Инсоннинг кимлиги мол-дунёси, амали, гўзаллиги, шода-шода марваридларию, қўша-қўша машиналар билан эмас, ички дунёсининг гўзаллигида намоён бўлади. Тўғрисўз ва ҳалол инсон йўли очилган гулга ўхшайди. Ишончим комилки, тумандошларимиз ҳам элим деб, юртим деб меҳрини, қалб қўрини Ватан ва ватандошлари хизматига бахш этаётирларки, натижада Янгиқўрғонимиз кунда бир яшнаб, яна ҳам кўркамлашмоқда. Бунда туманимиздаги барча соҳа вакилларининг муносиб улуши бор, албатта. Бироқ бу юмушларни бажариш учун аввало одамнинг тану жони соғ бўлиши лозим. Соғлик ҳақида гап кетганда, кўз ўнгимизда шубҳасиз, оқ халатли халоскорлар пайдо бўлади.

Врач деганда кўз ўнгингизда "Фигура" намоён бўлади. Аммо ҳамшира сўзи оддийгина айтилади. Беморларнинг дардига малҳам қў­йишда ҳамшираларнинг заҳмати врачларникидан кам эмас. Улар фаолиятида меҳнат, матонат ва беморларга ўзгача меҳр-эътибор мужассам. Туман тиббиёт бирлашмасида ўттиз йилдан буён ўксик дилларга малҳам қўйиб келаётган олий тоифали ҳамшира, ички касалликлар бўлимининг катта ҳамшираси Раъно Нуриддинова ҳам фидойи халоскорлардан бири.

Раънохонни нафақат бўлимда, балки тумандаги барча тиббиётчилар ҳамда унинг беморлари яхши билишади, ҳурмат қилишади. Айниқса уйда муолажага муҳтож беморларнинг хонадонига борганда уларнинг кўзи севинчдан порлаб кетади. Чунки Раънохон касбининг чинакам фидойиси. У ўзининг майинлиги, одамшавандалиги, ғайратли, интизомли, қобилиятли, ширинсўз ва меҳрибонлиги билан тилга тушган, эл олқишига сазовор бўлаётган жафокашлардан бири.

У ўтган асрнинг етмишинчи йилнинг куз ўртасида Янгиқўрғон шаҳарчасининг Қўриқ маҳалласида таваллуд топган. Отаси Мирзааҳмад ака пахта пунктида тракторчилик касбини ардоқлаган бўлса, онаси Саодатхон ая колхозда ишлаган. Икки ўғил ва тўрт қизларни ҳалол ризқ едириб, эл корига ярайдиган қилиб тарбиялашган. Раънохон шу оиланинг иккинчиси.

Биринчи устози Нусратхон ая Раҳматуллаевадан ёзув-чизувни ўрганди. Табиатан одоби, сермулоҳаза ва ташкилотчилиги, дарсларни пухта ўзлаштириши туфайли синфдошлари орасида эътибор топди. Байрам ва турли тўгаракларда шеър­ларни маромига етказиб, ифодали ўқишни ёқтирса-да, синфдан синфга ўтаркан тарих, кимё ва биология фанларининг сеҳри уни ўз "доми"га торта бошлади. Устозларидек ёшлар мураббийси бўлишни орзулаб мактабни битираётган йили:

- Қаттиқ касал бўлиб ётиб қолдим, - дейди Раъно. - Онам туну кун мен ҳақимда қайғурганларини кўриб қийналардим, таскин бериш ҳам қўлимдан келмасди. Шуниндек, тузалгунимча шифокору ҳамшираларнинг беминнат хизматларидан ҳайратланганман... Тузалиб уйга қайтар эканман, келгусида беморларнинг дардига малҳам бўламан, деган қатъий орзуни дилимга тугдим.

...Чортоқдаги тиббиёт билим юртини тамомлаб ички касалликлар бўлимига ишга келганда ҳамма ишни қойиллата оладиган кайфиятда эди. Аммо назария билан иш орасида фарқ борлигини ҳали Раъно билмасди. Мушкулини тажрибали ҳамшира Ўғилхон Йўлдошева осон қилди. Тиббиётнинг нозик сир-асрорларини ўрганишга ҳаракат қилган шогирди ҳам астойдил изланди ва зеҳнли ҳамширалар сафидан ўрин олдики, унга ихлос қилувчилар кўпайди.

