(Давоми).

НАМАНГАН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ РЕСПУБЛИКА ВА ЖАҲОН ТИББИЁТИ ТАРАҚҚИЁТИ БИЛАН БЎЙЛАШИШИ КЕРАК

Шу боис сўнгги йилларда республика ва халқаро анжуманларга вилоятимиз тиббиётчилари бир неча бор мезбонлик қилиб келишмоқда.

Раҳбар ташкилотчи ва ташаббускор бўлса, ҳар қандай ишни ўзиқойиллатиб бажариши ҳамда жамоасини бутун куч-қувватини эзгу мақсад сари муваффақиятли йўналтириши мумкин. Инчунин, унинг ортида юзлаб, минглаб кишилик жамоалар турса, бу ҳолат янада яққолроқ кўзга ташланади. Одамлар бошлиқларга, раҳнамоларга ишонган, меҳр қўйган, унинг атрофига жипслашган жойларда ривожланиш сари муттасил қадам ташланади, мавжуд муаммоларга бирин - кетин ечим изланиб, ижобий ҳал қилиб борилаверади. Бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ ва самаралироқ ишлаш иштиёқи кучайгандан кучаяверади. Наманган тиббиётида бир неча йилки, худди шу ҳолат намоёнлашмоқда, десак адолатли ва ҳаққоний фикр юритган бўламиз. Энг эътиборлиси, соҳа ичидаги соҳаларнинг комплекс равишда юксалишига эришиш асосий мақсад - муддаога айланиб улгурди. Албатта, бу саъй - ҳаракат инсон ҳаётининг асосий таянчи, биринчи даражали органи ҳисобланган юракни даволашни янги - юқори поғонага кўтаришдан бошланади. Ахир кардиология Солижон Мўминовнинг мутахассислик йўналиши-ку, шундан унинг муваффақият ва муаммолари ўзига аввалдан аён эди. Пойтахтдаги устозларининг қўллаб - қувватлаши, рағбати кўзлаган истиқбол режалари тезроқ натижа касб этишига имкон бериши аниқлигини қалбдан ҳис қиларди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази раҳбари Равшанбек Қурбонов ёш раҳбарнинг камолотига кўмагини аямади.

Яна бир қувончли ҳолат Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов илгаридан Наманган халқига алоҳида меҳр-эътиборда эди. Шу жумладан, наманганлик кардиологларнинг ютуқларигача ўз вақтида муносиб баҳосини олганди. Чунончи, Биринчи Президентимиз халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида қу­йидагиларни мамнуният билан тилга олганлар: "Биз учун бебаҳо бойлик бўлган одамларимизнинг саломатлигини асраш ҳақида гапирадиган бўлсак, охирги йилларда вилоят шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг туман бўлимлари, бир қатор янги шифохона ва поликлиникалар бунёд қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Шулар қаторида 15 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан кўп тармоқли тиббиёт маркази ва онкология диспансери биноси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Яна бир муҳим лойиҳа, яъни Наманган шаҳрида барча қулайликларга эга, Фарғона водийсида ягона бўлган кардиохирургия маркази ташкил этилиб, қиймати 1 миллион АҚШ долларлик замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганини алоҳида қайд этиш зарур. Бу эса авваллари Тошкент шаҳрида ёки хорижда амалга оширилган мураккаб тиббий операцияларни шу ернинг ўзида бажариш имконини бермоқда".

Демак, наманганлик кардиологларнинг шароити ҳам, билим ва малакаси ҳам пойтахтдагиларникига деярли тенглашиш даражасига яқинлашаётгани эътироф этилмоқда. Шундай экан, уни республикага намуна қилиб кўрсатиш фурсати етди. 2016 йил 15 - 16 апрель кунлари Наманганда "Кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалалари"га бағишланган республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

- Таъкидлаш муҳимки, ҳозирги вақтда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари вилоятларда ҳам амалга оширилмоқда, - деди мамнуният билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, Равшанбек Давлетович Қурбонов. - Наманган "Ёшлар маркази"да очилиш чоғида, хусусан, Наманган вилоят кардиология марказида республикада биринчи бор коронография ва стендлаш хизматининг йўлга қўйилгани вилоят хал­қи учун айни муддао бўлди. Беморларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилаётган наманганликларнинг юрак хасталикларини ташхислаш, даволаш ва жароҳатсиз жарроҳликни дадил қўллаш борасидаги изланишлари ва даст­лабки тажрибалари бу ерда тингланадиган долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақидаги маърузалар сиз анжуман қатнашчилари учун ўзига хос маҳорат мактаби ролини ўйнашига ишончимиз комил.

