Янгиқўрғон туманининг Поромон қишлоғи тоғ ёнбағрида жойлашган, ҳушманзара, ўзига хос табиатли аҳоли истиқоматгоҳларидан бири. Поромоннинг ўртасидан муздек, зилол сув оқиб ўтади. Ҳар бир ҳовли боғ - олма, нок, шафтоли дейсизми, айниқса олхўри, узумнинг кони дейиш мумкин.

Қишлоқ аҳли таъби латифликка мойил, бу ерда шеър деса ўзини томдан ташлайдиган кишилар яшаб, ижод қилишганлигиданми, пойтахт­да номи танилган, ҳар куни телевидение, ё радиода тўхтамай назм айтадиган қаламкашлар ҳар йили ёз келиб, кунлар қизий бошлаши билан ўзларини Поромонга уришади. Бу ерда истиқомат қилувчи Робиддин Исҳоқов домлани қора тортиб, шу томонга келаверишади. Кулбасига танда қўйишади. Бу гўшада уларнинг анжуманлари тонгга қадар давом этади. Шеърхонлик аскияхонликка уланади. Гурунглар қизигандан қизийди. Машваратлар гоҳ сой бўйидаги супада, гоҳ Ўн­ғордаги тоғ чўққиси ялангликларида давом этади. Бундай суҳбатларнинг донғи Тошкентдан нариёққа, Қозоғистондан Тожикистонга, ундан Қирғизистонгача бориб етади. Меҳмонларнинг кети узилмайди.

Ўтган аср 60-йилининг 11 мартида ана шу қалам деҳқони Робиддин домла хонадонида ўғил фарзанд дунёга келди. Унинг келажакда етук инсон бўлишини мўлжаллаб исмини Баркамол қўйишди. Бола дуркун, соғлом, тўрт мучаси бекам улғайди. Мактабни аълога битириб, онаси Мамлакатхон ая касбини танлаб, шифокор бўлишни ихтиёр қилди. Боиси муҳтарама волида қишлоқ фельдшер-акушерлик пункти мудири бўлиб ишлар, тоби қочган кишиларнинг бу даргоҳга қатнаб шифо топаётганлигини ўз кўзи билан кўриб докторлик касбига қизиқиб қолади.

Баркамол 1977 йили Андижон Давлат тиббиёт институтига ўкишга кириб, 1983 йилда имтиёзли тамомлади ва ўзи кўпроқ диққат қаратган соҳа даволаш ишига қўшиб жарроҳликни ҳам эгаллади. У дастлаб вилоят кўп тармоқли шифохонасида жарроҳлик бўйича интернатурани ўтади. Сўнг Наманган тиббиёт билим юртида ўқитувчи, вилоят кўп тармоқли шифохонасининг хирургия бўлимида ҳам врач-эндоскопист бўлиб ишлади.

У қаерда фаолият кўрсатмасин интилувчанлиги, талабчанлиги, вазифасига астойдил ёндашиши билан ажралиб турарди. Б. Исоқов бир неча йил республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали функционал диагнос­тика бўлимида етакчилик қилиш асносида туман марказий шифохоналари учун эндоскопист врачларни тайёрлади, бирламчи ихтисослашув шу вилоят шифохонаси эндоскопия хизмати остида ташкил этилди. Гастрофиброскопия, колоноскопия, бронхоскопия, лапароскопия хизматини такомиллаштириш борасида ўзига хос мактаб яратди.

Ҳар бир ихтисосликнинг ҳам ўз усталари бўлади. Ана ўшаларгина соҳа ривожида ҳал қилувчи ўрин эгаллашади. Баркамол соғликни сақлаш бошқармаси бош эндоскописти сифатида санитар авиация орқали туман шифохоналарига бориб, малакали эндоскопия хизмати ташкил этилишига бош-қош бўлди. Янги асрнинг бошларида республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали абдоминал хирургия бўлимининг катта илмий ходими вазифасида ишлаб, хирургиянинг долзарб мавзуларидан бири бўлган жарроҳлик амалиётларидан сўнгги перитонитларда эндовидеохирургиянинг афзалликлари буйича илмий изланиш олиб борди.

Академик В. Воҳидов номли РИХМ бирлашган ихтисослаштирилган илмий кенгашида профессор А. М. Хаджибаев раҳбарлигида "Операциядан сўнгги перитонитни комплекс даволашда программалаштирилган видеолапароскопик санация" мавзуида диссертация ҳимоя қилди ва олий аттестация комиссияси томонидан 2007 йилда тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олди. Ҳимояга Россия Федерацияси, Қозон тиббиёт академияси профессори А. Н. Чугунов оппонентлик қилади. Ҳозир эса ана шу мавзуга доир монография устида ишламоқда.

Баркамол Исоқов 2005-2008 йилларда республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали директори лавозимида фаолият кўрсатди. Сўнгра республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали 2-шошилинч абдоминал хирургия бўлимининг мудири, ординатори, 2019 йилдан филиал бош врачининг хирургия ишлари бўйича муовини вазифасида ишламокда.

У илмий-услубий йўналишлардаги 200 дан зиёд маъруза тезислари, эндоскопия ва эндохирургия­га оид 5 та рационализаторлик таклифи, 1 та услубий қўлланма, 2 та ахборот хати муаллифи, Россия Федерацияси "Эндоскопик хирургия" жамиятининг ҳақиқий аъзоси. Баркамол Исоқов 1986-2008 йиллар мобайнида бир қатор юқори технологик диагностик ва даво усулларини амалиётга тадбиқ этди.

Айниқса, тиббиёт фанлари доктори М. Ҳ Ваққосов раҳбарлигида панкреатоген перитонитларда эндохирургик муолажалар, деструктив холециститларда ЛХЭ, интраоперацион холангиография, операция ўтказган беморларда лапароскопик операциялар ва симултан эндохирургик операцияларни амалиётга тадбиқ этишга қўшган салмоқли ҳиссаси таҳсинга лойиқдир.

Кейинги ўн йилликларда Тошкент, Фарғона, Бухоро, Урганч, Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган "Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари" мавзуидаги илмий-амалий конференцияларда, Мустақил Ҳамдўстлик Давлатларида бўлиб ўтган халқаро эндоскопик хирургия ўқишларида, "Воҳидов ўқишлари"да ўз илмий маърузалари билан иштирок этди. Баркамол Исоқов айни пайтда лапароскопик технологияларнинг шошилинч жарроҳликда, гастроэнтерология ва гепатологияда, ултратовуш диагностикасида, нейрохирургияда, гинекологияда, кардиохирургия­да қўлланилиши борасида ўтказган кузатишлари асосида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Унинг турмуш ўртоғи педагог, икки нафар фарзанди шифокор ва икки нафари вилоятдаги ўрта умумтаълим мактабларида ёш авлодга таълим-тарбия беришмоқда.

М. ТУРСУНОВ тайёрлади.