Тиббиёт ходимларининг анъанавий байрами тантанасида 2017 йилнинг илғорлари шарафланди. Вилоят ҳокими Ҳайрулла Бозоров ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар анъанавий кўрик-танловнинг бу йилги ғолибларини тақдирлай бошлашди. "Йилнинг энг фаол, энг масъулиятли раҳбари" йўналиши ғолиби Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жакбарали Қурбонов Диплом билан тақдирланди" деган сўзлар янграши биланоқ даврада олқиш қарсаклари янгради. Унга Диплом билан бирга хизматда фойдаланиш учун "Дамас" автомашинасининг калити ҳамда телевизор тантанали суратда топширилди. Катта сийловлару самимий табриклардан ҳаяжонланган бош шифокорнинг беихтиёр кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Ахир бундай шарафланишни аслида кутмаган бўлса-да, янги жамоага борган кундан бошлаб, одатига кўра ҳалол ва фаоллик билан иш юритишни янада астойдил давом эттираётган эди-да.

Бу инсонни Наманган аҳли аввалдан яхши билади. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасини қарийб йигирма йилдан буён бошқариб келарди. Шу йил сентябрь ойининг бошидан вилоят ҳокимининг қарори билан Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасига лойиқ кўрилган эди. Бу билан кўп йиллик раҳбарлик ва мутахассислик тажрибаси ҳамда маҳоратидан қуйи бўғинда самарали фойдаланиш кўзда тутилганди.

Тўғрисини айтганда, Жакбарали Қурбонов билдирилган навбатдаги ишончни оқлаш учун астойдил енг шимарди. Борган кунидан сертармоқ муассасадаги ҳақиқий ҳолат билан обдон танишди. Давлат инвестиция дастурига кўра, ўтган йили марказий шифохона ва поликлиника реконструкция ва мукаммал таъмирдан чиқарилганига қарамай, муаммолар ҳам йўқ эмаслигини назардан қочирмади. Аввало, қишки иситиш мавсумига тараддудни тўкис қилиш ҳаракатига тушди. Масъул идораларнинг мутасаддиларига қайта-қайта мурожаат этиб, уларнинг ёрдами билан янги 4 та локал иситиш қозонини ўрнаттирди.

Биз борган куни қозон остида гувиллаб ёнаётган оловни, тармоқларга иссиқ сув бир маъромда узатилаётганини кўриб қувондик. Ҳатто, тизим қувурларида келгусида тиқилишлар туғилмаслиги учун сувни фильтрловчи агрегатни ўрнатиш якунланаётган экан. Бўлимлардаги иссиқлик алоҳида-алоҳида қозонлардан ҳайдалаётган қайноқ сув туфайли доимо меъёрида. Шифокорлар ҳам, беморлар ҳам бундан ғоят хурсандлар.

Уддабурон раҳбар фақат марказий муассасаларга эътибор қилибгина қолмай, чекка ҳудудлардаги шифохоналар ишини давр талаблари даражасида йўлга қўйиш борасида ҳам фаол ҳаракатда. Катта маблағ эвазига тўла реконструкциядан чиқарилган Нанайдаги ҳудудий шифохона эшиклари Конституция байрами арафасида яна беморларга очиб қўйилди. 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 7 та қишлоқ врачлик пункти ҳамда 8 та тез ёрдам станцияси фаолияти тобора такомиллаштирилмоқда.

Тиббиёт бирлашмаси ҳовлисидаги саранжом-саришталикни, дарахтлар буталиб, гулзор майдончаларнинг куздаёқ сифатли юмшатиб қўйилгани диққатимизни ўзига торди.

- Бу ерларга ҳам аввалги муассасангиз ҳовлисидаги ранго-ранг очиладиган анвойи атиргуллар ўтқаздирсангиз керак-а? - дедик Жакбарали аканинг азалдан гуллар шайдоси эканини яхши билганимиз учун.

