Сарлавҳамиз бироз нотабиийдек туюлдими? Аммо айни кунларда юртимизда давом этаётган, касаба уюшмалари асосий ташкилотчиларидан бўлган тадбирлар - "Саховат" ва "Мурувват" акциялари давомида кўнглингиздан шундай оҳанглар кечиши табиий. Эътироф этмоқ жоиз: акция доирасида ушбу ғамхўрликка муносиб, ҳақиқатдан ҳам Юрт­бошимиз кўрсатмасига асосан ажратилаётган маблағ ёрдамида ҳаётга ҳам жисман, ҳам маънан эзгу нигоҳ билан боқувчи юртдошларимизни саралаш ташкилотчилардан узоқ ва тинимсиз меҳнатни талаб этди. Бироқ натижанинг шунга муносиблиги, юксак ишонч ва чексиз савоб умиди ҳаммасидан устун. Ҳазрат Навоий муқаддас динимиз аҳкомларига ҳамоҳанг эътироф этганларидек:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Президентимизнинг "Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси бўйича вилоятимиздан 72 нафар бемор рўйхати шакллантирилди. Ҳар бир тумандан 6 нафардан танлаб олинган бемор туман тиббиёт бирлашмаси ва маҳаллий ҳокимлик томонидан тасдиқланиб, даволаниш йўлланмаларини қўлга киритди. Номзодларни саралаш чоғида асосий эътибор уларнинг ижтимоий ҳимояга қанчалар муҳтож эканлигига қаратилди.

Вилоят касаба уюшмалари қошида ташкил этилган махсус ҳисоб рақамга республикадан ушбу хизматлар учун 288 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган. Республикадаги тиббиёт марказларида даволанадиган 16 нафар беморларга 45 миллион сўмдан зиёд сўм, вилоят кардиология марказида даволанадиган 7 нафар беморларга 14 миллион сўм, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанадиган 14 нафар беморларга 19 миллион сўмдан ортиқ, Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанадиган 1 нафар беморга 2 328 900 сўм маблағларни тиббиёт муассасалари билан тузилган шартномалар асосида шифохоналарнинг ҳисоб рақамига пул кўчириш йўли билан ўтказиб берилди.

Бундан ташқари шифокорлар томонидан тавсия этилган дори- дармонларга ёзилган рецепт асосида 29 нафар беморларга дорихоналар билан тузилган шартномалар асосида, дори-дармонларни олишлари учун 92 243 626 сўмлик маблағ ўтказилди.

Ҳозирги кунга қадар тасдиқланган бирламчи ҳужжатлар асосида кам таъминланган оилалардаги касалманд беморлардан вилоят бўйича 67 нафарига даволаниши ва дори-дармонларни олишлари учун 172 924 532 сўм бюджет маблағлари йўналтирилди. Умумий ҳисобда 67 нафар беморга яшаш ва яхши ҳаёт имконияти калити тутилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ғамхўрликдан баҳраманд, айни пайтда кўнгли эзгуликдан яшнаётганлардан бири Тўрақўрғон тумани Қўшқайрағоч МФЙда яшовчи Улуғбек Эргашевдир.

- Дард одамни ҳар томонлама синаркан, - дейди у. - Отам инсульт бўлиб, тўшакка михланиб қолган. Фалокат оёқ остида экан, ток уриб, икки бармоғим куйиб кетди ва кесиб олиб ташлашга тўғри келди. Чап қўлимдаги икки бармоқ йўқлигига атрофдагиларнинг ажабсиниб қараши кўнг­лимни бир эзса, бемалол ишлашга қийналишим дард устига чипқондек эди.

Улуғбекнинг чап қўлидаги 3-4 бармоқлар орасида ампутацион чўлтоқликни амалиёт йўли билан Республика Травматология ва ортопедия ИТИда малакали шифокорлар томонидан жаррохлик амалиёти ўтказилиб, тўлиқ даволанди. У оиласига соғломлашиб кайтди. "Худо хоҳласа, Юртбошимизнинг бу ғамхўрлигини Ватанга садоқатим билан қайтараман" дея қалб тўридаги миннатдорчилигини изҳор этади бу йигит.

Тўрақўрғонлик яна бир бемор оқтошлик Иномжон Холмирзаевга молиявий мадад берилди. "Атеросклероз, Лериш синдроми" билан ташхисланган беморга шифокорлар тавсия этган рецепти асосида 3 800 000 сўмлик дори-дармонлар олиб берилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган Моҳира Тошпўлатованинг кўзини очиши нафақат яқинлари, балки шифокорлар, жамоат ташкилоти фаолларининг ҳам шодлигига сабаб бўлди. Яна бир инсон саломатлик томон қадам ташлади, меҳнатлар юзага чиқди.

- Наманган туманининг Бозорбоши МФЙсида истиқомат қиламиз, - дейди беморнинг турмуш ўртоғи, иккинчи гуруҳ ногирони Икром Имомназаров. - Аёлим 2002 йилдан бери сийдик-тош касаллигидан қийналарди. 2008 йилда операция қилдирдик. Аммо касаллик зўрайиб, соғлиғи оғирлашиб бораверди. Марказнинг малакали врачлари хайрия тадбири давомида турмуш ўртоғимнинг буйрагини яна операция қилишди. Операция яхши ўтди, барча-сарф харажатлар Президентимиз қарорларига биноан касаба уюшмаси томонидан қопланди.

Бу каби хайрли ишларнинг адоғи йўқ, энг муҳими, қайси шаклда бўлмасин - у хоҳ жарроҳлик амалиёти ёки даволаш, дори-дармон олиш борасида, яхши натижага эришилмоқда. Одамларнинг дуоси олинмоқда.

Бугун бизга аёнки, тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ўстиришга мунтазам эътибор қаратилгани билан унга муҳтож қатламнинг моддий имкониятлари ҳисобга олинмас экан, ижобий натижага эришиб бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида "Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда", дея қатор камчиликларни келтирганида, юқорида номи зикр этилган қарорнинг аҳамиятини яна бир бор чуқурроқ англагандек бўлдик. Амалга оширилаётган мазкур ишлар айни муаммоларни бартараф этишдаги муҳим қадамлардан бўлишига умид қиламиз.

Муҳтарам Президентимиз қарорлари ижросини тўлиқ бажарилишини таъминлашда туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, касаба уюшма ташкилотчилари, даволаш муассасалари мутасаддиларининг фаол иштирокини мамнуният билан эътироф этишимиз керак. Беморларимизда юқори малакали даволаш муолажаларини ҳамда жарроҳлик амалиётларини сидқидилдан бажарган вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи З. Холов, вилоят кардиология маркази бош врачи З. Жўрабоев хамда вилоят «Дори-дармон» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Р. Қосимовлар раҳбарлигидаги меҳнат жамоаларининг хизматлари таҳсинга лойиқ.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси

Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича

масъул ташкилотчиси.