Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бинобарин, мазкур ҳужжатга мувофиқ тиббиёт олийгоҳларини муддатидан барвақт тамомлаган ёш шифокорлар ҳудудларга жўнатиляпти. Улардан бир гуруҳи Наманган вилоятига ҳам етиб келди. Ўтган ҳафтада шифокорларнинг янги авлодини тантанали кутиб олиш маросимлари ўтказилди.

Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма театри бу гал санъат шайдолари билан эмас соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан тўлди. Бу ерда Тошкент тиббиёт академияси ва Андижон давлат тиббиёт институтининг 7-босқичини якунлаган 75 нафар мутахассисларни тантанали кутиб олиш тадбири ташкил этилди.

Маросимни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов очди. Унинг таъкидлашича, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида шифокорлар етишмаслиги ҳолати кузатилаётган эди. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қатор ҳужжатлардаги вазифалар ҳаётга татбиқ этилаётганлиги боис бу ғоят долзарб масала ечимини топмоқда. Жорий йилнинг ўзида 234 нафар республикамиздаги тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолиятларини бошлайдилар. Уларнинг бир гуруҳи бугун мамнуният ва катта умидлар билан илиқ қарши олинди.

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров шифокорларнинг янги отрядини масъулиятли фаолиятга киришиши билан қутлар экан, ёш врачларни халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатишларига ишонч билдирди. Уларга касбни севиш, тажрибали шифокорлардан маҳорат ўрганиш, ҳозирги замон тиббиёти ютуқларни ўзлаштириш, чет тилларни мукаммал эгаллашга доир маслаҳатларини берди ҳамда битирувчиларга омадлар тилади.

- Поликлиникамиз ҳудудда яшовчи 51 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бироқ 21 нафар врач ўрни бўш турганлиги учун аҳоли саломатлигини сақлашда айрим муаммолар юзага келаётган эди. Мана илк битирувчи сафимизга қўшилди. Яқин кунларда яна ёш мутахассислар гуруҳи келяпти. Уларга барча шароитларни яратиб берамиз. Устоз-шогирд анъаналарини намунали йўлга қўямиз, - дейди Наманган шаҳридаги 9-оила поликлиникаси бош шифокори Насиба Дадабоева.

Тошкент тиббиёт академияси битирувчиси Исломбек Нажимов, Андижон давлат тиббиёт институти тамомловчиси Нигора Ваҳобовалар маросимда сўзга чиқиб, олийгоҳларда олган назарий билимлари ва касбий кўникмаларини амалиётда қўллашга шай эканликларини айтиб, эл соғлиғини мустаҳкамлашга, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшажакларини изҳорладилар.

- Тиббиётда кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг олдинги сафида бориб, юртдошларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашда фидокорлик қилиш ниятидаман, - дейди ТТА битирувчиси Мирзоҳид Тўраббоев.

Маросимда битирувчиларга диплом ўрнини босувчи маълумотномалар топширилди. Вилоятимизнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига ишга жойлаштирилганликлари, уларга хатто икки ставкадан ишлашлари учун шароитлар яратиб қўйилганлиги маълум қилинди.

- Фарзандим Муҳаммад Ҳабибуллаев Андижон давлат тиббиёт институти 7-босқичини олдиндан тамомлаб, Наманган шаҳридаги 9-оила поликлиникасида хизматни бошлади. Отаси касбини эгаллаб, умумий амалиёт шифокори сифатида маҳалладошларимизга тиббий хизмат кўрсатаётганлигини кўриш менинг орзуим эди. Ниятимга етганимдан ғоят шодман, - дейди 59-умумтаълим мактаби математика фани ўқитувчиси Зумрад Иномова.

Вилоятимиз санъат усталари иштирокидаги концерт дастури маросимга файз бағишлади.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари П. Маткаримов иштирок этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.