- Албатта, гўзаллик бор жойда одамларнинг баҳри дили очилади, кайфияти кўтарилади. Яна маънавиятни юксалтириш масаласи билан ҳам астойдил шуғулланяпмиз. Мақсадимиз халқни яхши муолажаларимиз ва юқори малакали хизматларимиздан ҳамиша рози қилишга эришишдир. Бунинг учун атрофимдаги ҳамкасбларим билан биргаликда беминнат иш ташкил қиляпмиз. Айниқса, даволаш ишлари бўйича ўринбосарим Абдураҳмон Абдураҳмонов, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бў­йича ўринбосарим Дилбархон Ҳайдарова, координатор Насибахон Раҳмонова, бош фельдшер Абдураҳмат Қўчқоров, шошилинч тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Раҳимжон Мадраҳимов, туғруқ бўлими бошлиғи Раънохон Тўхтаматовалар ёнма-ён туришиб, тиббиётдаги ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш учун кеча-кундуз жон куйдиришяпти. Улар ижро интизомини қатъий жорий этишда менинг энг фаол кўмакчиларимдир.

Қисқа фурсатда янги жамоа билан тил топишиб, Президентимизнинг тиббиёт соҳаси ривожига тааллуқли барча Қарор ва Фармонларини ҳаётга изчил тадбиқ этишда ўзига хос намуна кўрсата олган, олтмиш ёш остонасида турган Жакбарали Қурбонов бу даражага етиб келгунига қадар ҳам ибратли ҳаёт соҳиби бўлганини шу ўринда эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Қирғизқўрғонлик Акбарали ака билан Маъсуда опа учун саккиз фарзанднинг ҳаммаси ҳам суюк эди-ю, лекин тўнғичи Жакбаралига меҳрлари бўлакчайди. Болалигиданоқ шунақанги асраб-авайлашардики, ҳатто "медпункт"га - ёлғиз фельдшер хизмат кўрсатадиган қишлоқ тиббиёт муассасасига эмлашга олиб боришганида онаизор тинч ўтиролмасди.

- Боламни эҳтиёт қилинг, Ҳамиджон, спиртингизни яхшилаб суртинг, игнангизни оғритмасдан, секин санчинг, ҳали кўрасиз менинг Жакбаралим ҳам сизга ўхшаган дўхтир бўлади, - дерди Маъсуда опа ширин орзуларни хаёл қилиб.

- Қани, дўхтир бўладиган бола игнадан қўрқмайди, - дея унга далда берарди Ҳамид "медбрат".

Жакбарали бундан яйраб кетарди. Эмлаш чоғида оғриқ сезсада "миқ" этмасликка уринарди ўзини бошқа тенгқурларидан кўраям сабрли ва чидамлилигини кўрсатмоқни истаб. Бу ҳол мактабида ҳам такрорланганида Ҳамид ака хурсандчилигини яширолмасди.

- Жакбаралига қаранглар жийиниш ўрнига жилмайиб турибди, ундан ўрнак олинглар! - дерди ўртоқларига мақтаб.

Аслида у ўқишда аълочию, жамоат ишида фаоллигини бошланғич синфдалигидаёқ намоёнлай бошлаганди. Юқори синфларда эса она орзуси бола орзусига айланди. Тошкент­даги Ўрта Осиё педиатрия-тиббиёт институти талабалари сафига қўшилди. Болалар инфекцонисти сифатида 1987 йили вилоят юқумли касалликлар шифохонасига интернатурани ўташга юборилди.

- Дўхтирлик қутлуғ бўлсин, мулла Жакбарали! - деди Акбарали ака фарзандига оқ фотиҳа бераётиб. - Беморларинг­га ҳамиша яхши сўзингни аяма, каттасига ҳурмат, кичигига иззат кўрсатиб, сира алдамагин, тўғри бўлгин!

Омадни қарангки, у иш бошлаган муассасасада яхши устозлар жамланишган экан. Бош врач Абдулҳоди Қаюмовнинг катта ишончи, саралаш бўлими мудири Умархон Абдуҳалиловнинг талабчанлиги, интернатура раҳбари Собиржон Абдуллаевнинг беминнат маслаҳату кўмаклари туфайли ёш кадрнинг кўнгли шифохонага тезда боғланиб қолди. Ўзга жойга кетишни хаёлига ҳам келтирмади.

