(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Мирмаҳмуд МИРСАЙДУЛЛАЕВ -

тиббиёт фанлари доктори, "Ойдин шифо"нинг бош врачи:

- Абдужалил ака ҳавас қилиб, ўғли Солижонни бизнинг марказга ишга олиб келганлари кечагидек ёдимда. Мен ўша 1995 йили кардиология бўлимининг мудири эдим. Икки йил реанимация, яъни жонлантириш бўлимида хизмат қилиб, чиниқди. Ҳар ҳафтанинг сўнг­гиси - шанбада конференция ўтказишни одат тусига киритгандик. Солижон ҳам яхши рефаратлар ёзиб келиб, мавзу бўйича маърузалар ўқишда фаол қатнашарди. Кейин номзодлик диссертацияси ёзишга ўтирди, илмий-тадқиқотга берилди. Профессор Шуҳрат Маликович раҳбарлигида республикада биринчилардан бўлиб, ўз она тилимизда номзодлик ишини муваффақиятли ёқлади.

Ташкилотчилиги туфайли бўлим мудири, марказ бош врачи лавозимларига кўтарилди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал демократик партияси фаолига айланди. Наманган шаҳри ва вилоят депутатлигига сайланди. Ниҳоят Олий Мажлис Сенаторлари сафига муносиб кўрилди. Булар биз кардиологлар учун ғоят фахрлидир.

 

ҲАМКАСБЛАР ВА ШОГИРДЛАР ЭЪТИРОФИ

Анваржон ИНОМОВ -

вилоят кардиология маркази артериал - гипертония бўлимининг мудири, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси:

- Марказимизда интернатурани ўтаётгандаёқ назарга тушган эди бу йигит. Ўзининг беморлар билан тезда тил топишиб кетиш қобилиятини намоён этганди. Ке­йин шу ерда олиб қолинди, турли бўлимларда фаолият юритди. Энг муҳими, устозларнинг энг яхши фазилатларини ўзлаштирди. Ўқиб-ўрганишдан эринмади, чарчамади. Ғайрат-шижоати ва бетиним интилиши билан марказимиз ишини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўша олди.

Унга бугунги ютуғи билан қаноатланиб қолиш одати ёт. Доимо янги-янги режалар тузади, билими ва малакасини беморларни дарддан тўла фориғ қилиш мақсадига тўғри йўналтира олади. Аввало, аниқ ташхис қўяди. Сўнг юракдаги касалликни чекинтириш учун муолажа таъсирчанлиги омилларидан самарали фойдаланади.

Солижон марказимизга бош врачлигида мен раҳбарман, деб буюриб қараб туришни ўзига эп билмади. Айниқса, вилоят туманларининг чекка-чекка ҳудудларигача бирга-бирга бориб, ҳатто касалларни кўришда қатнашиб, тиббий кўриклар муваффақияти учун астойдил жон куйдирарди.

Шогирдимиз нимага эришган бўлса, ўз кучи билан эришди. Таниш-билишлик орқасидан мансаби юқориламади, аксинча кичик кўнгиллиги, хушмуомаласи, билимдонлиги, тинмай малака ошириб туриши, ташкилотчилик иқтидори, етакчилик салоҳияти туфайли юқори лавозимларга кўтарилди. Депутат ва сенатор даражасига муносиб топилди. Марказимиз ишини ҳар жиҳатдан ривожлантирган бўлса, худди шундай ҳолат ҳозирда бутун вилоятимиз тиббиёт тизимида кўзга ташлаётгани биз устозлари қалбига ҳам ғоят қувонч бағишлайди.

 

Вильдан РАФИҚОВ -

вилоят кардиология марказининг олий тоифали врачи:

- Мен Солижонни 1991 йилда учратганман. У ўшанда тиббиёт институти талабасийди. Билимга чанқоқлигини, янгиликларга ўчлигини кўрганман. Доим билмаганини касбдошларидан сўрарди. Ҳусан Ҳожиевич Мубораков, Мирзадавлат Эгамбердиевларнинг ёнига кириб, уларнинг тажрибаларини, муолажа қилиш маҳоратини зийраклик билан ўргана борди.

Марказга раҳбарлик йиллари врачми, ҳамширами, оддий ходимми ҳамманинг ҳурматини ўрни-ўрнига қўйди. Ёрдамга муҳтожларга кўмагини ҳеч аямади. Кимки мурожаат этса, "вақтим йўқ" дейишни ўзига эп билмади. Ўша заҳоти шуғулланиб, муаммоларини ечиш ҳаракатига тушди. Каттаю кичик ўртасида чинакамига обрў қозонди.

