Вилоят болалар силга қарши кураш санаторийси олий тоифали ҳамшираси Ёқутхон Муҳиддинова учун 2019 йил жуда омадли келди. Тиббиёт ходимлари байрамини оила аъзолари ва ҳамкасблари билан биргаликда қўшалоқ қувонч билан қарши олди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, соҳадаги узоқ йиллик фаолияти муносиб тақдирланди. Президентимиз Фармони билан бир гуруҳ соғлиқни сақлаш ходимлари қаторида "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Зеро, бу унинг камтарона хизматларига берилган юксак баҳо эди...

Ё. Муҳиддинова ишлаётган муассаса болалар соғлигини сақлашга ихтисослашган. Ўғил-қизлар мазкур даргоҳда таълим олиш билан бирга саломатликларини тиклашади, тарбияланишади. Улар ота-онасидан вақтинча ажратилганлари учун врачу ҳамширалар худди уйларидаги оила раҳнамоларидай меҳрибон бўлишлари лозим. Ёқутхон опа эса буни чуқур ҳис қилаётганлардан биридир.

У Наманган тиббиёт билим юртини тугаллагач, 1988 йили илк иш фаолиятини Наманган шойи ишлаб чиқариш бирлашмаси тиббий-санитария қисмида лобарантликдан бошлаган. 1990 йилдан мазкур сиҳатгоҳ кундузги бўлими ҳамшираси сифатида фаолиятини давом эттира бошлади.

Камтар ва камсуқум, ўз ишининг пухта билимдони Ёқутхон болаларни жон-дилидан севгани туфайли тезда ўз соҳасининг ҳадисини олди. Ширинсўз, самимий ва меҳрибон ёш ҳамшира муолажаларни ўз вақтида олиб борди. Ҳатто физиотерапия ва даволаш-жисмоний тарбия машқларини бажартириш борасида ҳам фаоллик кўрсатди.

- Икки нафар фарзандим ушбу сиҳатгоҳда даволанишяпти, - дейди мингбулоқлик Зарифа опа. - Барча тиббиёт ходимлари, айниқса Ёқутхон опа ўз ишининг устаси экан. Болаларимиз кўнглига йўл топаётган, саломатлигига масъул ҳамширанинг меҳнати юксак қадрланганидан биз ҳам жуда хурсанд бўлдик.

Нафақага чиққан бўлишига қарамай, ҳамшира аёл кичиклар хизматидан асло толиққанини ҳис қилгани йўқ. Ўғил-қизларга соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилишни, турли юқумли ва юқумсиз хасталиклардан огоҳ бўлишни, ҳамиша санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни тушунтириб боради.

Кўксини "Шуҳрат" медали безаган айёмда устозлари Асилахон Суванидзе, Рокия Мирзаева, Зуҳра Раҳимоваларнинг панд-насиҳатларига амал қилиб, асло кам бўлмаганини янада яхшироқ тушунди. Аҳил жамоадошлари - бош врач Аъзамжон Ботиров, бўлим бошлиғи Акрамжон Акбаров, шифокорлар Замира Муллажонова, Дилором Раҳимова, Акмалхон Боймирзаев, ҳамфикр ва ҳамнафас ҳамширалар Моҳира Йўлдошева, Орзигул Бурҳонова, Нигора Охуноваларнинг қўллаб-қувватлаганликларидан беҳад миннатдор.

- Ёқутхон опа фидоий ҳамшира. У ҳамиша вазифаларни ўз вақтида уддалайди. Унинг касбидаги ютуқлари ёшларга ибрат бўлса арзийди, ҳеч қачон ўз ишига совуққонлик билан қарамаган. Сансалорлик, бу бировнинг иши деган туйғулар унга бегона. Ҳамиша ҳар қандай вазиятда ўз масъулиятини унутмайди, - дейди бош ҳамшира Соҳиба Қаҳҳорова.

- Ютуқларимда севимли жамоам ва оиламдагиларнинг беқиёс ҳиссаси бор. Уларнинг кўмаги ва қўллаб-қувватлашлари туфайли шундай эътирофга муносиб кўрилдим. Мендек оддий инсон, оддий аёл, оддий ҳамшира меҳнатини юксак қадрлаганларга минг раҳмат, - дейди Ёқутхон опа.

Дарҳақиқат, элга хизмат қилиш саодатига мушарраф бўлган ҳамшира аёлнинг толеи бундан-да баланд бўлсин, деймиз. Чунки эртамиз эгалари саломатлигини мустаҳкамлаш учун қилинган хизмат ҳар қанча шарафга, ҳар қанча ардоққа муносиб.

Манзура ЭРГАШЕВА.