"Ўзтелеком" АК вилоят филиали мажлислар залида навбатдаги видеоконференция ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи раҳбари Борий Алихоновнинг "Йил сарҳисоби: 2017 йилдаги фаолият якунлари ва истиқболдаги режалар тўғрисида"ги маърузаси тингланди.

Сўнгра Экоҳаракатнинг вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Қодирхон Сўпижонов вилоятда 2017 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар мавзусида маъруза қилди.

Экоҳаракатнинг вилоят ҳудудий бўлими томонидан ҳам ҳисобот даврида тизимли ишлар олиб борилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш, жамоатчилик экологик назоратини кучайтиришга оид амалий-таҳлилий тадбирлар ташкил қилишга эътибор қаратилди. Ҳудудий бўлим ходимлари, Кенгаш аъзолари ва фаоллари томонидан вилоят телевидениеси, радио ва газета-журналларда тарғибот чиқишлари амалга оширилди. Оилаларда соғлом турмуш тарзи, гигиеник тарбия ҳамда ёшларни атроф-муҳитга, табиий ресурсларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва улардан оқилона фойдаланиш руҳида тарбиялаш ишлари мавзусида ўқув семинарлари ташкилланди. "Маҳаллангиз ободми?", "Хазонларни ёқиш саломатлик учун зарар", "Кўчат эк, парвариш қил" мавзуларида акциялар ўтказилди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси Хайрулло Гаппаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўзга чиқди.

Шунингдек, музокараларда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий Кенгаши аъзолари, НамДУ табиий фанлар факультети декани Абдуғаффор Назаров, Наманган муҳандислик-қурилиш институти доценти Нуриддин Баҳриддинов, Экоҳаракат фаоллари фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.