- Курилди: 486
- Курилди: 662
1 ДЕКАБРЬ - ХАЛҚАРО ОИТСГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИ
ОИВ одам иммун танқислиги вируси бўлиб, инсон организмида иммун танқислигини келтириб чиқаради, касаллик белгилари намоён бўлмайди. Бу вақтда зарарланган шахс вирус ташувчи ҳисобланади ва кейинчалик ОИТС - орттирилган иммунитет танқислиги синдроми юзага келади. Бу даврда инсон организмининг турли хил касалликларга бардош бериш хусусияти йўқолади.
Касаллик вируси турли хил йўллар орқали организмга тушгандан сўнг, одам узоқ вақт, ўртача 3 ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам кўпроқ муддатгача соғлом кўриниши мумкин ва бу ҳолатда атрофдагиларга вирус юқтириш хавфи юқори бўлади. Бу муддатни касалликнинг яширин даври деб аталади. Касаллик ОИВ холатдан ОИТС ҳолатга албатта ўтади. Одамда иммун тизими фаолияти бузилиши натижасида организмнинг турли микробларга қарши курашиш қобиляти бутунлай камайиб, йўқолиб кетади. Натижада дуч келган микроорганизмлар, вирус ва замбуруғлар турли касалликларни келтириб чиқаради. Беморнинг касалликдан тузалиши қийин бўлади ва охир оқибат унинг тақдири ўлим билан якунланади.
Касаллик одамга вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, яхши зарарсизлантирилмаган соқол олиш ускуналаридан бир неча киши фойдаланганда, аёллар маиший хизмати салонларида: яъни маникюр, педикюр қилиш пайтида гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаганда, гиёҳванд моддани қон томирига юборишда умумий шприц ва игнадан фойдаланилганда, касалланган онадан ҳомиладорлик пайтида ҳомилага, туғрук жараёнида ва кўкрак сути билан эмизганда гўдакка юқади.
ОИВ инфекцияси касаллигини тарқалишида асосан узоқ муддат меҳнат миграциясида бўлиб, соғлом турмуш тарзига амал қилмай қайтиб келганлар сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун меҳнат мигрантларини ОИВга тиббий кўрикка жалб этилади. Келин-куёвлар ФҲДЁ бюросида никохларини расмийлаштиришдан аввал тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
ОИВ вируси: бемор билан қўл бериб сўрашганда, йўталганда, аксирганда, умумий идиш-товоқдан фойдаланилганда, касалхонага беморни кўргани борилганда, қон сўрувчи ҳашоротлар чаққанда, умумий хожатхонадан фойдаланилганда, сув хавзасида, ҳаммомда бирга чўмилганда, бир телефондан фойдаланилганда, бир идишдан овқатланганда юқмайди.
Ҳар бир шахс ОИВ юққан ёки юқмаганлигини билишни хоҳласа, энг аввало, тушкунликка тушмасдан Наманган шаҳар Ғалаба кўчаси 4-уйда жойлашган вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва барча туман тиббий муассасалари қошидаги ишонч ҳамда аноним хоналарга мурожаат қилиши зарур. У ерда ОИВ инфекцияси бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб топасиз. Ишонч ва аноним хоналарида шахсни сир тутган ҳолда хизмат кўрсатилади. Истасангиз бепул лаборатория текширувидан ўтишингиз мумкин.
Касаллик вирусининг манбаи - бемор ва одам иммунитети танқислиги вирусини ташиб юрувчи шахслар ҳисобланади.
Эпидемиологик жиҳатдан вирус ташиб юрувчилар беморларга нисбатан хавфлироқдирлар.
Сабаби улар кўринишдан соғлом кўринадилар, ҳатто ўзини ОИТС вируси билан зарарланганлигини ҳам билмайдилар, касалликнинг яширин даврида бошқа шахсларга касаллик вирусини юқтириши мумкин
ОИВ инфекциясининг асосий хусусияти - унинг узоқ вақтгача белгиларсиз кечишидир. ОИВ юқтирган кишилар узоқ йиллар давомида ўзларини соғлом ҳис қиладилар. Ушбу шахслар ОИВ юқтирганлар дейилади, улар ҳали ОИТС билан касалланган эмас. Аммо, ОИВ юқтирганлар ҳам, ОИТС босқичида бўлган беморлар ҳам инфекция манбаи ҳисобланади.
Демак, бу касалликдан сақланиш, ҳаёт эрта тугашининг олдини олиш билан баробардир.
А. МУЙДИНОВ,
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг
врач-эпидемиологи.