Чорак аср ёшидаги истиқлолли ва истиқболли мамлакат - Ўзбекистон Республикаси халқи 2016 йилда ўзининг Юртбошиси Ислом Каримовни сўнгги манзилга кузатиб қўйгач, навбатдаги Президент сайловида ҳам кўнглидаги хоҳиш-иродасини ғоят эмин-эркин ифодалади. Жаҳондаги 5 та нуфузли халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчи қатнашиб, буни беҳад мамнуният билан тасдиқлашди. Уларнинг сиёсий партия­лар ўртасидаги рақобат ва курашга асосланган сайловимизни умум­эътирофдаги халқаро стан­дарт­ларга тўла мос ҳолда, эркинлик ва очиқлик руҳида ўтганини таъкидлашгани бизларнинг сиёсий савия­мизга, уюшқоқлигимизга берилган юксак баҳодир, албатта.

Чустнинг Олмосида Мамадалиевлар сулоласининг обрўйи баланд. Ахир халқ хизматига камарбаста кишилар ҳамиша барака топишган. Ризқ-рўзда ҳам, ҳурмат-эътиборда ҳам. Ҳалоллик ва фаоллик уларнинг кори амалларига айланганидан бободан отага, отадан болага бу хислатлар ўтаверади, набираларда давом этаверади. Раҳмату олқишлар оғушида яшаш бахтига нима етсин. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида турмуш қуришган ёш йигит Мамадалига оталик, Ҳанифахонга оналик бахтини илк бор туҳфалаган тўнғич ўғилнинг исмини Раҳматали аташганиям ана шундан.