Аёллар зиммасига ҳомиладор бўлиш, туғиш ва болани тарбиялаш каби энг оғир вазифалар юкланган. Уларнинг тана тузилиши нозик ва эндокрин тизими жуда сезгирдир. Ҳомила меъёрида ривожланиши учун оналар қаттиқ қайғуришлари лозим. Агар спиртли ичкилик ичса, сути орқали зарарли моддалар болага ўтиб, у яхши ўсмайди.
Ичкиликбозлик оқибатида вужудга келган касалликлар насл сурмайди. Аммо кўрадиган фарзандлари иллатли бўлиб қолади. Спиртли ичимликлар ҳали бола дунёга келмасиданоқ отасининг жинсий органлари, хусусан, уруғ ишлаб чиқариш органи фаолиятини бузади. Оқибатда уруғ ишланиб чиқмайди ёки яшашга қобилятсиз бўлиб, тез ҳалокатга учрайди. Агар шу хилдаги сперматазоидлар тухум ҳужайра билан қўшилса, нуқсонли бола туғилиши мумкин.
Қиз боланинг балоғатга етиш даври она учун айниқса масъулиятли. У оилада ва бошқа жойларда нима кўрса, тўғри-нотўғри эканини билмасдан ўшанга тақлид қилиши аниқ. Агар яхши тарбия берилса, у бахтли бўлади. Болалар эсли-ҳушли улғайишлари учун ота-онанинг ўзлари ахлоқ-одобли бўлишлари шарт. Агар ота-оналар тарбия борасида ўзлари айтган гапга ўзлари амал қилмасалар, болаларига умр бўйи тарбия берсалар заррача фойдаси кўринмайди.
Алкоголь организмга қон орқали тарқалади. Қон организмнинг ҳамма орган ва ҳужайраларига кислород етказиб беради. Улардан ажралган чиқиндилар қонга тушади, сўнгра қон буйрак, ўпка ва бошқа органлардан ўтиб, у ерда тўхтайди, чиқиндилар ташқарига чиқариб ташланади. Аммо алкоголь организмда тўпланиб, танада моддалар алмашинувини издан чиқаради.
Ҳар бир аёл шуни унутмаслиги керакки, балоғатга етган давр бўлажак она учун энг масъулиятли палла ҳисобланади. Қиз бола ичкилик ичишга ўрганса, унинг тухумдони бир қадар анатомик ва физиологик ўзгаришларга учрайди. Ичкилик таъсирида гормон ишлаб чиқариш жараёни сустлашади. Оқибатда у келажакда бефарзанд бўлиб қолади, аёлнинг бўйида бўлмайди ёки ҳомиладор бўлса ҳам, чала туғади. Инглиз олими Джонс Олой алкоголнинг ҳомила организмига қандай тезликда ўтишини аниқлаш мақсадида туғаётган аёлга туғай деб турганида бир стакан сувга 20 грамм спирт аралаштириб берган. 12 дақиқадан кейин ҳомила қонида шу заҳар топилган.
Ҳомиладор аёлнинг ичкиликбозлиги туфайли организмида касалликларга нисбатан қаршилик кўрсатиш кучи камайиб кетади. Шунга кўра у юқумли касалликларга чалинади.
Ҳурматли аёлларимиз юқорида айтиб ўтилган фикрларимизни эътиборга олишлари, ичкиликка ружу қиладиган дугоналарини бу йўлдан қайтаришлари керак. Акс ҳолда сўнгги пушаймон асло фойда бермайди.
Жамолиддин ШЕРАЛИЕВ,
олий тоифали врач-нарколог.