Мен ёш, лекин ҳар бир масалада оқилона ечим топиш лаёқатига эга бўлган Солижон Мўминовдан бошқа раҳбарлар ҳам ўрнак олишини жуда-жуда истардим. Энг эътиборлиси, у ўзини камолга етказган жамоасини қаерда ишламасин қадр­лашдан тўхтамайди. Нимаики зарур бўлса, ҳамиша беминнат ёрдамини аямайди. Ёши улуғ касб­дош сифатида шундай инсонга ҳайрихоҳлигим чексиз. Бундан буён ҳам мавқе-мартабасига муносиблик мақомига, асло кўз тегмасин.

 

Ботиржон МАЪМУРОВ -

вилоят кардиология маркази диркетори вазифасини бажарувчи:

- Инсонни меҳнат улуғлайди, деган гап чуқур ҳаётий маънога эгалигини ҳамкасбим Солижон Мўминов тимсолида кўриб келяпман. Марказимизнинг йилдан йилга тараққий этиши раҳбарларнинг ташкилотчилиги ва оқилона бош­қаруви туфайлидир. Айниқса, Солижон Мўминов бош врачлик даври катта ўзгаришларга, катта янгиликларга бой бўлди. Жамоамиз моддий жиҳатдан ўзини тиклади, муассасамиз имкониятлари кенгайди. Кадрларнинг билим ва малака салоҳияти юксалди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўллаб-қувватлашига, вилоят ҳокимлигининг молиявий кўмагига мушарраф бўлиш учун у барча муаммоларни ўз вақтида кўтариб, юқорига етказиб, ижобий ечим излаб, тинмай елиб-югурди. Керак бўлса, депутат сифатида сессияларда сўзга чиқди. Марказнинг мав­қеини, аввало, водийда, ке­йин эса республикада кўтариш юрак хасталигига чалинганларнинг умрига умр қўшиш ғоят хайр­ли ва савобли юмуш эканини тушунтиришдан чарчамади. Омадни қарангки, Биринчи Президентимиз "Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида" қарор қабул қилдилар. Бизлар учун бу айни муддао бўлди. Бош врачимизнинг режалари натижага айланиши тезлашиб кетди.

Солижон Мўминовнинг ижобий хислатлари ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Ҳар бир ходимга исмини айтиб мурожаат қиларди. Уларнинг оиласини юз фоиз биларди. Врачларнинг бемори билан доимо қизиқарди. "Фалончи ака тузукларми?" дея ҳол - аҳвол сўрашга одатланганлар. Беморларга меҳрлари баланд. Қариндошимиз касал бўлиб қолди, дейилса бас, албатта, уйигача бориб кўришга вақт топарди. Ҳатто шифохонага ётқизишга ёрдамлашарди.

Марказимиздаги беморларнинг озиқ-овқат таъминоти билан жиддий шуғулланарди. Ўрик ва шафтоли шарбатигача ичишлари йўлга қўйилганди. Фитобар хизматини ташкиллаб, шифобахш дамламалар тайёрлатарди. Марказимизда даволанганларнинг ҳеч биридан эътироз тушмаслиги учун бор имкониятлардан самарали фойдаландик.

Солижон Жалиловичнинг шахсий намунаси касбдошлари учун ўзига хос мактаб бўлганини ёши катталар ҳам, ёши кичиклар ҳам ҳозирда эътироф этиб туришади.

 

Акмалжон ЖАЛИЛОВ -

вилоят кардиология марказининг интервенцион хирургия бўлими мудири, "Шуҳрат" медали соҳиби:

- Мен шу марказда ишлаб асло кам бўлмадим. Бош шифокоримиз, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовнинг саъй-ҳаракатлари билан жароҳатсиз жарроҳликни амалга оширишимизга зарур шароитлар яратилди. 2017 йилнинг иккинчи чорагида "Ангиография" жамланмаси ўрнатилди. Фарғона водийсида ягона тиғсиз усул юрак қон-томир касаллигини даволаш ва диагностикаси йўлга қў­йилди.

