Наманган шаҳридаги 13-оилавий поликлиникада бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш борасида ўтказилаётган кўргазмали семинарлар самарасига бағишланган йиғилиш ташкилланди.

Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров бошқарди. Поликлиникадаги ишлар танқидий таҳлил қилинди. Жумладан, бемор учун юриталаётган оилавий тиббий карталарда ноаниқликлар мавжудлиги, шифокорлар фаоллиги етарли даражада эмаслиги таъкидлаб ўтилди. Энг ачинарлиси, поликлиника рўйхатхонасидан ўтказилмай беморлар шифокор қабулига киритилганлиги аниқланган. Шифокорлар ва патронаж ҳамширалари масъулиятни етарли ҳис этишмаяпти. Бу ҳақда ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова аниқ мисоллар, далил, рақамлар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.

Тадбирда муассаса раҳбари Зокиржон Рустамовдан йўл қўйилган камчиликларни изоҳлаш талаб этилди. Бош ҳамшира, рўйхатхона ходими ва касаллик варақасини тўлдиришда эътиборсизлик қилган шифокорга нисбатан тегишли чора кўриш тавсия этилди.

Рўйхатхонада ёки бўлимларда тажрибали ходимлар ишлаши кераклиги, ёшларни эса малакали шифокорларга бириктириб "Устоз-шогирд" анъанасини давом эттириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир сўнггида ШТБ га қарашли барча оилавий поликлиника мудирлари, бош ҳамшираларга аниқ топшириқлар берилди.