Зиёвиддин МАНСУР

ДУНЁНИНГ НИГОҲИ ҚАДАЛГАН ЗОТЛАР

(МАРДИ МАЙДОН ШИФОКОРЛАРГА)

Сизни ҳур дейинму, малак дейинму?

Ё доим иш билан ҳалак, - дейинму?

Соғлиққа посбонсиз, шу боисдан ҳам

Қадрингиз осмону фалак, - дейинму,

Халати мисоли беғуборларим,

Илҳомбахш, оромбахш шифокорларим!

 

Луқмони Ҳакимдан мерос бу соҳа,

Мустаҳкам соғлиққа асос бу соҳа.

Зарурат бўлса шоҳ - гадо дуч бўлар,

Барчага аркони ихлос бу соҳа.

Энг зарур чоғларда энг даркорларим,

Ноёб касб соҳиби - шифокорларим!

 

Худойим кимнидир шошириб қўяр,

Кимнидир пуфакдай шишириб қўяр.

Қай зотни у азиз қилмоқчи бўлса,

Барчанинг ишини тушириб қўяр.

Сиз ўша ҳамманинг иши борларим,

Касби хўб, иши кўп шифокорларим!

 

Илк маълумотнома ёзувчи ҳам сиз,

Никоҳга мос-номос сезувчи ҳам сиз.

Қазойи маллақ рўй бергани чоғда

Далолатномани тузувчи ҳам сиз.

Тиригу, ўликка илк саркорларим,

Қадрдон, жонажон шифокорларим!

 

Соғлиқсиз ҳеч кўнгил тўларми, ахир,

Сизларсиз соғ одам қоларми, ахир?

Ҳаттоки эр-хотин яширган сирни

Сизларга айтмаса бўларми, ахир?!

Ёрдан-да яқинроқ дўсту ёрларим,

Дилдошим, сирдошим шифокорларим!

 

Ҳа, ҳар он вақтимиз чоғлиги зарур,

Бунинг-чун кўнглимиз тоғлиги зарур.

Вақти чоғ, кўнгли тоғ бўлмоғи учун

Энг аввал инсонлар соғлиги зарур.

Соғлиққа биринчи тарафдорларим,

Қаторда норларим, шифокорларим!

 

Аёлми, эркакми, сизга барибир,

Баҳорми, кузакми, сизга барибир.

Барчага баробар дастёр эрурсиз,

Керак, нокеракми, сизга барибир.

Ким дардга чалинса харидорларим,

Эй, аҳли одамий шифокорларим!

 

Ишимиз тушса ҳам сизни излаймиз,

Тишимиз тушса ҳам сизни излаймиз.

Ой-куни яқинлаб қизлар, келинлар

Дардлари пишса ҳам сизни излаймиз.

Эй, сиз, "Тез ёрдам"чи дастёрларим,

Беғараз, беминнат шифокорларим!

 

Бу дунё-савдоси қайнаган бозор,

Ким унда сотувчи, кимдир харидор.

Бозори юрмай, хор-хаста бўлганда

Отадан жирканган фарзандлар ҳам бор.

Сиз эса ҳамиша ҳокисорларим-

Эй жони садоға шифокорларим!

Қай жаллод қўлига пичоқ тушган дам,

Сўйилса ажабмас ҳаттоки одам.

Небахтки, меҳрибон жарроҳ қўлида

Малҳамга айланар ҳатто пичоқ ҳам.

Тиғда ҳам оғритмас беозорларим,

Эл ризо, жонфидо шифокорларим!

 

Номингиз дилларга жойланса, нетонг

Шод диллар таъзимга шайланса, нетонг?

Сиздаги ақл ва тафаккур билан

Заҳар ҳам асалга айланса нетонг?!

Эй, Ибн Синодай ифтихорларим,

Дунёни лол этган шифокорларим!

 

Сиз тинчлик чоғда ҳам уруш ҳолдасиз,

Эл уйқу ҳолда сиз юриш ҳолдасиз.