- Бир воқеа ҳамон ёдимдан чиқмайди, - дейди Раънохон, - астма касали билан оғрийдиган ва бўлимимизда мунтазам даволаниб турадиган аёлнинг касали хуруж қилиб, ўзини ташлаб юборади. Босими тушиб, пульс йўқолади, ранги кўкариб кетади. Дарҳол муолажа бошланди. Бемор атрофида мутахассис врачлар гиргиттон. Ёшлигим туфайли бўлаётган ўзгаришларни кўриб ўзимни йўқотаёздим. Аммо врачнинг кўрсатмаси билан беморнинг томирига укол қилишим керак эди, ҳайриятки бир мартада буни уддасидан чиқдим. Назаримда бемор жуда тез ўзига келиб, кўзини очди ва нигоҳини менга қадади-да: "Раънохон мен ҳозир самолётда учиб кетаётган эдим. Сиз самолётга тош отдингиз ва тош самолётнинг ғилдирагига тегиб мени ташлаб кетди", деганида кўзимдан ёш отилиб чиққан. Ҳа, бу ўз вақтида кўрсатилган муолажа туфайли беморнинг тирик қолганидан севинч ёшлари эди.

Мақоламиз қаҳрамонининг ўттиз йиллик меҳнат фаолияти давомида бундай севинч ёшларига кўп бор гувоҳ бўлишган. Айтишгагина осон ўттиз йил мобайнида сабр тоқат, касбга садоқат, беморларга меҳр, жамоадошлари орасида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлишдек фазилатлар ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди...

У ноёб мутахассис бўлиши мумкин, аммо ҳаётида инсонга меҳр етакчилик қилмас экан, мақсадга эришолмайди. Соҳанинг ҳар икки қиррасини бирдай эгаллаш учун эса тинимсиз ўқиш, изланиш, бажараётган вазифасига виждонан ёндошиш талаб этилади. Самимийлик ва ростгўйликни қадрлаш баробарида ёлғончи ва иккиюзламачиларни "жини" суймайдиган Раънохонда айнан юқорида таъкидланган сифатлар мавжудлиги сабаб ҳам эл олқишига сазовор бўлиб келаётир. У ўн беш йил муолажа ҳамшираси бўлиб ишлаган бўлса, ўн беш йилдирки туман тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлимида катта ҳамшира вазифасини сидқидилдан адо этмоқда.

Ҳар бир оқ халат соҳиби иш қилаётганда ёҳуд ўзга кишига сўз айтаётганда, албатта, оқибати ҳақида ўйлаши муҳим. Биргина ширин сўз, биргина мадад билан беморларни ҳаётга қайтариш мумкин. Ёки аксинча.

- Эгнимдаги халат мен учун шунчаки либос эмас, - дейди биз билан суҳбатда Р.Нуриддинова. - Бу беморларга виждон амри билан ёрдам беришимга ундовчи восита. Мен ўз касбимдан бошқасини тасаввур ҳам қилолмайман. Бўлимимизда етмиш нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Беморларга дори-дармон тарқатишни яхши кўраман. Улар соғайиб, уйларига қайтаётганларини кўрсам мендан бахтиёр одам бўлмайди. Ўттизга яқин шогирдларим - ҳамшира қизларга устозлик қилаётганимдан хурсандман. Агар ҳаётимни бошқатдан бошлаганимда яна шу касбимни танлаган бўлардим.

Менат фаолиятини бошлаган йили оила қурган Раънохон турмушдоши билан Шоҳсанамхон, Баҳодиржон ва Самарбек исмли солиҳ фарзандларни тарбиялаб вояга етказишди. Икки нафар набиралари ҳам бор.

- Орзу ва армонларингиз борми? - деган саволимизга қуйидагича жавоб олдик: "Орзуим - ўғилларим тиббиёт олийгоҳларида ўқиб, келажакда беморларнинг халоскори бўлсалар. Энг буюк армоним - отам бизнинг бугунги бахтли кунларимизни кўрмаганлари".

Биз бугун қаламга олган олий тоифали ҳамшира вилоят ва туман ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш бош­қармаларининг "Фахрий ёр­лиқ"­лари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланган. Раънохон Нуриддинова ҳақида ҳар қанча кўп ёзсак, шунча камга ўхшайди. Муҳими, халқимиз саломатлиги йўлида тиним билмай ишлаётган Раънохонлар кўпаяверсин!

Қамбар ҲАЙДАР,

Янгиқўрғон тумани.