Сайлов - бу фуқароларнинг жамият ва давлат ишларида бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи бўлиб, эндиликда мамлакатимизда ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар янги қабул қилинган ягона Сайлов кодекси билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнларини тартибга солувчи сайлов қонун ҳужжатлари бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Жиноят кодекси, Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган ва тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар ҳисобланади. Янги Сайлов кодекси билан бир қатор ўзгаришлар амалиётга татбиқ этилди.
Мухбиримиз вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Бегзод Саримсоқов билан ана шу ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди.
- Бегзод Холмаҳаммадович, аввал сайлов соҳасидаги амал қилиб келган 5 та қонунлар ягона сайлов кодексига бирлаштирилди. Шу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсангиз.
- Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида, мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлса-да, афсуски, ҳанузгача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганлигини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эдилар. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб мазмун ва маъно жиҳатдан янгиланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди.
Асосий ўзгаришлардан бири Қонунчилик палатасида Экоҳаракат вакиллари учун квота ажратиш институти тугатилди. 2014 йилда Парламентга сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этган халқаро экспертлар сайлов якуни бўйича ўзлари ишлаб чиққан тавсияларида "Парламент палаталарининг ҳеч бўлмаса бирига барча депутатлар умумхалқ овоз бериш йўли билан сайланишларини таъминлаш учун қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилиши керак"лигини билдирилган эди. Яъни, олдинги тартибга кўра Ўзбекистон Парламенти қуйи палатаси депутатларининг (жами 150 нафар бўлса) 135 нафари фуқаролар томонидан, қолган 15 нафари Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан унинг конференциясида сайланар эди. Маълумки, Ўзбекистон Экологик партияси Адлия вазирлигидан сиёсий партия сифатида давлат рўйхатидан ўтиб (2019 йил 22 январда) ўз фаолиятини бошлади. Натижада давлатимизда мавжуд сиёсий партиялар сони 5 тага етди. Навбатдаги сайловда эса, квота бекор бўлганлиги сабабли, ушбу партия ҳам бошқа сиёсий партиялар қатори Қонунчилик палатаси депутатлиги учун курашади.
- Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ўзини ўзи бошқариш органларидан номзод кўрсатиш тартиби ҳам бекор қилинди, шундайми?
- Албатта. Мазкур ўзгаришга ҳам юқоридаги норманинг мантиқий давоми деб қараш мумкин. Янги тартибга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Бу эса, сайловда овоз бериш жараёнларининг шаффофлигига хизмат қилади.
Қолаверса, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш тартиби қонунан тартибга солинади, бунда сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ҳам ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади. Ушбу янги тартибниннг жорий этилишининг асосий сабаби, айни бир шахснинг бир вақтнинг ўзида бир неча сайлов участкаларида сайловчи сифатида сайловчилар рўйхатига киритилишини олдини олиш ҳамда сайловчилар сонининг сунъий ошиб кетишини бартараф этиш бўлиб ҳисобланади.
Сайлов бюллетенида сайловчи томонидан бир нечта белги (+, √, х) дан бирини қўйиш имконияти берилди. Аввалги тартибга кўра, сайлов бюллетенига сайловчи фақатгина "+" белгисини қўйиши белгиланган бўлиб, амалиётда кўплаб сайловчилар томонидан сайлов бюллетенига "+", "√", "х" каби белгиларнинг қўйилиши ҳолатлари кўплаб кузатилган. Бу эса, овоз бериш натижаларини аниқлашда "√", "х" белгилари қўйилган бюллетенларни нотўғри тўлдирилган деб топилишига олиб келар эди. Бундай жузъий камчиликларни олдини олиш мақсадида сайловчилар сайлов бюллетенига юқоридаги уч белгидан исталганини қўйишлари мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамланди.
- Муддатдан олдин овоз беришда "сайлов варақаси" бекор қилинишининг сабаби нимада?
Аввалги тартибга кўра, муддатидан олдин овоз бериш учун истаги бўлган сайловчи участка сайлов комиссияси номига муддатидан олдин овоз бермоқчилиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилар ҳамда аризасига муддатидан олдин овоз бериши учун асос бўлган ҳужжатларни (масалан: саёҳатга йўлланма ёки темир йўл, авиячиптасини) илова қилар, овоз бериш жараёнида фуқарога сайлов бюллетени ўрнига "сайлов варақаси" берилар эди. Янги тартибга кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам яъни, муддатида овоз бериш учун ҳам, муддатидан олдин овоз бериш учун ҳам сайловчига бюллетен берилади. Шунингдек, аризасига юқоридаги каби ортиқча ҳужжатларни илова қилиши шарт эмас, фақатгина аризанинг ўзида сайлов куни доимий яшаш жойида бўла олмаслиги сабаб (важ)ини кўрсатишининг ўзи етарли бўлади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ кафолатланди.
Аввалги тартибга кўра, сайлов куни овоз бериш жараёни якунлангандан кейин, овоз бериш натижаларини аниқлаш вақтида кузатувчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этиши назарда тутилмаган эди. Янги тартибга кўра, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга. Бироқ, ушбу ҳолатда шунга алоҳида эътибор қаратиш лозим "иштирок этиш" ёки "ҳозир бўлиш" деган сўзларни тўғри талқин этиш лозим бўлади. Яъни, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган бўлишлари ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнини унга аралашмаган ҳолда кузатишлари мумкин деб тушуниш керак.
- Яна қандай муҳим ўзгартиришлар белгиланди?
- Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчилар томонидан бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Сайлов участкаларида участка сайлов комиссиясининг овозларни санаш тўғрисидаги баённомасининг дарҳол жамоатчилик муҳокамаси учун 48 соатдан кам бўлмаган вақтга илиб қўйиш тартиби ўрнатилди. Участка сайлов комиссияларининг овоз бериш жараёни тугагандан кейин амалга оширадиган аниқ ҳаракатлари назарда тутилмоқда (овозларни санаш, баённомаларни тузиш, округ сайлов комиссиялари билан ўзаро алоқалари ва х.к).
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама ва тавсия этиладиган участка сайлов комиссиялари аъзолари номзодлари бўйича жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг таклифлари олиниши тартиби ўрнатилди.
Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши ўн фоиздан ошмаслиги тартиби ва Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузиш тартиби ўрнатилди. Сайловларда овоз бериш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур янги нормалар билан бойитилган янги Сайлов кодексининг қабул қилиниши ва унда белгиланган нормаларнинг мамлакатимиздаги сайлов жараёнларига изчиллик билан татбиқ этилиши юртимизни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга хизмат қилади.
- Суҳбатингиз учун ташаккур!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.