Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида эса Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти 7-босқичи ва клиник ординатурани тамомлаган ёшларни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди. У Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида кечаётган янгиланишлар ҳақида мулоҳаза юритар экан, кадрларга бўлган эҳтиёж ва уни хал этиш борасидаги ишлар ҳусусида тўхталди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Патхиддин Маткаримов тиббий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараларига эътиборни қаратди. Катта ҳаёт бўсағасида турган ёшларга омад тилар экан, институтда олган назарий билимларини амалиётда дадил қўллаш, аҳолининг тиббий хизматдан рози қилиш учун астойдил изланиш, вилоятнинг олис ҳудудларида жойлашган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини янги босқичга кўтаришда фаоллик кўрсатиш бў­йича тавсияларини берди.

Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти ўқитувчиси Жавлон Тўхтамуродов, 7-босқич битирувчиси Собитжон Худойқуловлар шифокорларнинг янги авлоди соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш учун бор куч ва салоҳиятларини ишга солажаги ҳақида гапирдилар. Поп тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рустамжон Раҳматуллаев битирувчиларга шифохона ва поликлиникаларда самарали иш олиб боришлари учун барча имкониятлар муҳайё этилганлигини билдирди.

Ёш шифокорлар шу куниёқ даволаш-профилактика муассасаларида ишга қабул қилинди. Жумладан, Аброржон Абдусатторов Наманган тумани Тепақўр­ғон қишлоғидаги 13-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида хурсандчилик билан қарши олинди. ҚОП мудираси Маҳмуда Йўлдошева янги тиббиёт ходимига "Умумий амалиёт шифокори хонаси"ни кўрсатди. Ёш доктор қабул қилган биринчи бемор Содиқжон Пўлатов бўлди.

- Икки йилдирки, тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш бўйича изчил иш олиб бориляпти. Қишлоғимизда оилавий поликлиника очилди. Энди бўлса уни ёш ва умидли шифокорлар билан мустаҳкамлаш чоралари кўриляпти. Бундан аҳоли беҳад мамнун, - дейди Содиқжон Пўлатов.

Шундай қилиб, вилоятимизга тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларининг даст­лабки гуруҳи жўнатилди. Яқин орада юз нафардан ортиқ 6-босқични тамомлаб, шифокорлик мақомига эга бўлган йигит-қизлар саломатлик посбонлари сафидан ўрин олишади. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида тизимдаги бўш ўринлар барҳам топиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланиши шубҳасиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.