Тиббиётдаги бу янгиликнинг истиқболи порлоқ. Унинг биринчи ташкилотчиси Солижон Мўминов бўлганини бугун фахр билан тилга оламиз. Ахир раҳбаримизнинг рағбати билан икки киши Тошкент­да ўқиб, малака ошириб келганмиз. Юрак қон-томирларига стенд қўйишни ўзлаштирганмиз. Тиббий амалиётдаги металл каркасдан иборат биологик ва химик моддаларга тўйинтирилган стендлар инсон ички организми аъзолари тўқималарига мослаштирилган. Йилига мингдан зиёд беморлар бўлимимизда муолажалар олишмоқда. Бизнинг шаънимизга беморлар томонидан ёғилаётган олқишлар адолат билан айтганда собиқ раҳбаримизга ҳам дахлдорлигини ҳис этишга доимо бурчлимиз.

 

Комилжон МАЛИКОВ -

вилоят кардиология марказининг юрак-аритмия бўлими мудири:

- Биз Солижон Мўминов билан бирга институтда ўқиганмиз. Интернатурани ҳам ёнма-ён ўтаганмиз. Тақдир кейин ҳам бизларни ажратмади. Ҳусан Мубораков ва Мирзадавлат Эгамбердиев сингари ўз соҳасининг усталари тажрибасидан, маҳоратидан баҳрамандлик насиб этган.

Ўша 1994 йилда ҳозиргидек шароитлар йўқ эди. Фақат 1 та ЭКГдан фойдаланиб, беморларга ташхис қўярдик."Пятьминутка" деб аталувчи эрталабки қисқа йиғинларимиз жуда тортишувли, таъсирчан ва самарали кечарди. Эсда қолганларидан бири шуки, бўлим мудири, юқори малакали врач Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев бизга қараб қуйидаги гапларни кўп такрорларди: "Бу ердаги менинг шогирдларим ичида бўлғуси райздравлар, кандидат науклар, глав врачлар ўтиришибди. Ҳали вақти келади кўрасизлар". Шу башорат нақадар тўғрилигини эндиликда кўриб турибмиз. Сафдошларимиздан Солижон Мўминовнинг, аввало, баркамол инсонлиги, моҳир врачлиги, талантли раҳбарлигига қойил қолмай иложимиз йўқ. У камтарликдан камол топди. Ҳозирда марказимизда маслаҳатчи. Халати доимо тайёр. Қачон келса, бемор касалларни кўрмагунча кўнгли тинчимайди.

Ундан ўрганиш керак бўлган нарсалар кўпу, айримлари бошқалар учун ҳам жуда ибратли деб ҳисоблайман. Биринчидан, ходимнинг вақтиниям, ўзиниям қадрлашни яхши билади. Иккинчидан, ҳар бир одамнинг ёшига, билимига лавозимига муносиб муомала маданиятини ўзлаштирган. Учинчидан, ҳамма нарсага улгуради. Тўртинчидан, ҳаётга янгиликни тадбиқ қилишни ёқтиради.

Демак, у замон билан ҳамнафас. Мед.датанинг амалиётга киритилиши айниқса маъқул. Чунки, беморларнинг касаллик тарихлари компьютерларга жойлаштирилаётгани жуда муҳим давр талаби ҳамдир. Бизлар жаҳон тиббиёти тараққиёти даражасида ишлашимиз керак-да.

 

Миразиз ОБИДОВ

"Аср барака сервис" хусусий тиббий муассаса раҳбари, олий тоифали кардиолог:

- Устозимиз Солижон Мўминов ҳар қанча мақтовларга муносиб. Лекин қисқа ва лўнда айтишнинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлайман. Мен бир неча йил у кишидан сабоқ олдим. У суҳбатдошини тинглашга қунтли, сабрли. Бу билан дилингизни тушунволишга уринади, ичингиздагини яширмасдан тилингизга чиқаришингизга имкон туғдиради. Самимий нигоҳлари эса, кўнглингизга мунавварлик югуртиради. Манманликдан йироқ. "Мен-мен" деганини сира эшитмаганман. Ҳозир ҳам шундай, мансаби юқориласа ҳам ўзгариш сезмадим.

Ўзига хос мактаби бор десам, муболаға эмас. Марказга ким иш сўраб келса, "қитиқлаб" кўриш одати бўлган. Фақат ва фақат тишга босадиган мутахассис кадрларнигина сафга қўшган. Кўпни кўрганлар айтишарди: "Ёш бўлсаям, Солижон акангдан ўрган. У пойтахтдаги мутахассислардақа, қачон истасанг, фойдали йўл-йўриқлар олишинг мумкин". Мен эса устозимизга кўз тегмасин дейман, ҳамиша.