Эл-юртнинг-умумнинг соғлиги учун

Ҳар шахсий ишдан юз буриш ҳолдасиз.

Туну кун беором ва бедорларим,

Юртпарвар, элпарвар шифокорларим!

 

Билдик, дард сўрамай келиши мумкин,

Ҳаётда ҳар бало бўлиши мумкин.

Халқларни ўлатдан ёлғиз Худо ва

Шифокор қутқариб қолиши мумкин.

Худойим берган мард фидокорларим,

Чиндан мард ва ҳамдард шифокорларим!

 

Дейдилар: Шифокор-бемор бир томон

Бўлганда ёлғиз дард енгилар ҳар он.

Шу ҳолат бор экан, иншооллоҳким,

Ҳеч бир дард енголмас бизни ҳеч қачон.

Эй, тоза кўнглида Аллоҳ борларим,

Ҳаққа ёр, халққа ёр шифокорларим!

 

Дард берган Худойим ҳамиша-ҳар дам,

Ўзи бахш этгайдир шифосини ҳам.

Аллоҳим! Ўзинг ёр, ўзинг мададкор

Бу бало ҳам шаксиз топажак барҳам.

Ахир хуш ният ҳам давлат-ку ярим,

Художўй, дуогўй шифокорларим!

 

Сизларни ҳар қанча олқишласак кам,

Қанча шеър, қўшиқлар бағишласак кам.

Дунёнинг нигоҳи қадалган зотлар,

Сизларни қанчалар кўп хушласак кам.

Эй, нажот манбаи-халоскорларим,

Ҳар бемор қалқони шифокорларим!

 

Бу кунлар ўтади, кетади ҳали,

Ҳақ ўзи хавфни даф этади ҳали.

"Аъло"га ўтиб бу имтиҳондан ҳам

Қутлашмоқ фурсати етади ҳали.

Эртанги нишондор, унвондорларим,

Рағбатга муносиб шифокорларим!

 

Энг олий бахт-ҳалол хизмат бўлади,

Хизматга мукофот-роҳат бўлади.

Сиздайин яхшилар у дунёда ҳам

Абадий ётар жой-жаннат бўлади.

Эй, икки дунёда бахтиёрларим,

Ҳеч қачон кам бўлманг, шифокорларим!

 

 

АҲЛИ БАШАР ТИЛАГИ

Қудратинг бемисл, шавкатинг тенгсиз,

Сенга мос тимсол йўқ, сенга йўқ эгиз.

Ким сенга мутеъмас, ким букмагай тиз?

Борлиқда неки бор, бир сенга қарам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Гуноҳкор бандамиз, Аллоҳимизсан,

Ҳар ишдан воқифсан-огоҳимизсан.

Ишонган ягона паноҳимизсан,

Караминг кенг, ахир! Қўлла бу гал ҳам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Гўё биз куйманиб баҳор, ёз, куз, қиш,

Чекинди ғаму ғаш, чекинди ташвиш,

Асли сен бўлмасанг унмас бирон иш,

Сен учун ҳеч гапмас, бериб куч, чидам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Дилларда ҳамиша бўлиб Сен йўлдош,

Айладик қанча хавф, балоларга дош,

Бу гал ҳам ёрлақаб, ўзинг бўлиб бош,

Илоҳим, ўчмасин ҳаёт-, деган шам

Бизларни асрагин ўзинг,эй, Эгам!

 

Бундайин бад корни ким қилади, ким?

Балки бу янги бир неофашизм,

Бу-бандитизм, бу-канибализм!

Жазосин бер, энди топсин у барҳам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Кони хавф шайтоний каслар қилмиши,

Эҳтимол, бу иш ҳам ўшалар иши...

Кошки ўз-ўзига бўлса ташвиши...

Ёвузлар касрига қолмайлик ҳеч дам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Гегемон давлатлар зимдан кўриб иш,

Бўлса ўй-орзуси бир-бирин шилиш,

Тегмасми уларга оммадан қарғиш?..

