Мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз салоҳияти ўсди ва жанговар тайёргарлиги мустаҳкамланди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари жонажон Ватанимиз сарҳадлари хавфсизлиги ва дахлсизлигининг, тинчлиги ва осойишталиги барқарорлигининг кафолатидир. Қуролли Кучларимиз сафларига йигитлик бурчларини адо этиш учун сафарбар этилаётган ёшларнинг саломатлигини чуқур текширувдан ўтказишдек шарафли ва масъулиятли иш шифокорлар зиммасига юкланган. Наманган вилоят мудофаа ишлари бошқармасида вилоят доимий тиббий чақирув комиссияси фаолият кўрсатади. Комиссия катта врачи, олий тоифали шифокор Собиржон Раҳимов мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли, юксак малакали ҳарбий кадрлар билан мустаҳкамланмоқда. Бўлажак ватан посбонларини тайёрлаш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Уларни маънан етук, жисмонан соғлом вояга етишлари учун кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Мактаб, коллеж ва академик лицейларда ёшларни чақирувга тайёрлаш, йигитларимизни жисмонан чиниқтириш, соғломлаштириш ишлари доимо эътиборда. Бу саъй-ҳаракатлар йигитларда Ватан тақдири учун масъуллик ҳиссини кучайтиришга қаратилгандир.

Айни вақтда 11 та туман ва Наманган шаҳар Мудофаа ишлари бўлимларидаги чақирув участкаларида тиббий чақирув комиссиялари фаолият юритмоқда. Вилоят мудофаа ишлари бош­қармаси қошида эса вилоят доимий тиббий чақирув комиссияси иш олиб бормоқда. Бу комиссияларга 114 нафар кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган мутахассис - врачлар жалб қилинган. Уларнинг 94 нафари чақирув тиббий экспертизаси бўйича юқори малакага эга бўлган олий ва биринчи тоифали мутахассис шифокорлардир.

Тиббий кўрик хоналари энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги туфайли харбий хизматга чақирилувчиларнинг соғлиги кафолатли кўрикдан ўтказилмоқда.

Натижаларга кўра ҳар бир чақирилувчининг саломатлик даражаси белгиланиб, энг муносиблари муддатли ҳарбий хизматга юборилади.

Чақирувга тайёргарлик даврида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассисларининг хизматлари таҳсинга сазовордир. Айниқса, вилоят доимий тиббий чақирув комиссия аъзолари жарроҳ Шерзод Юсупов, терапевт Абдурашид Камоловлар, соғлиқни сақлаш бошқармасининг штатсиз мутахассислари бош рентгенолог Олимжон Қодиров, бош эндоскопист Абдурашид Мамажонов, эндоскопист Рустамжон Турсуновларнинг фаоллиги, ўз ишига юксак масъулият билан ёндошиши эътиборга лойиқ.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тиббий чақирув комиссияси фаолият кўрсатадиган вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пун­ктида чақирилувчи ёшларни тиббий гувоҳлантириш жараёнининг шаффофлигига эришиляпти. Чунки, ҳар бир мутахассис-врачлар хоналарида видеокузатув камералари ўрнатилган.

Йигитларимизнинг соғлом ва саралари, ҳар жиҳатдан юксак фазилат соҳиблари миллий армиямиз сафларидан ўрин олишади. "Ватан ҳимоячиси" деган номга сазовор бўлиш эса ҳар бир фидоий, ватанпарвар ёшлар учун юксак шарафдир.

Манзура ЭРГАШЕВА ёзиб олди.