Анжуманда В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржамол Зуфаров, республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази профессори Темур Абдуллаев, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Шуҳрат Салоҳиддинов каби олим-шифокорларнинг қатнашиши, улар томонидан маҳорат дарс­лари олиб борилиши кардиологлар учун ўзига хос тажриба мактаби бўлди.

Вилоят кардиология марказидаги конференциянинг иккинчи куни беморларда стендлаш амалиёти ўтказиш бўйича кўргазмали машғулотлар ҳам ғоят муваффақиятли кечди.

Амалий мулоқотлар ва маҳорат дарсларида дунёга таниқли кардиологлар иштирок этишди. Ҳам ўргатилди, ҳам ўрганилди. Ҳатто хорижлик олимларгача анжуманга ташриф буюришди. Уларнинг эътирофлари кўнгилларда фахру ғурур уйғотди. Ҳинд мутахассиси, доктор Сехон Балдев қуйидагиларни алоҳида тилга олди: "Наманган кардиология марказининг кардиохирургия бўлимида юрак ва қон томир тизимидаги барча касалликларни операция қилиш мумкин. Мен бу ерда замон талаблари даражасида қурилган кардиохирургия биноси ҳамда юқори малака ва маҳоратга эга тиббиёт ходимлари ишлашига гувоҳ бўлдим".

Бу каби эътирофларни Республикамиз пойтахти ва вилоятлардан келган анжуман қатнашчиларидан ҳам такрор-такрор эшитдик.

Бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов айтганидай, мазкур илмий-амалий конференция, унда республикамизнинг етакчи кардиологлари иштироки юрак қон-томир касалликларини диагностика қилишга ва даволашга янги технологияларни тадбиқ этишга кенг имкониятлар яратиб берди. Булар, юрак хасталигидан озор чекаётган беморларни дарддан тез ва самарали халос қилиш ҳамда ўлим даражасини пасайтиришдек афзалликлари билан ғоят қимматли ҳолатдир.

 

* * *

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Солижон Мўминов раҳбарлигидаги вилоятимиз делегацияси 2017 йили Ҳиндистон сафарида бўлди. Ташриф дастурига мувофиқ бир қатор йирик компаниялар ва нуфузли клиникалар раҳбарлари билан учрашувлар чоғида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишиб олинди. 2018 йилнинг сентябрида эса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг катта мажлислар залида кардиологияда қўлланилаётган янги технологиялар тақдимотига бағишланган халқаро анжуманга тўпланилди. Тадбир ҳиндис­тонлик бир гуруҳ мутахассис ва тадбиркорларнинг вилоятимизга келишлари муносабати билан уюштирилди.

Кардиологиянинг дунёдаги етук мутахассислардан бири, профессор Рави Кумар юрак хасталигига дучор беморларни даволаш ва умрини узайтириш борасида тўпланган жаҳон тажрибаси, хусусан, кардиологик аппаратлардан самарали фойдаланиш бўйича жорий этилаётган янгиликлар тўғрисида маъруза ўқиди. Академик Арвинд Дикмит эса илм-фан ютуқларини беморларни даволашда қўллаш, Ҳиндистон клиникаларида малакали мутахассислар тайёрлаш амалиёти ҳақида тўхталиб, бу борада изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.

 

* * *

Барчамизга маълум, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Бошқача айтганда, сўнгги уч йилдан зиёд вақт ичида янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлида дадил одимламоқдамиз. Ислоҳотлар фақат иқтисодий соҳалардагина эмас, ижтимоий ҳаётда ҳам тобора қизғин тусга кирмоқда. Биргина тиббиёт тармоғидаги ўзгаришларнинг ўзиёқ ғоят ҳайратланарли десак фикримизга сиз ҳам беихтиёр қўшиласиз. Чунки, йилдан йилга, ойдан ойга кўриб-билиб турибмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувида, шунингдек, 7 февралдаги видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилиб, соҳани ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди. Кейин эса Юртбошимизнинг нав­батма-навбат тиббиёт ичидаги турли тармоқ йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишларни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қатор Қарор ва Фармонлари эълон қилинди.