Йўқ бўлсин-даф бўлсин менинг бу шубҳам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Бирники мингга, - деб айтилгай бисёр,

Офатнинг қандайдир бир ўчоғи бор,

Наҳотки одамзот қақшар бундан зор!

Кулфатдан ҳувиллаб қолмасин олам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Уханьда қирилган жонворлар учун

Эҳтимол, табиат олмоқда ўчин.

Ҳис этдик илоҳий қудратнинг кучин

Мен башар номидан тавба айласам,

Бизларни асрагин, ўзинг, эй, Эгам!

 

Балким, айб паст, туфта товарлардадир,

Шулар-ла оммани соғарлардадир,

Не бўлса ҳам дунё хавф-хатардадир,

Бу ҳақда қанча кўп фикрласак кам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Шунчаки оддий бир дард эмасдир бу,

Самовий-оразий бало балки шу!

Ўзингдан ўзга куч унга пуч, ёҳу!

Биргина ўзингда барча қудрат жам

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Асли сен буюрган бешта муҳим фарз,

Гоҳида бўлмайин қолди муқим фарз...

Хулоса қилдик, бу офат бўлиб дарс,

Энди феъл ўнглангай номингга қасам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Кулгули ҳол, кўриб туриб эл зарар,

Фожеъдан наф кўзлаб айрим кимсалар,

Бозорда нархларни чандон оширар,

Яхшики давлат бор, ҳар ишда ҳакам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Ўйлайлик, юрт озод, қўлда эрк бўлса,

Эҳ! Ҳамон кўп жойда куфр, ширк бўлса...

Ҳаттоки қутлуғ жой-Каъба берк бўлса!

Бу қандай кўргилик, қандайин алам?!

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Уйлардан чиқмаслик удумин тутиб,

Олқаймиз тинч-омон кунларни кутиб,

Неча минг бандалар ўтди қон ютиб,

Илоҳим чекинсин энди дарду ғам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Қайсидир юртларда қанча оломон,

Ҳамон бу офатга бўлмоқда қурбон,

Биз аҳил карвонмиз, юртбоши-сарбон.

Посбону, шифокор ҳамжиҳат, ҳамдам

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Ўзига хос номсиз урушдир бу ҳам,

Барча тенг оёққа туришдир бу ҳам.

Алпомиш, Муқанна, Темурларга хос

Аждодлар руҳидай руҳ бериб бардам,

Бизларни асрагин, ўзинг, эй, Эгам!

 

Башар чун синов бу! Синов дунё бу,

Балки фахш ишларга ҳақли жазо бу!

Эҳтимол, қиёмат кундан садо бу,

Не бўлса ҳам тавба қилгаймиз пурғам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

 

Тилларда дуо-ю, дилда истиғфор

Шул эваз ажабмас дард бўлса тор-мор,

Чор-ночор кунда ҳам ўзинг мададкор,

Ҳа, ўзинг бор! Асло бўлмагаймиз кам,

Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Ҳақиқат ва адолатни букиш мумкину, ҳеч қачон маҳв этиб бўлмайди. У, албатта, қуёш сингари булутлар бағрини ёриб чиқаверади. Раҳимжон Каримовнинг пок номи ва шаъни 1989 йили оқлангани шундан далолатдир.

Қаранг, истиқлол фидойисининг фарзандлари қийинчиликлар билан бўлса-да, ҳаётдан ўзларининг муносиб ўринларини топишди. Катта ўғил Абдусаттор Раҳимов 1941-1945 йиллар Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидаги мислсиз жасоратлари учун "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" деган юксак ва шарафли унвонга эришди. Урушдан кейин яна кўп йиллар Наманганда кинотеатрлар ишини муваффақиятли юритди.

Кичик ўғил Азимжон Раҳимов эса, Тошкент давлат университетининг филология факультетида ўқиди. Университетни тамомлаб, 1957-1961 йилларда вилоят ва шаҳар ёшлар ташкилотларида масъул лавозимларда ишлади. 1962 йилнинг февралидан умрининг охирига қадар Фарғона Давлат педагогика институти (ҳозирги университет) да илмий-педагогик фаолият олиб борди. Филология фанлари доктори мақомига эришди. Адабиётшуносликка бағишланган 8 та китоби "Ўзбекистон", "Фан" ва "Фарғона" нашриётларида чоп этилди.

