Ҳар бир ота-она соғлом фарзандли бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун эса, аввало, аёлнинг ўзи саломат бўлиши керак. Агар у турли хасталикларга, айниқса анемияга чалинмаса, салбий ташқи таъсирларга учрамаса, яқин қариндошлар билан никоҳланмаса тўрт мучаси соғ чақалоқни бағрига боса олади. Лекин ана ўшанда ҳам тиббий кўрикдан, ҳомиладорлиги пайтида скрининг текширувларидан ўтиб туриши зарур. Бу борада давлатимиз томонидан катта ғамхўрликлар қилиб келинмоқда.

Бизнинг муассаса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 1998 йил 1 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси "Она ва бола скрининги" Давлат дастурига мувофиқ очилган. Йигирма бир йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда.

Жамоамизда 23 нафар тиббиётчи хизмат қилади. Уларнинг 8 нафари врач, қолганлари ўрта тиббиёт ходимларидир. Вазифаси болаликдан ногиронликнинг олдини олиш, наслий касалликлар ва туғма нуқсонларни имкон қадар эрта аниқлаш, уларни ўз вақтида бартараф этиш ва соғломлаштиришдир. Шунинг учун вилоятимиздаги барча ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқларни замонавий аппарату асбоб-ускуналар ёрдамида текширувдан ўтказиб боряпмиз.

Марказимизда асосан туғма гипотиреоз, фенилкетонурия, муковисцидоз, галактоземия бўйича ва сийдикдаги скрининг тестлар ўтказилаётир. Шунинг­дек, ҳомиладор аёллар УТТ, альфа-фетопротеин, эстриол, ПАП, хорионик гонодотропин гармонларини текшириш усуллари йўлга қўйилган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрдаги "2018 - 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-3440-сонли қарори асосидаги ишларимизни фаол олиб боряпмиз. Бу борада вилоят ҳокимининг манзилли дастурига мувофиқ янги УТТ аппаратлари билан таъминландик. Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни перинатал скрининг билан қамраб олиш учун оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладорларда генетик синдромларни биокимёвий текшириш жорий этилди. Бундай текширувларни ўз вақтида ўтказиш аёлларни куттирмаслик, узоқдан қатнашига йўл қўймаслик мақсадида скрининг ишларини уларга яқинлаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Туманлар ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникаларида алоҳида хоналар ажратилди. Керакли жиҳозлар ва аппаратлар берилди. УТТ мутахассислари билан таъминланди. Янги иш бошлайдиганлар ўқитилди ва ўргатилди. Натижада тиббий кўрикларни ойдан - ойга сифатли ва самарали бўлишига эришмоқдамиз.

Йил якунларига назар ташласак, 12 ой давомида 23 минг нафардан зиёд ҳомиладорлар скрининг кўригига келишган. Уларнинг 15 мингдан ортиғида УТТ текшируви амалга оширилган. 313 нафарида ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари аниқланди. Албатта, аксариятига зарурий чоралар кўрилди, яъни ҳомиладорлик тўхталди. Қон топширган 4 минг 452 нафар ҳомиладорнинг 1 минг 882 нафари хавфли гуруҳга қайд этилгани учун улар алоҳида назоратга олинди.

Қайта текширувга келган 850 нафар чақалоқлардан 11 нафари туғма гипотиреоз, 71 нафари транзитор гипотиреоз хасталиги билан "Д" назоратига олиниб, даволаш бошланди. Фенилкетонурия хасталиги билан 730 нафар хавфли гуруҳ қайд этилиб, қайта текширувга ҳам чақиртирилди. Улардан бир нечаларини "Д" назорати остида даволашга киришилди.

Албатта, ҳомиладор аёлларга давлатимизнинг алоҳида ғамхўрлиги жорий қилинган. 2019 йил давомида туғма гипотереоз билан назоратга тушган 231 нафар болалар ва ҳомиладорларга 458 қути L -тироксин препарати бепул берилди. ФКУ билан назоратда турган 35 нафар болага 254 банка ФКУ - 0 ва 27 нафар болага 221 банка ФКУ - 3 озуқаси бепул тарқатилди.

Бугунги тадбиримиз эртанги соғлом авлод дунёга келиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлардир. Булар ўзининг қувончли самарасини беряпти. Шунинг учун эзгу ишларимиз ойдан - ойга, йилдан - йилга янада фаоллашади, такомиллашади, тобора серсамара бўлиб бораверади.

Матлуба ЖАМИЛОВА,

вилоят "Она ва бола скрининги" маркази директории