(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Ёзаётган фикрларимиз муболағадан холи. Балки топиб гапиролмаётгандирмиз. Аммо, мемуар асари "Бобурнома", ғазаллар ва рубоийлари қатига сингдирилган ҳаётий ҳақиқатлару, ҳиссиётга бой қалбий кечинмалар шунчалар кўпки, биз сизга гўё дарёдан томчи тутаётгандекмиз. Миллатимиз мумтоз адабиёти икки алломаси ўзимизни ва сўзимизни дунёга танитгани қайси ўзбекка ғурур бағишламайди, қайси ўзбек уларнинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни мириқиб тингламайди.

Атоқли шоир ва олим Мақсуд Шайхзода: "...Навоий Бобурсиз Навоий бўлиб қолди, лекин Бобурни Навоийсиз тасаввур қилиш қийин" деганида минг бора ҳақ эди.

Бобур Навоийнинг болалиги, ёшлиги, ижодий камолоти хусусида барча билганларини узуқ-юлуқ бўлса ҳам эътиборидан қочирмайди. Гўё унинг таржимаи ҳолига аниқлик киритиб боради. Султон Ҳусайн шахсига тўхталганда: "Яна Алишербек Навоий эди, беги эмас эди, балки мусоҳиби эди, кичиклигида ҳаммактаб экандурлар" деб ёзади. Бундан кўринадики, у эшитганларини хотирлаб, қоғозга туширади. Бобурнинг зийрак кузатувчанлиги битикларида яққол сезилиб туради. Энг муҳими, Алишербекнинг ёшлигидаёқ бошига тушган ташвишли ҳолатларгача яхшиликка хизмат қилганини, ҳатто таваллуд шаҳридан йироқлаштирилганигача охир-оқибат хайрли кечганини англатувчи сатрларни ўқиймиз: "Билмон, не жарима била Султон Абусаид Мирзо Ҳирийдин ихрож қилди. Самарқандга борди, неча йилким, Самар­қандта эди. Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввийси (ҳомийси – С.С.) эди. Алишербекнинг мижози нозик била машҳурдир. Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эрдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибилий (туғма – С.С.) экандур. Самарқандта эканда ҳам ушмундоқ нозик мижоз экандур".

Бобур қуруқ мақтовларни ёқтирмаган. Самимий муносабат доирасида қалам тебратган. Ҳаётий ҳақиқатларни далилли қайд қилган. Ўзига яқин олгани учун шоир Навоийни тахаллусидан кўра исми билан аташни афзал билган: "Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айт­қон эмас. Олти маснавий китоб назм қилибтур, беши "Хамса" жавобида, яна бири "Мантиқут-тайр" вазнида "Лисонут-тайр" отлиқ. Тўрт ғазалиёт девони тартиб қилибтур..."

Ҳар бир инсон ўзига маъқулу манзур ҳолатни ёқлаб гапиради, ёзади. Бобур ҳам бундан мустасно эмас. У Навоийдаги намунали хислат ва фазилатларни, албатта, улуғлаш йўлидан борган: "Аҳлу фазл ва аҳлу ҳунарга Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай. Устоз Қулмуҳаммад ва Шайхи Нойи ва Ҳусайн Удийким, созда саромад эдилар, бекнинг тарбият ва тақвияти била мунча тараққий ва шуҳрат қилдилар. Устоз Беҳзод ва Шоҳ Музаффар тасвирда саъй ва эҳтимоми била мундоқ машҳур ва маъруф бўлдилар".

Кимки Навоийга боғлиқ томонлари бўлса, бу Бобурнинг назаридан четда турмаган, ўз ўрнида қисқа ва тушунарли қилиб ифодалаганини воқеалар йилномаси баёнида учратиб бораверамиз. Диний билимларни пухта эгаллаган тақводор фузалолар тоифасига тўхталгандаям шу одатидан чекинмаган. "Яна Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий эди (гап Ҳусайн Бой­қаронинг умароси ҳақида кетяпти – С.С.) агарчи сўфи эмас эди, мутасаввиф эди. Алишербек қошида мундоқ мутасаввифлар йиғилиб, важд ва самоъ қилурлар экандур. Аксаридин мунинг усули яхшироқ экандур. Ғолибо сабаби ривояти усули бўлубтур".

Навоийнинг наинки яқинлари, дўстлари, айни замонда душманлари тўғрисидаги ҳаққоний фикрларгача Бобур битиги орқали бизгача етиб келган. Чунончи, Султон Ҳусайннинг вазири Маждиддин Муҳаммад хусусида қуйидаги қайд­номага кўзимиз тушди: "Алишербек бошлиқ жамиъ беклар ва аҳли мансаб била зиддона маош қилди, бу жиҳаттин барча анинг била ёмон бўлдилар... Маждиддин Муҳаммадни туттуриб, маъзул қилдилар. Анинг ўрнига Низомулмулк девон бўлди".

