Вилоятимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан бири - чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни кенг миқёсда ва самарали ўтказиш жараёни бошланди.
Мустақиллик йилларида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш устувор вазифалар қаторидан ўрин олди. "Соғлом она - соғлом бола" деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш учун кўп ишлар қилинди. Давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг ижроси таъминланди. Шунга қарамай, оналик ва болалик муҳофазаси йўналишидаги ишларда айрим муаммолар мавжуд эди. Чунки, даволаш-профилактика ишларининг энг муҳим босқичи бўлмиш тиббий кўрикларни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйилган ҳоллар ҳам бўлган.
Эндиликда тиббий кўриклар шунчаки номигагина эмас, ўта чуқурлаштирилган тартибда, уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Унга янги йилнинг дастлабки ҳафтасидан барча шаҳар ва туманларда изчил киришилди. Аҳоли фаол иштирокини таъминлашда ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вакиллари тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилишяпти. Мазкур тадбирга вилоятимизнинг энг тажрибали ва малакали шифокорларидан таркиб топган бригадалар сафарбар этилган.
Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар босқичма босқич олиб борилади. Унда аҳолининг барча қатламлари қамраб олинади. Яъни, биринчи бўлиб вилоятдаги ҳамма туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлиги 9 та тор соҳа мутахассислари иштирокида кўриб чиқилади. Касаллик аниқланган опа-сингилларимиз зудлик билан соғломлаштириш тадбирларига жалб қилинадилар. Шу мақсадда вилоятдаги фертил ёшдаги аёлларнинг маълумотлар базаси яратилди.
Мазкур жараён Наманган шаҳрида ҳам жадал амалга оширилмоқда. "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинида чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Уни 7-оила поликлиникаси мудираси Наима Муҳиддинова кириш сўзи билан очди. Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов тиббий тадбирнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлаб, уни янада самарали ташкиллаш учун зарур чоралар кўрилиши, омманинг тиббий маданиятини кўтариш саломатлик тарғиботида муҳим ўрин эгаллаши хусусида гапирди.
- Тиббий жараёнга пухта тайёргарлик кўрилди. 102 та маҳаллада яшовчи туғиш ёшидаги аёллар тўлиқ рўйхатга олинди. 154 минг нафардан зиёд аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чақирилади. Уларга бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида 13 та тиббий кўрик бригадалари узлуксиз хизмат кўрсатади. Ҳар бир аёлнинг саломатлиги ғоят талабчанлик билан текшириб кўрилиши шарт. Бунинг учун вақт ҳам, врачлар ҳам, асбоб-ускуналар ҳам етарли, - дейди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва шаҳар ҳамда туманлар тиббиёт бирлашмаларида мувофиқлаштирувчи штаблар туну кун иш олиб боряпти. Юзага келадиган муаммолар тезкор равишда ҳал қилинмоқда. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг дастлабки босқичида оналар ва болалар саломатлиги текширувдан ўтказилаётган бўлса, кейинчалик мактаб ва коллеж ўқувчилари, олийгоҳлар талабалари, аҳолининг барча қатламлари шифокорлар ҳузурига чорланади. Мақсад, касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш ишларини янги босқичга кўтаришдан иборат.
Абдулла ҒОЗИЕВ.