Жорий йилнинг дастлабки кунларидан бошланган чуқурлаштирилган тиббий кўрик Поп туманидаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида ҳам уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Айни кунларда 8 та шифокорлар бригадалари Сирдарё соҳилларидан тортиб то Чодакнинг тоғли ҳудудларида жойлашган қишлоқ врачлик пунктларида, қишлоқ оилавий поликлиникаларида астойдил иш олиб боришяпти. Ҳар куни юзлаб туғиш ёшидаги аёллар ва болаларнинг саломатлиги тўла текшириб кўрилмоқда.

Биз Исковут қишлоғидаги 20-сонли ҚОПда бўлганимизда тиббий тадбир ғоят қизғин бораётганлигининг устидан чиқдик ва соғломлаштириш жараёнининг айрим лаҳзаларини тасвирга туширдик.

Қишлоқ оилавий поликлиникаси аҳил жамоаси масъулиятли вазифани юқори сифат ва самарадорлик билан амалга ошириш учун пухта тараддуд кўриб қўйган. Ҳудуддаги Исковут, Анҳор, Истиқбол, Озод, Нуробод ҳамда Санг қишлоғининг Ором маҳаллалари аҳолиси ўртасида кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб борилган. ҚОП мудири Илҳомжон Онарқуловнинг қайд этишича, 13 минг нафардан ортиқ кишининг соғлигига масъул бўлган шифокору ҳамширалар ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб натижадорликни таъминлашяпти. Бу борада қишлоқ тиббиётчиларига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалидан сафарбар этилган, филиал директорининг ўринбосари Равшанбек Темиров раҳбарлигидаги гуруҳ шифокорлари яқиндан ёрдам бермоқда.

Врач-педиатр Ғофуржон Пўлатов шу куни кўплаб болаларга тиббий хизмат кўрсатди. Келажагимиз ворисларининг соғлигини синчковлик билан ўрганиб чиқар экан болаларда аниқланган баъзи касалликларни тезкор даволаш юзасидан тавсиялар берди.

- Саккиз ёшли қизим Самирани безовта қилаётган хасталик бў­йича аниқ ташҳис қўйилди. Уни соғайтириш чоралари кўриладиган бўлди. Яратилган қулайликдан беҳад мамнунмиз, - дейди Мунира Ғойназарова.

Соғлом онадан соғ­лом фарзанд дунёга келади. Шу боис ҳам аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Фертиль ёшидаги аёлларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўриклари бу борадаги жуда муҳим жараён ҳисобланади. Шифокорлар ҳузурига келганларнинг аксариятини бўл­ғуси оналар ташкил этганлиги бежиз эмасди. Поликлиника ҳамширалари уларни ҳушмуомалалик билан қарши олиб, акушер-гинекологлар, тор доирадаги мутахассисларгача бирин-кетин йўл­лашяпти. Айниқса акушер-гинеколог Раънохон Бузрукхонованинг ҳузурига ошиққанлар бисёр. Тажрибали шифокор ҳар бир аёл саломатлигини ўта талабчанлик билан текшириб, унинг ҳолатига баҳо бермоқда.

Терапевт-шифокор Шоҳида Абдусаломованинг хизматларидан кун давомида ўн беш нафар фуқаро баҳраманд бўлди. Улар узоқлари яқин бўлиб вилоятнинг энг нуфузли клиникасининг қишлоққа келган врачларидан зарур маслаҳат ва тавсиялар олиш имконияти яратилганлигидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишди. Жарроҳлик бўлими мудири Улуғбек Бозорбоев эса РШТЁИМ Наманган филиалида амалиёт ўтказилган беморларнинг саломатлиги қай даражада эканлиги билан қизиқди.

Куннинг иккинчи ярмида эса тажрибали шифокорлар ҳолати оғирлиги учун қишлоқ оилавий поликлиникасига кела олмаган ногиронларнинг уйларида бўлишди. Анҳор маҳалласида яшовчи Виктор Шипунов ва Одина Мавлоновалар кўрсатилган эъзоз ҳамда эътибор учун ҚОП мудири Илҳомжон Онарқулов, туман тиббиёт бирлашмаси координатори Эркинжон Ғаппаров ва тажрибали жарроҳ Улуғбек Бозорбоевларга миннатдорчилик изҳорлашди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.