Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси

барчамизнинг зиммамизга ана шундай юксак масъулият юклайди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Унда 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари ифодалаб берилди. Халқимиз Мурожаатномани ўша куниёқ видеоконференция алоқа тизими ва телевидение орқали кўриб тинглади. Эртасига газеталарда ёритилгач, катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганди. Юртбошимиз мамнуният билан таъкидлаганларидек: "2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган янгича маъно- мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамларни қўйдик.

Иқтисодиётимизни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, пухта ўйланган дастурлар қабул қилинди ва улар изчил амалга оширилмоқда.

"Ўзбекистонда олиб борилаётгани давлат сиёсатининг ғоят муҳим йўналиши бўлган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда".

Кузатилган йилимиз барчамиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлгани айниқса қувончлидир. Яъни халқ қабулхоналарининг эшиклари халқимизга кеча-кундуз очиб қўйилгани, шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллалардаги ҳамда оилалардаги мавжуд муаммоларни тезроқ ҳал этиш имконини яратди. "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган ғоя амалиётга киритилди. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" да халқимизнинг давлат сиёсатидан хурсандлиги ва розилигини доимий равишда таъминлаш чора-тадбирлари кўрилди. Бундай амалиёт бир йиллик ёки мавсумий эмас, албатта. Энди доимийлик касб этаверади.

Анжуманда Шавкат Мирзиёев янги - 2018 йилни Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига, давлат идораларига келган кўплаб мурожаат ва хатлар, жойларда бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олиб "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилишни таклиф этганларида бежиз олқиш қарсаклари янграмади. Таклиф халқимиз учун ҳам ғоят маъқулу манзур бўлди.

Президентимиз шарҳлаб берганларидай: "Фаол тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт. Керак бўлса, хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш учун уларга ҳар томонлама имконият туғдириб беришимиз лозим". Демак, ҳар бир тадбиркор фаолликка интилишини ҳаётнинг ўзи талаб этяпти. Инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларга рағбат бериш, энг замонавий технологияларни келтириб ишга солиш халқимиз ва давлатимиз учун катта фойда етказишини тадбиркорларга қўмаклашувчи мутасадди идораларнинг раҳбарлари бирор дақиқа унутмасликлари лозимдир.

Наинки иқтисодий, балки ижтимоий соҳалардаги фаол тадбиркорларга ҳам рағбат ёғдириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичида беҳад зарур аҳамият касб этади. Шу боис, ўтган йилнинг ўзидаёқ тиббиётнинг хусусий сектори ишини ривожлантириш тўғрисида бир неча Қарор ва Фармонлар қабул қилиндики, булар ўзининг катта самарасини беряпти. Халқимизнинг хусусий диагностика ва даволаш муассасалари хизматларидан хурсандлигига эришиш имкониятлари тобора кенгайяпти.

Янги йилда янги муваффақиятларни қўлга киритишимиз учун барчамиз бир тану бир жон бўлиб ишласак, бор билим ва малакамизни аямасдан сарфласак, бизлар эгаллай олмайдиган ҳеч бир марра йўқ.