Ҳаёт бир қарашда тинч ва хатарсиз ўтаётгандек кўринади-ю, лекин кутилмаган фавқулодда ҳодисаларнинг рўй бериш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунинг учун фуқаролар муҳофазаси масаласи ҳамиша жиддий эътибор талаб қилаверади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаро муҳофазаси тўғрисида"ги, "Аҳоли ва ҳудудни табиий ҳамда техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунлари ҳам қабул қилинган.

Биз юқоридаги қонунлардан ҳамда бошқа ҳуқуқий-дастурий ҳужжатлардан келиб чиқиб, фаолиятимизни тобора такомиллаштириб боряпмиз. 2017 йил давомида вилоятимизда аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича асосий тадбирлар режаси изчил бажарилишига эришдик. Жумладан, "Бошқарув органлари, ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракати" мавзусидаги ўқув - машқлари март, июль ва ноябрь ойларида уюштирилди. Улар Уйчи, Чортоқ, Тўрақўрғон, Чуст, Учқўрғон туманларида амалга оширилди. Буларда тиббий хизмат ходимларининг фавқулодда шароитларда тўғри ҳаракатланиш, қидирув-қутқарувни бошқариш ва олиб бориш бўйича назарий билимлари синаб кўрилди, амалий кўникмалар ҳосил қилинди.

Айни вақтда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан биргаликда вилоят даволаш-профилактика муассасалари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида умухалқ байрамларини кўнгилли ва муносиб ҳолатда нишонлаш, жамоалар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳодисалар рўй берганида ҳушёр ва сергаклик билан муҳофаза чораларини кўриш борасида муассасаларнинг раҳбарларига, мутахассисларига амалий, услубий ёрдамлар бериб борилди.

Вилоятда сел-тошқин оқимлари, қор кўчкиси ва ўпирилиш ҳодисалари туфайли юзага келиши мумкин бўлган талофатларни камайтириш, уларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, олиб борилаётган муҳофаза ишларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, шикастланган аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга шифокорларни шайлаб келяпмиз. Табиий офат рўй берган ҳудудларга бориб хизмат кўрсатиш учун Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида 2 та, туманлар тиббиёт бирлашмаларида 3 тадан жами 32 та тайёр ҳолатдаги тиббий пунктлар ташкилланган.

Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш учун РШТЁИМ Наманган филиалида 5 та, барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари марказий шифохоналарида 3 тадан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бригадаларининг доимо тайёр туришига эътибор кучайтирилган. Фавқулодда вазиятлар пайтида жароҳатланганлар учун травматологик, жарроҳлик, терапевтик ва юқумли касалликлар бўлимларида қўшимча заҳира ўрин-жой ажратилиши, уларга етарли миқдорда қон, қон ўрнини босувчи суюқликлар ва ҳаётий зарур дори-дармонлар заҳирасининг яратилиши шахсан муассаса раҳбарларига юклатилган.

Фавқулодда вазиятлар содир бўлганда бошқарманинг тезкор штаби кўрсатмаси билан вақтинчалик ва доимий яшаш жойларига кўчирилган аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва бу жойларда санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш йўлга қўйилган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган машқлар вилоят иқтисодиёт объектларида бўлиб ўтган бўлса, бошқарманинг йиллик режасига асосан бошқарма тизимидаги ҳар бир тиббий муассасаларда ҳам алоҳида махсус-тактик ўқув машқлари ва текширувлар ўтказилди.

Карантин, ўта хавфли ва бошқа касалликларни вилоятимиз ҳудудига кириб келиши ва кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, тиббиёт ходимларини бу борадаги билимлари ва тайёргарлик даражаларини ошириш мақсадида мутасадди ходимлар иштирокида вақти-вақти билан семинарлар қилинди.

Эпидемик ва эпизоотик вазият кескинлашганда тегишли хизматлар ва тузилмалар куч-воситаларини тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш, муҳофаза ки­йимлардан фойдаланиш тартибига риоя этиш, профессионал ва тез ҳаракатланувчи гуруҳлар шахсий таркибининг билимларини ошириш, уларда амалий кўникмалар ҳосил қилиш ва ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва ахборот алмашинувига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари вилоятимизда куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ҳар-ҳил юқумли касалликларнинг, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш масаласи ҳам ҳамиша диққат марказимизда турибди.

Орифжон ЖЎРАБОЕВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг

ТХФМ бош мутахассиси.