Отадан беш ёшлигида етим қолган Раҳимахон Раҳимованинг Солижон ўғли бир жиҳатдан олим тоғаси Азимжон Раҳимовга тортди, десак асло хато эмас. У тиббиёт соҳасини танлагани учун шу йўналишда илмий изланишлар қилишни ҳали ўқувчилик пайтидаёқ орзулаган бўлса ҳам ажаб эмас.

Солижон аввал шаҳардаги 15-мактабда, кейин 40-мактабда таълим-тарбия олди. Врач бўлиши учун ғоят керакли фан - кимёни чуқур ўзлаштиришга интилди. Устози Шокиржон Азизов ундаги қобилият ва ўткир зеҳнни янада ўстириш учун зарур кўмагини аямади, шаҳар олимпиадасига тайёрлади. Шогирди устоз ишончини оқлади. Биринчи ўринни эгаллади. Сўнгра вилоят олимпиадасида тенгдошлари ўртасида энг юқори кўрсаткични қўлга киритди. Диққатга сазовори Солижон бошқа аълочилардан фарқли равишда барча фанларни фақат "5" баҳога ўзлаштирмасдан қўймади. Натижада мактаб сабоғини "Олтин медаль" билан якунлади.

Энди орзулари ушалиши учун Андижонга йўл олди. Биттагина фандан имтиҳон топшириб, талабалар сафига қабул қилинди. Тўғри, дастлабки йили анча машаққатли кечди. Баъзи фанлардан пастроқ баҳо олгани учун кўнгли тўлмади. Бироқ устозлари барини маҳкам тутиб, улар сабоғини қунт билан тинглаб, машғулотлардаги мавзуларни тез, қисқа ва тушунарли ҳолатда конспектлаштириб боришнинг ҳадисини олиб, дарсдан ташқари пайтларини доимо кутубхона ва ўқув залида ўтказиш билан илғор талабага айланишга улгурди. Кечалари ки­тоб­ларга мукка тушиб, тиббиёт терминларининг мазмун-моҳиятини тобора теранроқ англаб етишдан эринмади. Аксинча, тиббиёт фани бўйича илмий-тадқиқотни бошлаш иштиёқи уни сира-сира тинч қўймасди. Шунинг учун институтнинг илмий-текширув лабораториясидан ҳам қадамини узмасди. Олийгоҳ талабалари илмий жамиятининг фаол аъзоси сифатидаям кўпчиликка танилди. Ҳатто "Лагохилус ўсимлигининг қонни ивиштиришига таъсири" мавзусида илмий-тадқиқот олиб борди.

Институтнинг профессор ва доцентлари раҳбарлигида ўз изланишларида қувончли самараларга эришди. Бунда Неъматжон Мамасолиев ва Тўлқин Иноқов сингари тиббиёт фани заҳматкашларининг кўмаги, йўл-йўриқлари айниқса катта бўлди. Солижон устозларининг юксак эътирофларига сазоворлангани туфайли олийгоҳни тамомлаш чоғида янги орзулар оғушида эди. Олий маълумотли врач келгусида тиббиётчи олимлар сафига қўшилишни кўнглига тугиб қўйганди.

У 1994 йили институтдаги етти йиллик сабоғини имтиёзли, яъни қизил диплом билан тугаллади. Наманган вилоят кардиология марказида интернатурани ўтади. Бу ерга келиб қолиши тасодифий ҳол эмасди, албатта. Институтнинг 3-босқичида ўқиётган кезлари таътил вақтида кардиологликка қизиқиб, шунингдек инфарктни бошдан кечирган дадасини даволаган врачларга қаттиқ ихлос қўйиб, шу муассасага амалиётга келганди. Айниқса, Ҳусан Ҳожиевич Мубораков ота қадрдони бўлгани учун уни сира бегонасиратмади. Шу боис юрак ҳасталикларини даволовчи Наманганнинг энг нуфузли шифохонаси жамоасига сингиб кетиши осон кечди. Уни марказда доимий ишлаш учун олиб қолишгани айни муддао бўлди.