"Вақоеъ" саҳифаларига кўз югуртиришда давом этсак, тағин бир неча ўринларида Алишербекка дахлдор мисралар тизимига дуч келамиз. Инчунин, XV асрнинг иккинчи ярмида Хуросонда яшаган шарафга муносиб қанча илму ижод намояндалари борки, уларнинг аксарияти Навоий назарига кирган хизматига олинган ёки рағбатига сазоворликка эришган. "Хушнавислардин агарчи хейли киши бор эди, вале борининг саромади насх таълиқда Султон Али Машҳадий эди. Мирзо учун, Алишербек учун қалин китобатлар қилди. Ҳар кунда ўттуз байт мирзо учун ва йигирма байт Алишербек учун битир эди". Ана энди ҳисоблаб кўрайлик: 1 ойда 600 х 12=7200 байт. Демак, ҳуснихатчи хаттот йилига буюк ижодкорнинг ўртача 1000 байт­ли назмини 1 жилдга жамласа, 7-8 та қўлёзма китоб қилинарди, деган хулоса ясашимиз мумкин. Бу, биргина хаттотники, Навоийнинг атрофида бунақа ҳуснихатчилар ягона эмасди, аксинча, мухлислари кўпдан кўплиги туфайли ҳаттотнинг сиёҳи қуримаёқ мутолаачилар ўртасида Навоий назми қўлма-қўл юргани бор гап.

"Бобурнома"нинг 1505-1506 йил воқеалари баёнида янада қимматли маълумотларни учратамиз. Ҳусайн Бойқарога Навоий бетаъма муносабатда бўлганлигини "Мирзодин нима олмас, балки йилда Мирзоға куллий маблағлар пешкаш қилур эрди" деган қисқа сатр­лари далиллайди. Бири давлатнинг, бири шеъриятнинг султони мақомидаги икки содиқ дўстнинг ўзаро ҳурмату садоқатига балки ич-ичидан ҳавас қилгандир. Навоийнинг хастаҳолликка қарамай, умрининг сўнгги дақиқа ва лаҳзалари болаликдан қадрдон дўсти билан дийдорлашишда кечганини бесабаб таъкидлаб ўтиб кетмаган. "Султон Ҳусайн Мирзо Астробод черикидин ёнғонда истиқболға келди, (Навоий – С.С.), Мирзо билан кўрушуб қўпқунча, бир ҳолате бўлди, қўполмади, кўтариб элтдилар. Табиблар асло ташхис қила олмадилар. Тонгласиға-ўқ тенгри раҳматиға борди. Бир байти ҳасби ҳол воқе бўлубтур:

Бу дард илаки ўлармон, мараз чу зоҳир эмас,

Табиблар бу балоға не чора қилғойлар".

Ҳинд халқининг буюк раҳнамоси Жавоҳирлал Неру ибораси билан айтганда: "Бобур – дилбар шахси эди". У назмнависликда Навоийдан кейинги юқори мартабага муяссарланди. Устозига ихлоси умри поёнига қадар кучайса кучайдики, асло сусаймади. Эътиқодда мустаҳкам ва муқим яшади. 1519 йил воқеалари баёнидан билдикки, у давлат бошқаришу ҳарбий юришлар саркардаси сифатида қанчалар банд бўлмасин, Алишербекни унутмади, ўзи билан туркона тароналарнинг ноёб яратиғига айланган "Чордевон"ни бирга олиб юрган. "Одина куни ойнинг йигирма учида Алишербекнинг тўрт девонидин буҳур, авзон бир байти била ғазаллар ва абётким интихоб (сайланма – С.С.) қилиладур эди, итмомиға етти".

Биз ғойибона дўстлик, устозу шогирдлик ва ниҳоят ихлосу эътиқод ришталари мустаҳкамлигини таъминловчи жиҳатларни ҳар икки шахснинг ўзаро ҳаёт тарзи, орзу-истаги, мақсади, фазилати, феълу атворидаги ўхшашлигидан изласак мутлақо адашмаймиз. Навоийнинг Бобурга эътиборию, Бобурнинг Навоийга шайдо қилган омилларни аниқлашга уринайлик. Иккиси ҳам темурийзода, иккиси ҳам болалигидан аҳли донишлардан сабоқ олган, иккиси ҳам валийларни пир тутган, иккиси ҳам сарой тарбиясини олган ва айни вақт­да меҳнаткаш халқ тақдирига қайғурган, иккиси ҳам адоватни қоралаб, адолатни ёқлашни ҳамиша афзал билган, иккиси ҳам турмушнинг майда ташвишларидан кўра, буюк ишларга умрини бағишлаган. Буларнинг барчаси улар тақдирлари тарозисининг бир палласида турса, иккинчи палласида кўнгллари илоҳий илҳомга ошнолиги туфайли ибратли ҳаёт мувозанатига мушаррафликка интилишган. Натижада дунё бадиий тафаккурининг дурдона меросини бойитган улуғ зотлар қаторида бўй кўрсатишган.

"Бобур энциклопедияси"да таъкидлаб ўтилганидек: "Бобур бутун ижоди мобайнида Навоий шеъриятига мурожаат этиб турган, унинг шеърларига назиралар боғлаган ёки Навоий байтларидан таъсирланиб" қалам тебратган. Бунинг ўзи ҳам алоҳида илмий мақола мавзусидир.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.