ёхуд ўзини ўзгалардан устун қўяётган сайроқи Михаил Соломин ҳамда Сергей Михеевга жавоб

Кейинги пайтларда қулоғимизга ёқмайдигангина эмас, ҳатто маъно-моҳиятида зиғирча ҳақиқат ётмайдиган гаплар Россия телевидениеси, ижтимоий тармоқларда бот-бот чалиниб қолмоқда. Бу, виждони уйғоқ ҳар бир миллатдошимизнинг очиқ-ойдин ғашига тегяпти. Наҳотки, ҳали ҳам ўзбекни менсимайдиган кимсалар мустақил мамлакат қуриб, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнимизга эга бўлганимизни кўришолмаяпти ёки кўришни исташ­маяпти? – деган савол беихтиёр тинч қўймайди. Ҳа, ҳасадгўй, димоғига қурт тушган, ҳанузгача бир вақт­лардаги сохта "улуғ оға"лигини қўмсовчи айрим калтабин рус сиёсатчилари афсуски ҳозир ҳам ғимирлаб, ғингшиб қолишмоқда. Асабимизни бузишмоқда. Россия телевидениесининг НТВ каналида Михаил Соломин отли "доно мозийшунос" нусха биз туркий халқларга бўлган зўравонларча ҳамда ғаразли қарашини ишора қилишдан тилини тиёлмади.

Мана, ўша чала олимнинг чалама-чакки фикри:

"Қозоғистон қандай пайдо бўлди? Аввал РСФСР таркибида ташкил этилган. Унгача ҳеч қандай қозоқлар бўлмаган. Қирғизлар эса қозоқлар ичида эди, сўнг алоҳида ажралиб чиққан. Ўзбеклар ре­­во­­л­юци­­ягача мавжуд эмасди. Бундай этник номланиш бўлмаган. Марказий Осиёнинг айрим халқларидан ташкил этилган. Озарбайжонлар – кимлар улар? Озарбайжон деган миллат бўлмаган!"

Эҳ-ҳа, инсон шу қадар ҳам пасткаш, ҳасадчи, калтабин, ёлғон сўзлашдан қўрқмайдиган олчоқ бўладими?! Қарангга, барча дўстларимиз билан бирга бизниям бундан юз йил муқаддам бўлмагангачиқарибди гўё. Ўзини ким санаяпти Михаил Соломин?! Манфур ғоясини дилида сақлаб туролмай, тилида ошкорлаб, шовинистликка йўл қў­йибдику, рус сиёсатининг соқолли, қартайган қўғирчоғи.

Эй, Михаил Соломин! Сени нодонликда асло айблай олмайман. Кўп нарсани биласан, тарихий китобларни яхшироқ ўқимабсан, холос. Ёки ўқисанг-да уқишга ғуруринг етмадими? Шунақа, замон эврилиб туради. "Кеча ким эдигу, бугун киммиз?!" саволидан биз фахрларга тўлиб яшаётганимизни кўришга кўзинг йўққа ўхшайди. Бас қил, алжирашни. Ўзинг яхши билганингдек, туркийлар жуда қадимий халқ, ўзбек эса улар ичида турк­нинг бош бўғини бўлиб, Ер юзининг салкам ярмига ҳукмдорлик қилган Амир Темур бобомизниям тан олмасликка иложинг йўқ. Фақат ҳақиқатга тик боқолмайсан. Аслида қудратли бобомиз сенинг тупроғинггача етиб боргану, лекин ўзига муносиб рақибликка эп кўрмаганлигини тарихий китобларга хаёлингни бир жойга қўйиб, яна бир марта кўз югуртирсанг, зора чайқалган ақлинг ўз ўрнига, мувозанатга келиб қолсаям ажаб эмас!

Билиб қўй, ўзбеклар ҳақсизликка, бўҳтонга, кутилмаган туҳматга дуч келишса, доду фарёд қилишдан кўра, "Сени худога солдим", "Худонинг ўзи жазойингни берсин!" дея ранжишади. Кел, тарихни титкилама, унда фақат ўзинг шармандаю, шармисор бўлишинг­дан бошқа иложинг йўқ!

Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларини икки қулоғинг­га қуюб ол:

Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим,

Сенга тенгдош помиру оқсоч Тьяншон ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу сўйласин Ўрхун хати,

Кўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим!

Юқоридаги уқдиргиларимиз "Справедливая Россия" партияси аъзоси Сергей Михеевга ҳам дахлдор. Чунки яқинда у уялмай-нетмай: "Агар биз бўлмаганимизда ўзбеклар иштонсиз юрган бўлар эди", деб кўкрак керганига бало борми! Тўғри, ўзбекистонликлардан бир неча миллиони Россияда ишлашяпти. Улар нонларини ҳалол меҳнат билан топишяпти. Руслардан эҳсон кутишаётгани йўқ. Қайтанга катта мамлакатнинг катта иқтисодиётига катта ҳисса қўшишяпти.

Биз, ўзбеклар – ўзбекистонликлар барча давлат халқлари билан тенг гаплашиб, дўстона алоқада тинч-тотув яшашни хоҳлаймиз. Эшитилаётган ғаразли иддаолар эса, фақат ва фақат ўртадаги ишонч кўприкларига зарар етказади, холос. Иккинчи сиёсатдон Сергей Михеевнинг ўзбекларнинг яна битта иборасидан бохабар бўлишини истаймиз. Жаноб! "Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди". Сиз бундай ножоиз фикр юритишдан тилингизни вақтида тийинг!

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

"Шуҳрат" медали соҳиби.