Ўз ўрнини ўз вақтида топган кадрнинг камолот бобида омади келди. Солижон Мўминов тимсолида шундай ҳолни яққол кўришимиз мумкин. У 1995-1999 йилларда марказнинг реанимация бўлимида врач- кардиоревматолог вазифасини бажарди. 1999-2008 йилларда кардиология бўлимида врач-кардиолог сифатида роса ўн йил давомида хизмат қилди. 2008-2010 йиллари эса юрак аритмия бўлими мудирлиги вазифасини сидқидилдан адо этди. 2010 йили бош шифокорликка лойиқ кўрилди. Ёш врачнинг зиммасига катта масъулият бежиз юкланмаган эди. Чунки, у бунга ҳар жиҳатдан муносиб эди-да. Гапимизга янада ойдинлик киритиш учун қуйидаги маълумотларни келтирамиз.

Солижон Мўминов 2001-2004 йиллар давомида Россия тиббиёт фанлари академиясига қарашли Москва шаҳридаги Бакулев номли юрак қон томир жарроҳлик илмий марказида бир неча бор малака оширган. Жаҳонга таниқли академик Лео Антонович Бакерия қўлида ўқиди. 2001-2007 йиллар давомида Тошкент педиатрия тиббиёт институти изланувчиси бўлиб, "Гипертония касаллиги билан беморларда гелиометеотроп омиллар таъсирининг клиник патогенетик характеристикаси" мавзуидаги номзодлик иши устида қунт билан ишлади. Институтнинг кафедра мудири, профессор Шуҳрат Маликович Раҳимов раҳбарлигида, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кафедра мудири, тиббиёт фанлари доктори Гавҳар Миракбаровна Тўлабоеванинг илмий маслаҳатчилигида олиб борган тадқиқотларини муваффақиятли якунлади. Мавзу юзасидан 5 та мақола, 8 та тезис, 2 та илмий ахборотларини тўплам ва журналларда чоп эттирди. 2007 йили Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида диссертациясини ёқлади. Тиббиёт фанлари номзоди деган илмий даража эгаси бўлди.

Олим-шифокор юрак арит­мия­си бўлими мудирлиги чоғидаги икки йиллик фаолияти давомида барча кўрсаткичларни кўтариш учун бор билим ва касб маҳоратини сидқидилдан сарфлади. Бошқача айтганда, 30 ўринли бўлимда 4 нафар врач ва 10 нафар ҳамширанинг фаолияти кечаю кундуз даволаш ишларининг самарадорлигига йўналтирилди. Бунинг учун, аввало, уларнинг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Солижон Мўминов одатига кўра ҳамиша режали иш ташкиллади. Бўлимда ҳар куни эрталаб жамоа ўртасида янги илмий мақолалар, интернетдан олинган сўнгги ахборотлар бўйича қисқа муддатли ўқувни уюштирди. Натижада бўлимда даволаш ишлари тобора яхшиланди. Чунончи, 2009 йил мобайнида жами 984 нафар бемор даволаниб, ўрин кунлар режаси 101 фоизга бажарилди. Ўртача ётиш 9,2 кунга туширилди. Беморлардан мутлақо эътирозлар эшитилмади, уларнинг мунтазам шифокорлар хизматидан розилиги тўла таъминланди.

