҳам тайёрланган.
Анжуманда коронавирус касаллигининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қатъий назоратга олингани, Хитойдаги коронавирус бўйича эпидемик вазиятдан юртимиз аҳолисининг хавотирланишига асос йўқлиги таъкидланди.
Шунингдек, анжуманда, грипп ва ўткир юқумли респиратор касалликларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари бош врачлари томонидан грипп ва ўткир юқумли респиратор касалликларининг олдини олиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда. Юртимиздаги барча шифохоналар етарли даражада тиббий-асбоб ускуналар, дори-дармонлар ҳамда тиббиёт ходимлари билан таъминланган. Ушбу жараёнда, айниқса, болаларни грипп ва ўткир юқумли респиратор касалликларидан ҳимоялашга жиддий аҳамият берилмоқда.
Биргина Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, бешта болалар клиник шифохонаси ва 4-сон шаҳар клиник шифохонасидаги болалар бўлими хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда шаҳар шифохоналаридаги мавжуд 1267 та ўрин юқори юклама билан ишламоқда. Бунга сабаб, қиш кунларида болалар ўртасида мавсумий ўткир респиратор касалликларини вақтинчалик кўпайиши. Шунингдек, шу кунларда Инвестиция дастурига асосан пойтахтимиздаги 3-сон болалар шифохонасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу вазиятни ҳисобга олган ҳолда сўнгги уч кун ичида шаҳардаги бошқа тиббиёт муассасаларида қўшимча 150 та ўринлар ташкил этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.