 

Шокиржон ЗИЁВИДДИНОВ -

вилоят кардиология марказининг юрак - ишемик хасталиклари бўлими врачи:

- Тўрақўрғон туманидан қатнаб ишлайман. Оддий ўқитувчининг фарзандиман. Шундай водийда ягона, республикага довруқли марказнинг врачи бўлиб қолишимга Солижон ака сабабчилар. 2012 йили у кишининг қўлларига келиб, асло янглишмаганимни энди чуқур ҳис этиб турибман.

Ҳатто менга иш бўлмаган пайт­ларда ҳам умидсизлантирмаганларига мингдан-минг раҳматлар айт­сам арзийди. Чунки ҳузурларига чорлаб: "Шокиржон, сиз кўчада қолмайсиз. Янги бўлим, яъни юрак етишмовчилик бўлими очамиз. Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига бориб, малака оширасиз" дедилар. Айтганларини қилдим, Тошкентдаги домлаларнинг маҳорат мактабида сабоқландим.

Кейин - 2014 йили яна камолотимга қанот бағишлаш учун зарур кўмакни аямадилар. Шифохона ҳисобидан шартнома асосида 6 ой В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида ўқитдилар. Боиси, марказимизга янги технология келтирилганди. Юрак қон-томирларини текширадиган "Коронография" аппарати ўрнатилди. Энди рентген­эндоваскуляр бўлимида фаолиятимни давом эттириш малакасини эгаллаб қайтгандим. Ҳозирда тиғсиз жарроҳлик жараёнида устозлар билан ёнма-ён фаолият юритяпман. Қанчадан-қанча беморларнинг юрак томирларини стендлаб, қонни тўсиқларсиз бемалол юришини таъминлаяпмиз. Бошқача айтганда, беморлар умрини узайтиряпмиз, уларга нажот бағишлаяпмиз. Халқимизга энг керакли мутахассис бўлиб хизмат қилаётганим учун устозга ҳар қанча миннатдорчилик билдирсам камдек туюлаверади.

 

ЮРАК КАБИ БЕТИНИМ ИШЛАШ КЕРАК

2012 йил Солижон Мўминовнинг ҳаётида яна бир муҳим саҳифа очди. У депутат сифатидаги фаол хизматлари туфайли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди. Биз ўша унутилмас лаҳзаларда ЎзЛиДеПнинг вилоят кенгаши раиси, жамоатчи раҳбар билан мулоқотда бўлгандик. Бугун ана шу суҳбатимизни айнан келтиришимизни мақсадга мувофиқ деб билдик.

- Солижон Жалилович, аввало, сенаторликка сайланганингиз билан табриклайман!

- Раҳмат! Ҳозиргача 20-Машраб сайлов округидан Наманган шаҳар Кенгаши депутати сифатида фаолият юритган бўлсам, энди Олий Мажлиснинг юқори палатасига вакил бўлдим. Мамлакат миқёсидаги масалаларни, қонунларни муҳокама қилишда қатнашиш ғоят масъулият юклайди. Ҳам халқ саломатлигини сақлаш, ҳам юрт тараққиёти учун жон куйдириш менинг учун жуда шарафли. Биласизми, инсон учун юрак биринчи даражали аъзо ҳисобланади. У бетиним уриб туради. Биз ҳам ана шу кўкрагимиздаги содиқ дўстимиз каби ҳамиша тиниб-тинчимаслигимиз керак. Элу юрт учун фидоийларча ҳалол ва фаол хизматда бўлишни муқаддас бурч деб ҳисобламоғимиз шарт.

- Тўғри айтасиз, ўшанда ҳамма жойда ҳамиша аҳиллик, тараққиёт таъминланади-да. Кардиология марказининг обод ва кўркам ҳовлисига кирибоқ, ичкарида беморлар ташвишида елиб-югуриб юрган врачу ҳамшираларни кўрибоқ ҳайрату ҳавас туйганим бежиз эмасга ўхшайди. Айниқса, беморларнинг шифокорларга чинакам нажоткордай қарашлари сезилиб турибди. Бунинг боиси нималарда?

- Марказимиз мустақиллик йилларида иш бошлаган даволаш муассасасидир. Ҳозирда шифохонамиз 110 ўринли. Интенсив кардиология, юрак ишемик касалликлари, артериал гипертония, юрак-аритмия, юрак-қон томир жарроҳлиги бўлимлари мавжуд. Кечаю-кундуз 25 нафар врач ва 45 нафар ҳамшира иш олиб боряпти.