Солижон Мўминовда ҳалоллик хислати ҳамиша фаолликка уйғундир. Беморларни даволашда врач учун самимийлик ва меҳрибонлик нақадар зарур эканини сира-сира унутмайди. Буни марказга раҳбар бўлгач, барча жамоа аъзоларидан қатъий талаб этганининг боиси ҳам ана шунда. Ўзбекистонда ўтказилган тиббиётга дахлдор илмий-амалий конференцияларнинг доимий иштирокчиси бўлиш билангина кифоя­ланмади. Кардиология ривожига доир илмий маърузалари ва жўяли таклифлари билан нуфузли минбарларга чиқди. Халқаро анжуманларда ҳам фаол қатнашди. 2010-2012 йилларда Россия Федерациясининг халқаро илмий конгрессларига борди. 2011 йилда Словенияда ўтказилган Европа кардиологларининг илмий-амалий анжуманида Ўзбекистон вакиллари билан иштирок этди. 2012 йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Европа кардиология жамияти томонидан ўтказилган ўқишда малакасини янада мукаммаллаштирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у Наманган вилоят кардиология маркази бош врачи ва вилоят бош кардиологи сифатида фаолияти жараёнида аҳолига кардиологик хизмат кўрсатиш бўйича бир қанча ижобий ўзгаришларнинг ташкилотчиси ва ташаббускорига айлана олди. Жумладан, аҳоли орасида юрак қон томир хасталиклари билан касалланишни барвақт аниқлаш ва унинг олдини олиш, беморларнинг диспансер назоратини кучайтириш, уларни даволаш-диагностика стандартлари бўйича соғ­ломлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланди. Марказ томонидан вилоятнинг ҳар бир туманига юқори малакали врачлар бириктирилди. Улар туманларга, чекка ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларига юборилди. Жойларда кардиологлар томонидан услубий ёрдамлар кўрсатилди.

Шифохонада кардиохирургия бўлими 2011 йилнинг ноябридан фаолият кўрсата бошлади. Бу ерда юракнинг туғма ва орттирилган нуқсонларига жарроҳлик йўли билан ёрдам кўрсатилиб, беморларни нормал ҳаётга қайтаришга эришиб борилди. Марказнинг хизмат доираси бутун водийга ёйилди. Ҳатто Самарқанд вилоятидан ҳам бир неча беморлар келишиб, даволаниб кетишди.

Илгари шифохонада илмий изланишларга унчалик аҳамият берилмаган бўлсада, Солижон Мўминов бош шифокорликка та­йинлангач, врачларнинг илмий салоҳиятини юксалтириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Агар 2010 йилгача марказда атиги ягона фан номзоди хизмат кўрсатган бўлса, 2012 йилга келиб 1 та фан докторию, 3 та фан номзоди иш олиб боргани фикримизнинг яққол далилидир.

Натижаси эса кўзга ташланди: беморларнинг юрак қон томир касалликларидан ногирон бўлиб қолиши, инфарктга чалинишлари, энг муҳими ўлим ҳолатлари сезиларли камайтирилди.

Бозор иқтисодиёти тамойиллари талабларидан келиб чиқиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг иқтисодий самаралари ҳам бу марказда чакки эмас, де­йишга бемалол ҳақлимиз. Ахир жамоа 2010 йилдаги кредитор қарздорлик ҳолатидан кўп ўтмай қутулди. 2012 йилга келиб, пуллик хизматлардан топилган маблағлар эвазига марказнинг моддий-техника базаси бойитилди. Янги-янги жиҳозлар, тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналар ўрнатилди. Буларнинг ҳаммаси беморларга замон талаблари даражасида кардиологик хизмат кўрсатиш имкониятларини яратди.

 

устозлар эътирофи

Ҳусан МУБОРАКОВ,

таниқли кардиолог, меҳнат фахрийси

- Шифокор учун барча беморларни соғайтириш бирдай муҳиму, лекин баъзи инсонлар ўз нажоткорини соғайгач ҳам унутишмайди, қадрдонлик ришталарини узишмайди. Ихлослари баландлигидан тез-тез кўришиб, куч-қувват олишга одатланганлариям кам бўлса-да, барибир учраб туради. Шаҳарнинг Ғишткўприк маҳалласида яшовчи Абдужалил ака Мўминов наинки менинг беморим, балки акамдек яқин дўсту биродарим эдилар. Бундан қарийб эллик йиллар муқаддам танишганмиз. Жуда барвақт инфарктни бошдан ўтказган беморим умидсизликни асло ёқтирмасдилар. Янаям яхши фазилатлари дўхтир нима деса, шунга одатланишнинг уддасидан чиқардилар. Балки серфарзандликлари учун болаларига беқиёс меҳрлари устуворлигидан, оилада узоқ йиллар бош-қош бўлиб юриш нияти кучлилигидан бунга қодирлик қувватини ўзларида топиб яшагандирлар. Ахир хавфли юрак хасталиги-инфарктдан ке­йин ҳам қирқ йилдан зиёд соғлом умр кечирдилар. Юраклари қайта панд бермади-ю, 77 ёшларида жигар циррози туфайли ҳаётдан кўз юмдилар.