Вилоятимизда қисқа фурсатда тиббиёт муассасаларидаги мавжуд ҳолат танқидий-таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқилди. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни тан олиш фурсати етганини англадик. Камчилик ва нуқсонлардан асло кўз юммадик. Қандай қилиб хизмат сифати ва самарадорлигига эришиш мумкин? - деган саволга жавоб изланди. Натижада тиббий хизматнинг қатор йўналишларида ўзгаришлар ясаш зарурати ойдинлашди. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари - ҳамма нарсадан устун" деган олижаноб ғоя бошқарма фаолияти учун асосий мезон қилиб олинди.

Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги "2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ўсма хасталикларини даволашга ихтисослашган муассасалар ходимлари зиммасига ҳар қачонгидан кўра юксак масъулият юклади. Орадан кўп ўтмай, қарийб етти ой давомида вилоят онкология диспансерида ҳам бир мунча ижобий ишларга улгурилди. Энг муҳими, ўсма касалликлари туфайли рўй берадиган ўлим кўрсаткичини пасайтириш ҳисобига аҳоли ҳаёти сифатини яхшилашга мўлжалланган устувор йўналиш бўйича олиб борилаётган ишлар янада фаоллаштирилди. Яъни скрининг текширувларнинг самарали дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш йўли билан аҳолида онкологик касалликларни илк давридаёқ фаол аниқлашнинг замонавий усуллари қўлланилишига эътибор тубдан кучайтирилди. Ташхислашнинг ва даволашнинг жаҳон стандартларига мувофиқ юқори технологик усулларидан фойдаланиш тобора яхшиланди. Реабилитация ва паллиатив ёрдамнинг замонавий тизимини , шунингдек, хоспислар ташкил этиш йўли билан беморнинг ҳаёт сифатини кўтаришга янада астойдил интилилди. Булар Президентимизнинг "... бутун жаҳонда бўлгани сингари, Республикада онкологик касалликлар ўсиши қайд этилмоқда. Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий бос­қичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва Республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасига оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини тақозо қилади", деган кўрсатмалари ижросига ҳамоҳангдир.

2017 йилнинг 27-28 октябрь кунлари вилоятимизда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида "Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш" мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросими Наманган шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида кечди. Уни РИО ва РИАТМ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари - вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ва вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар анжуман қатнашчиларини қутлаб, илмий - амалий конференция ишига муваффақиятлар тилашди.

Халқаро тадбирда Россия Федерацияси, Дания, Германия, Туркия, Ҳиндистон ва Жанубий Корея мамлакатларининг етакчи клиникаларида илмий - тадқиқотлар олиб бораётган онкологик касалликлар бўйича етук мутахассисларга минбар берилди. 40 дан зиёд маърузалар тингланди.

"Сайҳун" меҳмонхонасида ёш олимлар танлови ташкилланди. Унда 20 дан зиёд илмий-тадқиқотчилар фаол қатнашди.

Россиялик мутахассислар билан ёнма-ён туриб ўтказилган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Янги технологиядан самарали фойдаланилди. Алоҳида секция­ларга бўлиниб, маҳорат машғулотлари олиб борилди.

- Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик самаралари тиббиёт соҳасида ҳам яққол кўринмоқда, - деди япониялик мутахассис Ито Нобуаки. - Бугун Наманганда Марказий Осиёда биринчи бўлиб ишга солинган маммограф бунинг ёрқин далилидир.

- Япония гранти асосида олиб келинган, турк мутахассислари томонидан тезкор равишда ўрнатилган маммографиянинг энг қулай ва афзаллиги у янгиланиш хусусиятига эга, яъни маънан ҳеч эскирмайди, - деди мамнуният билан бош­қарма бошлиғи Солижон Мўминов. - Яратилажак янги авлод қурилмалари лойиҳалари асосида унга дас­турларни қайта жойлаштириб бориш мумкин.

Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили бўлган 2019 йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида 13-14 сентябрь кунлари вилоятимизда ўтказилган "XXI аср­да тиббиёт ва фармацевтиканинг ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуига бағишланган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ҳақида алоҳида маълумотлар беришимиз керак. Анжуманда жаҳоннинг қатор давлатлари - Австрия, Венгрия, Польша, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Уммон, Германия, Буюк Британия, Италия, Ҳиндистон, Миср, Исроил, Сингапур, Словакия, Малайзия, Озарбайжон, Қувайт, Қозоғистон, Беларусь, Болгария, Эрон, Саудия Арабистони, Туркманистон ва Украинадан 150 нафар йирик фармацевтик компаниялар вакиллари, тиббиёт соҳасининг етук олим ва мутахассслари қатнашдилар.