Аниқроғи, юқори малакали шифокорлар жамоасини шакллантирганмиз. Шароит ва имкониятларга келсак, давр талаблари даражасида дейишга ҳақлимиз. Чунки 2011 йил марказимиз бинолари мукаммал таъмирланди, реконструкция қилинди. 4,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Натижада даволаш сифатини тубдан яхшилашга эришаётирмиз. Икки йилдирки, кардиохирургия бўлими ишлаб турибди. Бу ерда юракнинг туғма ва орттирилган нуқсонларига жарроҳлик йўли билан ёрдам кўрсатилиб, беморлар нормал ҳаётга қайтарилмоқда. Қисқа фурсатда юздан зиёд операциялар амалга оширилди. Бўлим Фарғона водийсида ягона бўлганлиги учун қўшни Андижон ва Фарғона вилоятидан келган беморларнинг ҳам юрак нуқсонлари бартараф этилмоқда. Ҳатто Самар­қанд ва бошқа вилоятлардан ҳам нажот излаб келувчиларнинг борлиги биздаги имкониятларнинг кенглиги ҳамда юқори малакали жарроҳларга эгалигимиз туфайлидир.

- Қайси касбдошларингиз фаолиятидан қониқиш ҳосил қиласиз?

- Ўринбосарим, биринчи тоифали кардиолог Ботиржон Маъмуров, тиббиёт фанлари номзодлари Ҳасанбой Муҳиддинов, Нуриддин Баҳриддинов, врачлар Раҳимжон Жўраев ва Гулбаҳор Омоновалар зимммаларидаги вазифаларни ҳар доим аъло даражада уддалашга интилишади. Бошқаларни ҳам шундай қилишга ундашади. Беморнинг юраги меъёрий изга тушмагунча астойдил қайғуришади. Муолажалари нафи яққол кўзга кўринсагина ўзларини хотиржам сезишади.

- Юқорида айтганингиздай олим-шифокорларнинг кичик гуруҳига эга экансизлар. Бу эса бетўхтов сизларда изланишлар билан тиббиётга янгиликлар киритиш иштиёқи кучлилигидан далолатдир. Шу ҳақда ҳам фикр юритсангиз?

- Тиббий соҳадаги илмий изланишларнинг самараси инсон умрини узайтиришга хизмат қилиши билан ғоят қимматлидир. Ўзим 2007 йилда "Гипертония касаллиги билан беморларда гелиометеотроп омиллар таъсирининг клиник потогенетик тавсифи" мавзуида номзодлик диссертациямни ёзганман.

Раҳбар ҳар соҳада ходимларга намуна бўлиши керак, албатта. Мен доимо шунга ҳаракат қиламан. Айни маҳалда ҳамкасбларим учун зарур ёрдамимни ҳеч қачон аямайман. Уларга малака оширишлари учун зарур шароитлар яратиб қўйиш билан жиддий шуғулланаман. Бу борада Бутун Россия кардиологлар илмий жамияти ҳамда Европа кардиологлар жамияти аъзоси бўлганим жуда қўл келмоқда. Жаҳондаги кардиологик адабиётлардан интернет орқали фойдаланяпмиз. Ҳатто шу ерда ўтириб, илмий сессияларда қатнашяпмиз. Маърузалар тинглаяпмиз. Саволлар чиқса, уларга жавоблар оляпмиз. Янгиликларни амалиётда дадил қўллаяпмиз.

Марказнинг бош шифокори, вилоятнинг штатсиз бош кардиологи ҳисобланади. Биз Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ ҳар бир туманга врачларимизни боғлаганмиз. Уларнинг қадамлари қишлоқлардаги врачлик пунктларигача етиб боряпти. Ҳам беморлар тиббий кўрикдан ўтказиляпти, ҳам шифокорларга услубий йўл-йўриқлар берилмоқда. Кейинги маҳалда диспансеризацияга эътибор кучайтириляпти. Инфарктга чалинганлар қатъий ҳисобга олиниб, врач назоратига қўйилмоқда. Буларнинг барчаси вилоятимизда юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш, хасталар умрини узайтириш мақсадидаги саъй-ҳаракатлардир.

- Навбатдаги режалар қандай?

- Марказимиз деярли хўжалик ҳисобида ишлайди. Саксон фоиз маблағни жамоа билан топамиз ва аниқ мақсадларга йўналтириб, сарфлаймиз. Ўзимизнинг топганимиз ҳисобига юракдаги яширин касалликларни аниқлайдиган "Велоэргометр", 24 соат мобайнида беморнинг юрак фаолиятини текшириб, кўрсатиб, қайд этиб турадиган "Холтер ЭКГ", УТТ сотиб олмоқчимиз.

(Давоми бор).