-Ҳусанхон ука, Аллоҳимнинг Сиздек инсон билан касаллигим туфайли учраштиргани бежиз эмасга ўхшайди - деб қолдилар бир куни ҳолларидан хабар олгани ёнларига борганимда чой устидаги суҳбатимиз чоғи. -Шу кенжа ўғлим Солижонни шогирд қилиб бераман, дўхтирликка ўргатасиз, хўпми?

-Ўзи хоҳласа, гап йўқ, лекин битта шарти бор - мактабда аъло ўқисин, -дедим тиббиёт институти талабининг юқори эканини назарда тутиб.

- Бу ёғидан кўнглим тўқ, болам жуда тиришқоқ, фақат бешга ўқияпти. Секин кўнглига қўл солсам, онаси иккимиз тез-тез оғриб турганимизни кўрганиданми дўхтирликка ҳаваси бор экан-а.

- Унда жуда соз.

-Қани, дуога қўл очайлик! - дедилар ҳудди ҳозирдан ниятнинг ижобатини қатъийлаштириш учун. - Бизнинг Солижонимизам сиз каби оқ халати ҳамиша ўзига ярашадиган, беморлари чин дилдан ихлос билан қарашадиган сизга ўхшаган дўхтир бўлсин!

"Яхши ният - ярим мол" иборасида илоҳий ҳақиқат бордай. Қарангга, ўшанда бизнинг дуомизга фаришталаргача "омин" деган экан-а. Йиллар ўтиб, мактаб ўқувчиси АДМИ талабасига айланди. Кейинроқ Наманганга келса, албатта, кардиология марказимиз остонасини ҳатламасдан қайтмасди. Таътил пайтлари ёнимизда туриб, олган билимларини амалиётда синаб кўриб, беморларни даволашиб кўзи пишиб борди. Кардиологликка ихти­сослашди.

У доим оғир касаллар ётса, навбатчиликда қолиш машаққатидан чўчимади. Тунларни беморлар ёнида бедор ўтказди. Буни кўриб, беҳад қувонардим. Касбига ишқи бошқача эди, ҳаракати, гап - сўзлари маъқулу манзур эди.

Бугун у вилоят тиббиётчиларига раҳбарлик даражасига кўтарилган бўлса-да, устозларига нисбатан ёқимли муомаласини заррача ўзгартирмади. Қачон, қаерда иззат-эҳтиромли анжуман уюштирилса, бизларни биринчи бўлиб таклиф этади, давраларнинг тўрига ўтқазишдан завқ-шавқ туяди. Самимийлик ва меҳрибонлик хислати ортидан устозлар дуосига мушаррафланади.

 

Турсунпўлат РУСТАМОВ,

таниқли кардиолог, меҳнат фахрийси:

- Мен вилоят кардиология марказига ишга борганимда Солижон Мўминов шу ерда интернатурани ўтагач, кардиореаниматолог вазифасида фаолиятини давом эттираётган экан. Мирзадавлат Эгамбердиев бўлим мудири эди. У тартиб-интизомни ўрнига қўядиган инсонлардан бўлгани учун Солижон бу борадаям устозидан анча нарсани ўрганди. Мен 1988-2003 йилларда марказга раҳбарлик қилганимда кўпроқ шу ёш ва чаққон йигитга таяндим. Чунки, меҳнатсеварлиги, уддабуронлиги ҳар вақт сезилиб турарди. Нимани айтсанг, дарров миясига қуйиб оларди. қанақа зарур иш чиқса, Солижонга буюрардим. Ахир қойиллатиб бажаришига ишонардим, у менда хотиржамлик уйғотарди.

