Айниқса, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида халқаро стандартларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган шифохоналар ва уларнинг вилоят ҳамда туманлардаги бўлимларида юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам хизмати кўрсатишнинг ноёб тизими шакллантирилди. Туман ва вилоят даражасидаги соғлиқни сақлаш муассасалари тармоғи оптималлаштирилди, замонавий асбоб-ускуналар билан яхши жиҳозланган ва малакали кадрлар билан таъминланган ихчам туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари ҳамда поликлиникалари ташкил этилди.

Юртбошимизнинг "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилгани ўз самарасини бермоқда. Зеро, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган ушбу қонун ва қарорлар, дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз ҳудудларида замонавий тиббиёт муассасалари, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, уч мингдан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, тиббий хизмат сифати юқори даражага кўтарилди.

Шундай экан, биз тиббиёт ходимлари ҳам яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз, зиммамиздаги бурчни масъулият билан адо этиб, фуқароларимиз саломатлиги, халқимиз омонлиги йўлида бор куч-ғайратимизни аямаслигимиз даркор.

Рустамжон АБДУЛЛАЕВ,

1-шаҳар шифохонаси

терапия бўлими врач-ординатори