Ординатор врач беш йилдаёқ вирусли гепатит бўлими мудирлиги даражасига кўтарилди.1997 йилдан эса бош врач лавозимида фаолият юритди. Унинг бутун фикру ўйи вилоятда юқумли касалликлар тарқалишини камайтириш, дардга чалинганларни асоратсиз даволашга қаратилди. Бунинг учун аввало ўз жамоаси ва ўз шифоҳонасида намунали тартиб барқарорлигини кеча-кундуз сақлаш ҳаракатида бўлди. Биз буни ёзда борганимизда муассаса ҳовлисига қадам қўйганимиздаёқ пайқагандик. Негаки, ҳаммаёқ покиза. Биноларнинг олдидаги, ўртасидаги ва ёнидаги мўъжаз майдончаларда турфа атиргуллар чаман очилиб, ҳавони ҳушбўйлантириб турарди. Бир йиллик чиннигулу питунияларни айтмайсизми, беҳад ранго-ранг. Энг эътибор тортари уларнинг орасида бирорта бегона ўт кўзга ташланмайди. Юксак дид билан экилган, юксак дид билан парваришланяпти. Қараганинг сайин баҳри дилинг очилаверади. Кейин билсак, бу фақат бугунги ҳолату бугунги манзара эмас экан. Шифохона ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлашитиришни бош врач азалдан муҳим ва долзарб вазифа ҳисобларкан. 2006 йил Республика санитарияя-эпидимиология назорати маркази ҳамда халқаро "Экосан" ташкилоти уюштирган танловда фаол иштирок этиб, "Санитар-гигеник ва экологик маданияти юқори шифохона" мезони бўйича ғолибликка бежиз эришмаган. Худди шу йили вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан "Йилнинг энг яхши шифохонаси" дея эътироф этилиб, махсус диплом билан тақдирланган.

2012-2013 йилларда муссасаса мукаммал таъмирланди ва реконструкция қилинди, моддий техника базаси янада бойитилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳамда хитой гранти асосида қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар келтирилди. 2014 йили Осиё Тараққиёт банки кўмагида диагностика ва даволаш жиҳозлари олишнинг 2015-2018 йиллар давлат дастурига киритилган. Жамоанинг ҳам, бош врачнинг ҳам ғамхўрликларига жавобан масъулияти янада ошган. Талабларга муносиб бўлиш учун малакаларни йилдан йилга мукаммалаштириш ҳаракати фаоллашган. Жакбарали аканинг ўзи икки бор курсларда ўқиб, "Юқумли касалликлар" ва "Жамият саломатлиги ҳамда соғлиқни сақлашни ташкил қилиш" мутахассисликлари бўйича олий тоифа олган.

Шунингдек, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари-ю " Ташаккурнома"лари билан тақдирланган Жакбарали Қурбонов бошқарманинг штатсиз бош инфекционисти вазифасини ҳам қўшиб адо этарди. У шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмалари, юқумли касалликлар шифохоналари бўлимлари фаолиятини даврнинг юксак талаблари даражасига кўтаришни доимий диққат марказида тутиб келди.

Таниқли врач, уддабурон раҳбар, нумунали оила соҳиби ҳамдир. Турмуш ўртоғи, муаллима Ёқутхон Юсупова билан уч ўғилни вояга етказишган. Тўнғичи Жавлон олий маълумотли банк ходими. Ўртанчаси Жавоҳир тадбиркор, кенжаси Жасур Россия халқлар дўстлиги университетининг тиббиёт институти учинчи босқич талабаси. Ота касбини эгаллаш иштиёқида билим олмоқда. Она орзусини ушалтирган, ота насиҳатларига амал қилиб яшаётган Жакбарали аканинг толеи ана шундай мудом баланд. Мартабаси эса улуғ. Ахир халққа ҳалол ва фаол хизмат қилаётганлар бундан бош­қача бўлиши мумкин ҳам эмас-да...

Содиқ САЙҲУН.