Тантанали очилиш маросими 13 сентябрь куни Тўрақўрғондаги маданият саройида уюштирилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов форум қатнашчиларини қутлади.

- Наманган тиббиёти ва фармацевтика саноатининг жадал суръатда ривожлантиришга эришиш бош мақсадимиздир, - деди форумнинг очилиш тантанасида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров. -Аввало, тизим равнақи учун хорижий инвестицияларни янада кўпроқ йўналтириш зарур. Соҳа иши сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш учун эса чет эллик мутахассислар билан ҳамкорликда дунё тиббиёти ютуқларини амалиётга тадбиқ этиш, замонавий клиникаларни янада кўпайтириш, юқори технологик жарроҳликларни Наманганда ўтказиш салмоғини ошириш билан аҳоли, айниқса кам таъминланган оилалардаги беморлар учун қўшимча шароитлар яратиш ғоят муҳимдир.

- Президентимиз ташаббуслари билан соғлиқни сақлаш тизимида изчил ва беқиёс ислоҳотлар амалга ошириляпти, - дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. - Бунга мисол тариқасида биргина Наманган вилоятини оладиган бўлсак, ушбу ҳудуд юртимизнинг тиббий салоҳияти ва фармацевтика саноати ривожланган вилоятлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда Наманган вилоятида давлат бюджетидан молиялаштириладиган 220 та тиббиёт муассасалари фаолият юритмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, давлат муассасалари билан бирга хусусий сектор ҳам илдам ривожланиб бормоқда. Вилоятда сўнгги уч йилда 70 дан зиёд нодавлат шифо масканлари очилиб, улар сони 350 тага етди. Ўзаро рақобат муҳити вужудга келди. Мазкур форум халқаро икки томонлама манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлайди, тараққий эттиради, албатта.

Вилоят ҳокимлиги раҳнамолигида соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкилланган форумнинг дастлабки ялпи мажлисида Токио университети профессори Жехен Шахзодах Найяр, Республика Иннавацион Соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов, Россия Фанлар Академияси мухбир аъзоси, Урал тиббиёт университети ректори Ольга Ковтун ва бошқалар илмий маърузалар билан чиқдилар. Куннинг иккинчи ярмида бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция машғулотлари олиб борилди. Уларда 73 та илмий маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.

Икки кунлик форум дастурига мувофиқ чет эллик машҳур олимлар ва республикамизнинг етакчи мутахассислари иштирокида 30 дан зиёд мураккаб технологик операциялар амалга оширилди. Чунончи, вилоят кардиология марказида икки беморда биринчи бор буйрак кўчириб ўтказилди. РШТЁИМ Наманган филиалида видеолапароскопик йўл билан беморнинг диафрагма қизилўнгач тешиги чуррасида жарроҳлик бажарилди. "Ойдин шифо"да ҳам лапароскопик тиббий амалиёт акушер -гинекологлар томонидан уддаланди. "Анамед" хусусий клиникасида "Нейрохирургия ва урологик касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашда инновацион ва миниинвазив даволаш усуллари" мавзуидаги секция йиғилишига хирургик амалиётлар уланиб кетди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида эса уч ёшли боланинг очиқ артериал томирини клиплаш бўйича мураккаб операция муваффақиятли якунланди.

Шуниси диққатга сазоворки, 20 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари мамлакатимизнинг нуфузли илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари томонидан маҳорат дарси сифатида телекоммуникация тармоғи воситасида онлайн тарзида намойиш этилди.

14 сентябрь вилоят тарихида ғоят қутлуғ кун сифатида қайд қилинди. Яъни Россия Федерация­си Урал давлат тиббиёт университетининг Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш тантанаси ўтказилди.

- Биз учун Халқаро форум тиббиёт ва фармацевтика тараққиётининг янги уфқларини очиб берди, - дейди беҳад мамнуният билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов. - Форум доирасида ўнлаб хорижлик сармоядорлар билан қатор меморандумлар имзоланди. Уларнинг умумий қиймати 92,7 миллион АҚШ долларига тенглашди. Келишувлар Австрия, Германия, Исроил, Миср, Покистон, Россия, Словакия, Украина, Ҳиндистон ва Хитой компания­лари билан тузилди. Бу, Наманган тиббиёти истиқболи янада порлоқ бўлишининг ёрқин далолатидир.

(Давоми бор).