- Курилди: 127
Cодиқ САЙҲУН
ЯНГИ ЙИЛ СЎРОВЛАРИ
Вақтнинг бағрида умр улғаяр,
Кимгадир бешафқат, кимнидир аяр,
Қадрин билганларга мудом ўнг қарар,
Заҳматли кечган он раҳматга ярар,
Қанот бер, Янги йил, юксалишларга.
Меҳмонга мунтазир ўзбек қучоғи,
Остонаси гавжум умрин ҳар чоғи,
Оловли тандиру қозон-ўчоғи,
Тўйлашса ёзилар барча чарчоғи,
Ҳиммат бер, Янги йил, эҳсон ишларга.
Қадоқкафт қавмга кетмон оғирмас,
Минг бор эгилса ҳам бели оғримас,
Йил бўйи лаҳзани елга совурмас,
Хирмонли – беармон, кузда оҳ урмас,
Ривож бер, Янги йил, ризқланишларга.
Толганми ҳар тонгни туҳфалаб қуёш,
Уфқда жилмайган жамоли нурфош,
Тунма-тун тўлишар ой бизга йўлдош,
Шуъладор юлдузлар азалий нурдош,
Қувват бер, Янги йил, руҳланишларга.
Ҳарсангга айланар қўнаверса гард,
Тандан қувмоқ мушкул эскирганда дард,
Лоқайду мудроқи бўлсин ҳушёр, мард,
Эртанинг ғамини бугун чекмоқ шарт,
Имкон бер, Янги йил, ўзгаришларга.
Дайди булутларни ёқтирмас осмон,
Гоҳ оппоқ, гоҳ қора тусланар осон,
Замингга қайтади йиғлоқи шайтон,
Содиқ юлдузларга ўхшаркин қачон?
Иймон бер, Янги йил, қалби бўшларга.
Умримиз зийнати олқишу савоб,
Гуноҳкор ҳар банда бўлгуси ҳароб,
Эл шўри таъмагир амалдор арбоб,
У шаксиз эртасин айлагай сароб,
Нажот бер, Янги йил, покланишларга.
Курраи заминда халқ кўп, миллат кўп,
Ўрганишга арзир ўрнак, ибрат кўп,
Қўл чўзсак, қўл тутар олийҳиммат кўп,
Ҳамкорликда ҳикмат, қадру қиммат кўп,
Меҳр бер, Янги йил, дўстлашишларга.
Тилимиз қичитмас ҳасаддек бало,
Бормикин камолга ҳавасдан аъло,
Мўъжиза кутишиб ётмасмиз асло,
Ўзбекистон беҳад ҳайратли маъво,
Илҳом бер, Янги йил, изланишларга.
Ажабо! Совуқ қиш қалбни қайнатар,
Сербезак арчалар кўзни яйратар,
Иссиқ уй тор келиб, қорда ўйнатар,
Болаларнинг боши кўкларга етар,
Авж бер, Янги йил, завқланишларга.
Ҳурланиб халқландик, оёққа турдик,
Шашти баландликда буюклик кўрдик,
Ҳеч юрмаган йўлдан мардона юрдик,
Дунёга довруқли мамлакат қурдик,
Суръат бер, Янги йил, юксак ишларга.
Халқимиз хотиржам – кун йўқ низоли,
Давлатидан доим кўнгли ризоли,
Шундайин Ватаннинг борми тимсоли,
Гўё насибадай беҳишт висоли,
Қўним бер, Янги йил, Ҳумо қушларга.