Кузатиб қўйилган йил тараққиётнинг янги босқичида юксак натижаларга эришаётган мамлакатимиз тарихида ўзига хос из қолдирди. Буни турмушнинг барча жабҳаларидаги беқиёс ривожланишлар яққол тасдиқлаб турибди. Бинобарин, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва унинг Наманган ҳудудий филиали томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Йил давомида фаолиятимиз йўналишларини соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, хусусан болалардаги туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар қамраб олинди.

Бунинг учун академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва маҳаллаларда "Соғлом оилани шакллантириш", "Соғлом турмуш тарзининг асосий бос­қичлари ва муаммолари", "Қариндошга қуда бўлманг" каби мавзуларда 176 та семинар-тренинглар ташкил этилиб, қатнашчиларга 5 мингга яқин буклетлар тарқатилди.

2019 йил давомида аҳоли ва ёшлар вакиллари иштирокида салкам 500 га яқин турли тадбир, учрашув ва давра суҳбатлари уюштирилди. Уларда асосий урғу репродуктив саломатликни мус­таҳкамлаш, ОИТС ва гиёҳвандликнинг олдини олиш мавзуларига берилди. Бундан ташқари иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мактаб, академик лицейлар ва касб - ҳунар коллежлари ўқувчи қизлари ўртасида "Санъат ғунчалари", "Ер куррасида тинч­лик" телетанловлари ўтказилиб, эртанги кунимиз эгаларининг тиббий билимлари бойитилди.

Байрамлар ва турли халқаро саналарга бағишланган маънавий-маърифий тадбирларимиз ҳам оммалашиб бормоқда. Ҳамкор ташкилотлар билан ташкил этилган "Соғлом авлод маликаси", "Қизларжон", "Соғлом авлод - келажак пойдевори", "Қизлар ва оила" каби ўнлаб тадбирларимиз қатнашчиларда бой таассурот қолдирди. Мана шундай тадбирларимиз чоғида 40 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга аравачалар тарқатилди.

Филиалимиз тиббий-ижтимоий қўшма бригадаси ўтган йили вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида самарали иш олиб борди. Мақсад аҳолининг кам таъминланган қатламларини тиббий кўрикдан ўтказиш эди. Маълумотларда қайд этилишича, 418 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 2,5 минг кам таъминланган оилаларнинг 23 минг нафарга яқин аъзоси шифокорлар кўригига жалб қилинди. Уларнинг 8 минг нафардан зиёди туғиш ёшидаги аёллар, 65 минг нафари болалар, 5 минг нафари ўсмир қизлардир. Шу билан бирга аҳоли ўртасида тиббий тарғибот тадбирлари ҳам олиб борилди. "Саломатлик учун зарарли ва хатарли одатлардан воз кечаман", "Туғруқлар орасидаги мақбул оралиққа риоя этиш зарурияти" ва бошқа мавзулардаги давра суҳбатларида 12 минг нафардан зиёд тингловчи қатнашди.

Ногирон болаларни соғломлаштириш борасидаги ишларимиз ҳам эътиборга молик. Ўтган йили 6 нафар юрак туғма нуқсонли болалар Жанубий Корея, Ҳиндистон давлатларидаги клиникаларга даволатиш учун юборилди. Германиянинг "Фриеденздроф Интернейшил" халқаро ташкилоти кўмаги билан 3 нафар бемор бола саломатлигини тиклаш учун Германияга жўнатилди. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг "Спорт - саломатлик гарови" мавзусидаги лойиҳаси бўйича давлат грантини қўлга киритдик. Айни пайтда бу йўналишдаги ишларимизни ҳам кучайтирамиз.

Янги йилда янада улуғвор вазифаларимизни амалга оширишни кўзлаб турибмиз. Яъни, вилоятимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, соғ­лом авлодни қарор топтириш, ўсмирлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тақдир тақозоси билан ногирон туғилган болаларни соғ­ломлаштириш ҳамда Низом доирасидаги мурувват ёрдамлари кўрсатишни кенгайтириш фаолиятимиз асосини ташкил этади.

Ҳайрулло ОРТИҚОВ,

Ҳукуматга қарашли бўлмаган "Соғлом авлод учун" халқаро

хайрия фонди вилоят ҳудудий филиали директори.