- Биринчи галда бутун эътиборни жажжиларни касалликлардан фориғ қилишга қаратяпмиз, - дейди Назира Собиржоновна. - Имконияти чекланган, қуёнлаб, бўританглай болаларимиз барча қулайликларга эга бўлган уйимизда яшаб йилига икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтадилар. Юзларидаги, қўлларидаги нуқсонлари бартараф этишнинг зарур чоралари кўрилади. Қанча маблағ талаб қилинса ҳам хорижий мутахассисларнинг пластик операциялари ўтказилишига эришилади.

Биз "Соғлом бола йили"даги муолажалар айниқса самарали кечганлигини бу ерда бўлганимизда кўриб-билдик. Девордаги баннерда нуқсонли болалар ва уларнинг жарроҳлик операциясидан кейинги кўринишларни ифодалаб қўйилибди. Шу йил 14 октябрь куни Фарғона болалар шифохонасига олиб борилган 4 нафар ўғил-қизда Туркиядан ташриф буюрган юқори малакали жарроҳлар пластик операцияларни ғоят муваффақиятли уддалашибди.

Муҳаммадрасул Зокиржонов, Қудратбек Эргашев, Ойша Набижонова ва Шукрилло Нас­риддиновлар энди ойнага қўрқ­май қарашадиган ҳолатга келтирилди. Нуқсонлари йўқотилиб, бошқа соғлом тенгдошларидек чиройли қиёфа киритилибдилар.

Орадан роса бир ой ўтгач, яъни 14 ноябрда 2 нафар бола - бир ёшли Шукрулло Насриддинов билан беш ёшли Райҳона Қорабоевани қуёнлаб - бўританглайликдан қутултириш учун "ота-она"лари Тошкентга етказишибди. Тошкент педиатрия - тиббиёт институтида иш олиб бораётган Сингапур давлати мутахассислари пластик жарроҳлик амалиётини моҳирона адо этдилар. Болаларнинг бадбашаралигидан деярли асар қолдирилмабди.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Уларнинг ҳар бири учун миллион-миллион пул сарфланди. Агар ота-оналари уйида яшаганликларида бунга имконият ё топиларди ё топилмасди. Давлатимизнинг беқиёс ғамхўрлиги қуршовидаги бемор болалар, соғлом болалар қаторига қўшилгани, уларнинг ўксик кўнгиллари кўтарилгани, юзларида чирой ва табассум жилвалангани мўъжизадай гап. Ҳатто баъзиларининг ота-оналари танимай қолгани, кўзларидан дув-дув ёшлар оқиб нақадар юксак меҳр-мурувват оғушида ўсаётган ўғил ёки қиз чинакам ишончли қўлларда эканлигига яна бир карра иқрор бўлдилар.

Бу ерда тарбияланувчи кичкинтойларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда аниқланган касаллик аломатларидан халос этиш учун доимий муолажалар йўлга қўйилган. Айни маҳалда жорий йилда 2 нафарининг вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида чов чуррасида жарроҳлик амалиёти аъло даражада уддаланди. Оғиз бўшлиғи хасталигига учраган 3 нафарини вилоят болалар стоматология поликлиникасига муолажаларга олиб борилди. "Чортоқ" болалар санаторийсида ҳам анчагинаси ёзги мавсумни мароқли ўтказишди.

Бугунги болалар уйининг нафақат ташқи қиёфаси, балки ички шарт-шароитларию қулайликлари ҳам илгариги пайтдагидан бутунлай фарқли. Негаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил Инвестиция Дастури тўғрисида"ги ПҚ-1855-сонли қарорига мувофиқ кейинги уч йил ичида катта ҳажмдаги қурилиш - таъмирлаш рўёбга чиқарилди. Икки босқичдаги ишлар самарали якунланди. Асосий бино мукаммал таъмирланди. Янги даволаш корпуси қўшилди. Иситиш тизимлари янгиланди. Физиотерапия хонасига энг замонавий даволаш аппаратлари келтирилди. Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан "Дамас" автомашинаси совға қилингани, эса жамоа ишини янада яхшилаш имкониятини кенгайтирди.

Ғамхўрликларга жавобан врачу ҳамширалар, тарбиячию энагаларгача зиммаларидаги юксак масъулиятни шараф билан адо этишмоқда. Назира Бозорова, Фотима Субанова, Манзура Охунова, Мамлакат Рустамова, Турсуной Раҳимова, Назира Рауповалар айниқса фаоллик кўрсатишаётир.

Яқинда муассасада йил давомида соғломлаштирилган ўғил болаларнинг хатна тўйлари ташкилланди. Аюбхон, Раҳматулло, Жавоҳир, Асадбек, Шукрулло, Улуғбек, Муҳаммад­қодир, Абобакир, Ойбек ва Нурмуҳаммад каби ўн нафар кичкинтой сон - саноқсиз совғалар билан сийланишди. Кўнгли ўксик, ҳамда туғма нуқсонлардан эндигина фориғланиб, тўлақонли ҳаётга кўникаётган жажжиларнинг кўзларидаги севинч ва умидни кўриб, беихтиёр шундай болапарвар юртда яшаётганимизга мингдан-минг шукроналар зарурлигини янада чуқурроқ англаб етдик.

Содиқ Сайҳун.