Аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни такомиллаштириш, тиббий тарғиботни кучайтириш мақсадида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Наманган вилоят телевидениеси ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари, бош­қарма бош мутахассислари телевидение орқали мунтазам эфирга узатилаётган очиқ мулоқотда иштирок этиб, Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва Қарорлар ижроси боис соҳада кечаётган ислоҳотлар, тизимда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида батафсил сўзлаб бермоқдалар. Ўтган йилнинг ўзида юздан зиёд бу мавзудаги телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ҳамюртларимиз эътиборига ҳавола этилди.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда. Шуниси аҳамиятлики, энди кўрсатувлар ҳар шанба куни соат 13 дан бошлаб тўғридан тўғри эфирга узатилмоқда. Жумладан, навбатдаги "Юзма-юз" кўрсатувида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова, вилоят "Она ва бола" скрининги маркази раҳбари Матлуба Жамилова ва бошқа мутахассислар аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга оид маъруза ва тавсиялари билан иштирок этдилар. Бир соатдан ортиқ давом этган мулоқот чоғида аҳоли вакиллари телефон орқали студия билан боғланиб, ўзларини қизиқтираётган кўплаб саволларга шифокорлардан тўлақонли жавоблар олдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.