Беморларнинг соғайиши учун масъулиятни, жавобгарликни чуқур ҳис этади. Ҳеч кимнинг қўлига қарамайди, аксинча кўнглига қарайди. Ўзгалар соғлиги учун ўзининг саломатлигини ўйламайди.

Олти йил бирга ишлаб Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги илмий-амалий анжуманларда, семинарларда юрганмиз. Унинг "Тико"си бор эди. Қаёққа бошласам, "йўқ" демасди. Ғизиллатиб олиб борарди, олиб келарди. Беминнат ёрдамчим сифатида меҳр қўйгандим. Баҳиллигини, ғайирлигини, ёмонлигини ҳеч қачон эшитмаганман, билмаганман. Фақат ва фақат яхши фазилатлар эгаси сифатида ҳайратимни, ҳурматимни қозонган. У мабодо гапингиз нотўғрилигини билиб турсаям, сира бўлмайди, дилингизни оғритмайди. Ўзи қийналсаям бошқаларни қийнамайди. Қирқ йил ишлаб, нафақага чиқдиму, унга ўхшаган шогирд­ни қайта учратмадим. Ҳануз вақт топди дегунча телефонда боғланиб туради.

- Салом, яхшимисиз? Зерикиб қолмаяпсизми? Ишлайман десангиз хоҳлаган жойда ишланг, - дея рағбат билдиради ҳам. Байрам айёмларида йўқлайди, телефонда бўлсаям, албатта, табриклайди.

Дадасини аввалдан танирдим. Бир марта даволаганман ҳам. Ажойиб дилкаш инсон эди-я. "Турсунпўлат билан алоқани узмай юргин, яхши одамга ўхшайди", - деб кетганми, яна билмадим.

Шогирдимдан беҳад фахрланаман, доимо омадлар тилаганим тилаган. Илмий салоҳиятиям, ҳаракатиям, одамларга муносабатиям чинакамига ибратга арзийди.

 

Акромжон КАРИМОВ -

"Кармед" хусусий шифохонасининг олий тоифали врач-кардиологи:

- 1998-2007 йиллари вилоят кардиология марказида бўлим мудирлиги вазифасини бажардим. Солижон хушфеъл ва ҳаракатчан йигит. Каттага ҳурматли, кичикка иззатли. Манманлиги йўқ. Ҳозир ҳам ўша Солижон, кўрсам ҳам, кўрмасам ҳам шунга ишончим комил. Инсоний фазилат бир шаклландими, умримизга татийди. Ундан ҳеч қачон воз кечолмаймиз, ёнига янаям яхшилари қўшилса, қўшиладики, заррача камаймайди.

У раҳмдиллиги билан беморлар қалбини забт этишни доимий бурчи деб биларди. Кўз ўнгимда касалларнинг ишончини қозониб, даволаш самарадорлигига осон эришишнинг устасига айланиб борди. Буни қарангки, кўп ҳолларда менинг ўзимдан, яъни устози ва бўлим мудиридан Солижонни сўраб туришарди, уни излашарди. Мен ҳам шогирдим беморлар ихлосига кираётганидан, обрўга эга бўлаётганлигидан ичимда севинардим. "Яхши шогирд устозидан ўзиб кетади" деган гапнинг нақадар тўғри эканига иқрорлигим ошарди.

Солижон бетиним изланди, ўрганди. Москвадаги Бакулев номли юрак қон томир жарроҳлик марказига 2002 йили мен бориб, малака оширгандим, кейинги йили эса шогирдим ҳам шуни хоҳлади. Яна номзодлик диссерта­ция­си ёзишга астойдил киришиб кетди. Даволаш билан билимни уйғунлаштириб, қисқа муддатда олим-врач мақомига муносиблик касб этди. Энди эса ВССБ бошлиғи. Бундан устоз сифатида ҳар қанча фахрлансак арзийди.

(Давоми бор).